Линклар

Шошилинч хабар
16 май 2024, Тошкент вақти: 09:02

Ўзбекистондан ўғирланган санъат асарларининг баъзиларини қайтариш бошланди


Фарғона музейидан ўғирланиб Лондонга олиб кетилган асар
Фарғона музейидан ўғирланиб Лондонга олиб кетилган асар

Ўзбeкистон Маданият вазирлиги жорий ҳафтада 1991 йилдан то шу кунга қадар мамлакат музейларидан ўғирлаб кетилган тасвирий санъат асарлари ва меъморий обидалар парчаларини мамлакатга қайтариш жараëнини бошлади.

Вазирлик матбуот хизмати раҳбарининг 3 март куни Озодликка айтишича¸ “санъат асарларини қайтариш борасидаги халқаро механизмлар ва тузилмалар асосида вазирлик Ўзбекистондан ўғирлаб кетилган санъат асарлари реституциясини бошлаган”

Мулозимга кўра¸ асарларни қайтариш энг аввало Фарғона вилоят Ўлкашунослик музейидан ўғирланиб Лондондаги ким ошди савдосига қўйилган рассом Волков асаридан бошланади:

- Фарғона Ўлкашунослик музейидан ўғирланиб, Лондондаги МакДугаллс аукционига қўйилган, Александр Волков 1932 йилда яратган “Жўхоризор шовқини” асари юзасидан жорий йилнинг февраль ойи охирида прокуратура жиноят иши очди ва тергов ишлари шу кунда давом этмоқда.

Озодлик бу асар ўғирлангани ҳақида жорий йилнинг 18 февраль куни ëзган эди.

"Туркистон авангарди" услубидаги асарлар ўғриларга нишон бўлмоқда
"Туркистон авангарди" услубидаги асарлар ўғриларга нишон бўлмоқда

Маданият вазири Озодбек Назарбеков Канададаги Alerte Héritage ташкилоти раҳбари, тарих ва меъморлик фанлари доктори Борис Чуховичга 1 март куни ëзган расмий мактубида ҳам асарларни халқаро қоидалар асосида қайтариш жараëни бошланиши ҳақида ваъда берган эди.

Вазирлик мулозими бу хат нусхасини Озодликка тақдим қилди.

Сўзана ҳам қайтарилади

Музейдан ўмарилган сўзана
Музейдан ўмарилган сўзана

Маданият вазирлиги вакилининг Озодликка билдиришича, Ўзбекистон давлат музейидан ўғирланиб АҚШда савдога қўйилган XIX-XX асрларга тегишли сўзанани ҳам қайтариш жараëни бошланган.

Бу сўзана алмаштириб қўйилгани ҳақида Озодлик 21 февраль куни мақола эълон қилган эди.

Ўғирланган санъат асарларни қайтариш бўйича Маданият вазирлиги илк бора ташаббус билан чиқмоқда.

Халқаро музейлар кенгаши ICOM (International Council of Museums) кодексига кўра¸ музейлардан ўғирланган ëки шубҳали тарзда музейни тарк этган экспонатларни бошқа музейлар сотиб олиши мумкин эмас ва экспонат ўзининг бирламчи жойига қайтарилиши керак.

Қайтариш осон эмас

Швейцариядаги Alerte Héritage ташкилоти Бош котиби¸ санъатшунослик фанлари доктори¸ профессор Светлана Горшенинанинг Озодликка айтишича¸ “асарнинг қайтарилиши анча мураккаб жараëндир”:

- Аввало жабрланувчи тараф бўлиши керак. Бу ҳолатда маданият вазирлиги тамсил қилган Ўзбекистон давлати жабрланувчи ҳисобланади. Мабодо асар Лондондаги аукционда савдога қўйилган бўлса, бу шаҳардаги криминал полицияга расман шикоят ëзилади. Жабрланувчи ўз шикоятига исбот ва далилларни илова қилиши ишни осонлаштиради. Дунëдаги санъат олди-сотдисининг асосий қисми амалга ошадиган Лондонда шаҳар полициясининг (Metropolitan Police Service) осори -атиқа билан боғлиқ жиноятларни тафтиш қиладиган бўлими бор. Бу бўлим терговчилари жиноятни мавжудлигини исботласа иш судга ошади. Суд қарори билан асар Ўзбекистонга қайтарилиши мумкин.

Светлана Горшенина билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:44 0:00
Бевосита линк


Қайтарилган кошин изидан

Тошкентлик санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ 1991 йилдан бери ўғирланган асарлардан фақат биттаси қайтарилган:

- 2017 йилнинг августида Бухоронинг Вобкент туманидаги «Чашмаи Айюб» мақбараси пештоқидан ўғирлаб кетилган ноёб кошин британиялик олим ҳаракатлари билан ўз жойига қайтарилган эди. Мақбарани таъмирлаган усталар тарафидан ўғирлангани судда тасдиғини топган бу кошин Лондондаги антиквар галереяда пайдо бўлганида Оксфорд университетининг профессори Жеймс Аллан назарига тушди. Аллан кошиннинг Бухородаги “Чашмаий Айюб” мақбарасидан ўғирланганини исбот қилиб, асарни Ўзбекистонга қайтариш ишларини ўз маблағи ҳисобидан амалга оширгани эътиборга молик”.

Турдиев Бухородаги кошин ўғрилари устидан 2017 йили ўтказилган судда эксперт сифатида қатнашганини айтди.

Унинг суд материалларига таяниб айтишича, кошинни ўғирлаган усталар “Чашмаи Айюб” мақбарасини таъмир қилишга Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасидан изн олган.

Фақат бу “таъмирчилар” кошинларнинг Қуръон суралари ëзилган қисмини ўғирлаган. Ярим метр катталикдаги кошин парчаси Ўзбекистон ҳаво йўлларига тегишли учоқ борт кузатувчиси тарафидан олдин Туркияга, кейин эса Германия орқали Лондонга етказилган. Суд кошин парчасини ўмарган 4 кишини айбли деб топиб озодликдан махрум қилган эди” дея эслайди санъатшунос Турдиев.

Музейни ходимлардан ҳимоя қилиш керак

Турдиевга кўра¸ меъморий обидаларга оид парчалар кўп ҳолатда обидани таъмирлаган “усталар” тарафидан амалга оширилади:

- Хивадаги “Нуриллабой” саройини таъмирлаш чоғида осори атиқаларни ўмарган ўнга яқин уста устидан 2016-17 йилларда учта суд мажлиси бўлган эди. Усталар сарой ичидаги қадимий кошинли камин¸ қадимий паркет ва энг муҳими Нурмат уста¸ Рўзмат ва Бобожон усталар ясаган қадимий эшикни ўғирлаган. Айбдор эшикни ўғирлаганини бўйнига олди, аммо эшик сотилиб кетгани боис изини топишнинг иложи бўлмади. Суд сарой эшигини 229 миллион сўм деб белгилади ва айбдор бу пулни давлатга тўлади.

Санъатшуноснинг айтишича, Ўзбекистонда музейлардан картина ўғирлаш ҳам асосан шу музей ходимлари тарафидан амалга оширилади:

- Масалан, шу кунда Маданият вазирлиги АҚШдан қайтармоқчи бўлган сўзанани Ўзбекистон Давлат санъат музейи бош мухофизи ўмариб Т.Т исмли собиқ дипломатга (тўла исми Озодлкикда мавжуд-таҳр) сотган. Бош мухофиз Мирфайз Усмонов музейдан асар ўғирлашда айбланиб қамалиб кетди. Лекин асар ҳам жойига қайтмади. Инвентаризация пайтида тарихий экспонат сохтасига алмаштирилгани аниқланган. Бу ҳақдаги 4-сонли далолатнома нусхасини кўрганман. Гапнинг қисқаси музейларни музей ходимларидан ҳимоя қилиш керак.

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 августдаги 678-I-сонли “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида” ги қонунининг 8-моддасида “Эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар ҳамда давлат томонидан муҳофаза рўйхатлари ва реестрига киритилган маданий бойликлар Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши мумкин эмас”, деб кўрсатилган.

P.S.

Мақола ëзилаëтган пайтда Шотландиядаги хусусий коллекционер тарафидан Самарқанддаги темурийлар даврига оид дея тақдим қилинган зангори кошинлар савдога қўйилди.

Шунигдек, Сурхондарëнинг “Далварзинтепа” ëдгорлигига оид терракот ҳайкал Интернетда савдога қўйилгани ҳақида “Маданий мерос” бошқармасининг Сирдарë вилоят бўлими раҳбари Сундар Қорабоев Озодликка маълум қилди.

Озодлик Ўзбекистондаги осори-атиқалар талон-торожи борасида ўз суриштирувини давом эттиради.

XS
SM
MD
LG