Линклар

logo-print

Ислом Каримов ўз махсус хизматларини айблади


Феруза 31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан Тошкентда ўтказилган хотира маросими чоғида мамлакат раҳбари Ислом Каримов мамлакат махсус хизматларини Андижон воқеаларини олдиндан кўра олмаганликда айблади.

“Андижон воқеаларини олдини олиш масаласида бизнинг айбимиз бор. Тегишли органларимиз уни кўра олмади. Агентураси ишламади ва ҳоказо. Агар шулар ишлаганида бундай воқеалар бўлмасди, шунча қурбонлар берилмасди”, - деди Ўзбекистон раҳбари журналистлар билан мулоқот чоғида.

Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан “Шаҳидлар хотираси” майдонида ош тортилди. Бу маросимда президент ўзининг аъёнлари билан бирга иштирок этди.

Маросимдан сўнг “Озодлик” мухбири “Шаҳидлар хотираси” майдонида бўлди. Бу ерда баъзи юмушларни бажараётган хизматчилардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Уларнинг айтишича, маросимга амалдорлардан бошқа ҳеч ким киритилмаган.

Бу вақтда майдон ўртасидан ўтган ариқдаги кўприк устида терилган тувакдаги гулларни хизматчилар машиналарга ортиш билан овора эди. Улар бу гуллар президент ва аъёнлари учун махсус олиб келингани, энди эса қайтариб олиб кетилаётганини билдирди.

Бир оздан кейин майдонга оддий аҳоли вакиллари ҳам зиёратга кела бошлади. Улардан баъзилари кўп йиллар олдин қатағонга учраганлар қаторида яқиндагина Андижон фожеаларига ҳалок бўлган бегуноҳ инсонларни ҳам ёдга олиш лозимлигини айтди.

“Андижонда шаҳид кетган бегуноҳ кишиларнинг яқинларига худо сабр берсин. Бир кун келиб ўша ерда ҳам хотира майдони бўлиши мумкин”, - деди суҳбатдош аёллардан бири.

Зиёли Бахтиёр Исабековнинг фикрича, Тошкентдаги хотира оши аслида Андижонда берилиши керак эди. Ҳукумат аъзоларию турли амалдорларга эмас, ўша ернинг халқига ош берилиши керак эди.

















XS
SM
MD
LG