Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:36

АҚШнинг Эронга нисбатан сиëсати


А. Аррал Президент Жорж Буш Эронга нисбатан ўз позициясини кучайтириб, Америка Қўшма Штатлари ва унинг иттифоқдошлари Эроннинг ядровий қуролланишига тоқат қилмаслигини баëн қилмоқда. Атом энергияси бўйича Халқаро агентлик Эрон бўйича қарор қабул қилишидан олдин нутқ сўзлаган жорж Буш жаҳон жамоатчилигини Эроннинг ядровий қуроллар ишлаб чиқаришига йўл қўймасликка чақирди.

"Агарда Эрон ядровий қуролга эга бўлса, у жуда хавфли бўлади. Биз ядровий қуроллар ишлаб чиқарилишига бардош беролмаймиз".

Президент Бушнинг Эронга оид мулоҳазаларидан кўп ўтмай Теҳронда, Эрон Президенти Муҳаммад Хотамий унинг мамлакати ядровий қуролларни яратишга ҳаракат қилмаëтганини таъкидлади.

Таҳлилчиларга кўра, Бушнинг мулоҳазаси, ойлардан буëн номаълум бўлиб келаëтган АҚШнинг Эронга нисбатан сиëсатига нуқта қўйди.

Яқин Шарқ бўйича Америкалик мутахасис Кеннет Кацман АҚШнинг Эронга нисбатан сиëсати ҳақида радиомизга шундай деди:

"Буш маъмурияти президент илгари сурган Эронга нисбатан расмий позиция топиш устида иш олиб бормоқда".

Аммо, Буш ҳозирга қадар қандай қилиб Теҳронни ядровий қуроллар ишлаб чиқаришдан тўхтатиш стратегиясини таклиф қилганича йўқ.

Кўпчилик мутахассислар, АҚШ Эроннинг ядровий қуроллар объектларига қарши зарба бериш каби ҳарбий чора кўриш ҳуқуқини сақлаб қолади, деган фикрдалар.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик инспекторлари ҳамда Америка ва бошқа агентликлар ходимлари Эронда уранни бойитиш дастури борлигини аниқлашган. Инспекторларга кўра, ушбу дастурлардан ядровий қуроллар ишлаб чиқишда фойдаланиш мумкин.

Шунга қарамай Атом энергияси бўйича халқаро агентлик Эронни қораламади. Агентлик бошлиғи Муҳаммед Ел Барадей фақат Теҳрон халқаро инспекторларга Эронда иш олиб боришлари учун кенгроқ имкониятлар яратишни кўзда тутувчи қўшимча шартномани имзолаши кераклигини таъкидлади.

Эрон Президенти Хотамий мамлакати ядровий қуролларни назорат қилиш агентлиги инспекторларига текширув ўтказишга рухсат бериши мумкинлигини, аммо, жаҳон жамоатчилиги Эроннинг тинч мақсадларда ишлатиладиган ядровий технологиясини тан олиши кераклигини баëн қилди.

Маълумки, АҚШ Эронни "жаҳолат ўқи" деб эълон қилган давлатлар қаторига қўшган. АҚШнинг бундай қарашларига қўшилмай келаëтган Европа Иттифоқи эндиликда Эронга нисбатан кескинроқ йўл тутадиган бўлиб кўринмоқда. Бироқ, Европа Иттифоқининг позициясидаги ўзгаришлар нимани англатиши ҳозирча ноаниқ. Еуропа Иттифоқи вакиллари шу ҳафта бўлиб ўтган бир учрашувда Эронни огоҳлантириб, агарда Эрон савдо ишларини ривожлантиришни истаса, ядровий қуроллар инспекторларини қабул қилиши кераклигини таъкидлашди.
XS
SM
MD
LG