Линклар

Шошилинч хабар
15 май 2024, Тошкент вақти: 19:41

Қирғизистон ва Тожикистон оташкесим тўғрисида “принципиал келишув”га эришди


Қирғизистон президенти Садир Жапаров чегарадаги низода яраланганлар ҳолидан хабар олди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров чегарадаги низода яраланганлар ҳолидан хабар олди.

Қирғизистон ва Тожикистон 1 майда ўқ отишни тўла тўхтатиш ва ҳарбийларни чегара ҳудудидан олиб чиқиб кетиш тўғрисида 4 банддан иборат “принципиал келишув”га эришгани маълум қилинди. Мазкур келишув асосида ҳар икки ҳукумат вакилларидан иборат бўлган ишчи гуруҳлар 2 майдан бошлаб ҳарбийларнинг чегарадан олиб чиқиб кетилишини назорат қилиб боради.

30 апрель куни ҳам Қирғизистон ва Тожикистон “чегараолди ҳудуддан барча кучлар ва ҳарбий техникани олиб чиқиб кетиш, йўлларни очиш ва тинч аҳолининг эркин ҳаракатланиши учун шароит яратиш”га келишган эди. Бироқ бу келишим бажарилмай, 30 апрель ва 1 май кунлари ҳам зиддият давом этган.

28, 29, 30 апрель ва 1 май кунлари давом этган чегара низосида Қирғизистон томонидан расман 34 киши ҳалок бўлгани, 163 киши жароҳатлангани, 20 мингдан ортиқ одам уй-жойини ташлаб қочишга мажбур бўлгани маълум қилинди. Ҳалок бўлганлардан бири 13 ёшли қизалоқдир.

Низо оқибатида Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен ва Лайлак туманларидаги ўнлаб қишлоқлар зарар кўрди, ўнлаб уйлар ва тадбиркорлик объектлари ёниб кетди.

Озодлик радиоси тожик хизмати эса ўз манбаларига таянган ҳолда Тожикистон томонида камида 15 киши ҳалок бўлгани, 90 киши яраланганини билдирди. Тожикистон ҳукумати ҳозирча ҳалок бўлганлар ва тортилган зарар тўғрисида маълумот бермаяпти.

Қирғизистонда 1-2 май Миллий мотам куни деб эълон қилинди.

Оташкесим тўғрисидаги иккинчи келишув

Бишкек ва Душанбе 1 майда ўқ отишни тўла тўхтатиш ва ҳарбийларни чегара ҳудудидан олиб чиқиб кетиш тўғрисида 4 банддан иборат “принципиал келишув”га эришгани тўғрисида Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ва Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимов Боткенда ўтган учрашувдан сўнг маълум қилдилар.

“Чегара ҳудудида бўлган фожиа ҳеч қачон такрорланмаслиги керак. Бу ҳудудда халқларимиз азалдан тинч-тотув яшаб келган. Биз сиёсатчилар икки халқ тинч-тотув яшаши учун барча муаммоларни бартараф этишимиз лозим. Бугун қирғиз-тожик заминида тинчликни ва барқарорликни ўрнатиш учун принципиал келишувга эришдик”,-деди Саймўмин Ятимов.

Қамчибек Ташиев эса эришилган келишув тўрт банддан иборат эканини таъкидлади:

“Бугун чегарани делимитация ва демаркациялаш бўйича ҳукумат комиссияси таркибида учрашиб, икки давлат манфаатларига зид келмайдиган 4 банддан иборат протоколни қабул қилдик. Юзага келган вазиятда учрашиш жуда оғир бўлди, бироқ давлат раҳбарлари топшириғига асосан биз бу тадбирни ўтказдик. Натижада ўқ отишни тўла тўхтатиш ва аскарларни аввалги ўрнига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилдик. Бугундан бошлаб бизнинг ва қўшниларимизнинг ҳаракатлари натижасида тўлиқ тинчлик ўрнатилишига ишонаман. Протоколда белгиланган мажбуриятлар бажарилишига умид қиламиз”.

Учрашувдан сўнг, 1 май куни Тожикистон ҳарбийлари тўсиб қўйган Ўш-Боткен-Исфана автойўли қайта очилди. Келишув ортидан 1 май куни тушдан кейин ўқ овозлари ҳам эшитилмай қолгани айтилмоқда.

Қирғиз-тожик чегарасидаги зиддият: Икки томон ўт очишни тўхтатишга келишди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:04 0:00

Имзоланган протоколда томонларнинг мажбуриятлари

Ташиев ҳам, Ятимов ҳам протокол бандлари тўғрисида батафсироқ маълумот бермади. Бироқ 1 май куни Тожикистон ва Қирғизистон Мудофаа вазирликлари вакилларининг ҳам учрашуви бўлиб ўтгани, унда чегарадаги вазиятни назорат қилиш учун икки томонлама ишчи гуруҳи ташкил этишга келишилгани ва 4 банддан иборат протокол қабул қилингани расман билдирилди.

Протоколда қайд этилишича 1 майдан бошлаб:

1. Қирғизистон вақти билан соат 15:00дан (Тожикистон вақти билан соат 14:00дан) бошлаб ҳарбийлар қирғиз-тожик давлат чегарасининг барча участкаларида оташкесим режими кучга кириши тўғрисида огоҳлантирилади. Ҳарбийлар доимий дислокация ҳудудига олиб чиқиб кетилади.

2. Ҳарбийлар (қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника)ни доимий жойлашган ҳудудига олиб чиқиб кетилишини назорат қилиш учун ҳар икки томондан уч кишидан иборат ишчи комиссия ташкил этилади.

3. Олинган маълумотларни (ёлғон маълумотларни) текшириш учун ҳар икки томонда уч кишидан иборат текширув гуруҳи ташкил этилади, маълумот тасдиқланса, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникани олиб чиқиб кетиш жараёни назорат гуруҳи томонидан доимий димлокация манзилигача кузатиб борилади.

4. Қўшма ишчи гуруҳ фаолияти 2021 йилнинг 2 майидан Қирғизистон вақти билан соат 8:00да (Тожикистон вақти билан соат 7:00да) бошланади.

Тожикистон гаровга олинган қирғизистонликларни озод қилди

Айни пайтда Тожикистон чегарадаги низо ортидан гаровга олган 10 нафар қирғизистонликни 1 май куни ватанига қайтарди. Боткен вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг билдиришича, улар 29 апрель куни Лайлак тумани Интернационал қишлоғида гаровга олинган эди. Гаровга олинганлар орасида қишлоқ раиси Мирзабек Жумабаев ҳам бор.

“Гаровга олинганлар Боткен вилояти раҳбари Ўмурбек Суваналиев ва Сўғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода ўтказган музокаралар ортидан озод қилинди”,-дейилади хабарда.

2 май куни Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ализа Сўлтўнбекова гаровдан бўшатилганлар 1 май куни Лайлак туман шифохонасида тиббий кўрикдан ўтказилгани ва улардан 5 нафари касалхонага ётқизилганини маълум қилди. Вазир ўринбосарига кўра, касалхонага ётқизилганларнинг аҳволи барқарор.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўимитасининг Чегара хизмати 2 май соат 9:30 ҳолатига кўра, чегарада вазият барқарорлашгани ҳақида маълум қилди.

Расман билдирилишича, 2 майга ўтар кечаси ўқ отилмади. Шунингдек, чегара ҳудудидан ҳарбийлар, қурол ва ҳарбий техникани олиб чиқиб кетиш ишлари бошланди.

XS
SM
MD
LG