Линклар

Терроризм илдизлари нимада?


Фарангис Саид Ню-Йорк ва Вашингтондаги ҳужумлардан сўнг АҚШ ҳукумати террорчиликка қарши уруш эълон қилди. Бу уруш, Оқ Уй режасига кўра, нафақат алоҳида олинган террорчилар ва гуруҳлар, балки террорчилик илдизларига қарши олиб борилиши кўзда тутилган эди. Бунинг сабаблари ҳамма учун тушунарли эди: бир-икки террорчининг ҳибсга олиниши ёки ўлдирилиши узоқ муддатли муваффақиятни англатмасди. Чунки улар ўрнини янги террорчилар эгаллаши шубҳасиз. Шу боис курашни террорчилик учун замин яратаётган омилларга қаратишга келишилди.

Аксил-террор коалицияга қўшилган давлатлар ҳарбийлари ҳамда разведка хизматлари ўз фаолиятида маълум муваффақиятга эришаётганига қарамай, терроризм сабаблари хусусидаги фикрларда якдиллик йўқлиги бу муваффақият кўламини чекламоқда.

Прагада жойлашган Карл университетининг терроризм ва Яқин Шарқ бўйича мутахассиси Итка Малечкова 11 сентябр ҳодисалари олимлар орасида терроризм сабабларига бўлган қизиқишни оширганини айтиб, бироқ кўп ўтмай айрим мутахассислар бу мавзуни ўрганишга қаратилган уринишларини тўхтатганларини таъкидлайди:

- Менимча, терроризм сабаблари масаласида олимлар орасида якдиллик йўқ. Мен яқинда Ослодаги йирик конференцияда қатнашдим. Унинг мавзуи “Терроризм илдизлари”, деб белгиланган эди. Конференция давомида мавзу ўзгарди, чунки иштирокчилар терроризм илдизлари ҳақида гапириш мумкин эмас, деган фикрга келдилар.

Террорчилик илдизларини ўрганишга ҳаракат қилган кўпгина мутахассислар фикрича, илдизлар, яъни феномен сабабларини, биринчи навбатда, иқтисодий тенгсизлик, бой ва камбағал мамлакатлар орасидаги тафовутнинг тобора ошаётганида қидириш лозим. Бироқ чехиялик эксперт Итка Малечкова ва унинг Принстон университетидаги ҳамкасби, иқтисодчи Алан Крюгер террорчилик сабабларини фақат иқтисодий тенгсизликда кўрмаслик керак деган фикрда. Икки мутахассиснинг Яқин Шарққа оид тадқиқотлари даромад даражаси, муайян иқтисодий табақага мансублик ҳамда терроризм орасида боғлиқлик деярли йўқлигини кўрсатган.

- Террорчилик қашшоқлик билан узвий боғлиқ, деган умумий фикр мавжуд. Бу фикрни сиёсатчилар, журналистлар ва олимлар билдирадилар. Аммо аслида унинг асосида жиддий тадқиқотлар йўқ. Бу фикрни тасдиқлайдиган тадқиқотлар деярли ўтказилмаган.

Шундай дер экан, Малечкова террорчилик негизини кўпроқ сиёсий омиллар ташкил этади, деб фикр билдиради:

- Менимча, илдизлар, сабабларни ўрганишга қаратилган тадқиқотларни давом эттириш керак. Мен ҳамкасбларим билан биргаликда терроризм сабаблари иқтисодий эмас, балки сиёсий, деб ҳисоблаймиз. Аксарият ҳолларда сиёсий умидсизлик ва оғир сиёсий аҳвол асосий рол ўйнайди.

АҚШ президенти Жорж Буш ҳам терроризм сабаблари фақат қашшоқликда, деган фикрга қўшилмаслигини билдирган. Ўтган йили Озод Европа-Озодлик радиосига берган эксклюзив интервьюсида Жорж Буш мана бундай деган эди:

- Қашшоқлик қотилларни пайдо қилмайди. Буни яхши тушуниш лозим. Глобал террорчиларнинг баъзилари молиявий жиҳатдан жуда бадавлатдир. Аммо руҳан улар қашшоқдир.

Дарҳақиқат, 2001 йил 11 сентябр куни Жаҳон савдо маркази ва Пентагон биноларига учқичларни бориб урганлар Саудия Арабистони ва Яқин Шарқнинг бошқа мамлакатлари ўрта табақаси вакиллари бўлган.

АҚШнинг Жорж Вашингтон университетидаги Яқин Шарқ бўйича мутахассис, тарихчи-профессор Дина Кури буни изоҳлашга ҳаракат қилар экан, мусулмон жамиятларда сўнгги йилларда ҳукуматнинг ижтимоий ва маданий соҳадаги роли пасайгани оқибатида экстремист исломий гуруҳлар фаоллашганини таъкидлайди:

- Мазкур ҳукуматлар ижтимоий хизмат, таълим соҳаларига ажратилаётган ёрдамни тобора камайтирмоқда. Натижада ҳукумат ўрнини исломий ташкилотлар эгаллаб, ёшларни ўз йўлида тарбиялаётир. Бу йўл демократик қадриятларга қарши чиқиш ёки АҚШ ва Ғарбни душман сифатида қабул қилиш руҳида тарбиялашдан иборатдир.

Бу фикр асосли кўринса-да, терроризм сабабларини тўла тушунтириб бермайди. Ижтимоий психологлар ва дин бўйича экспертлар эса террорчилик заминида нафрат ва ўз қадр-қимматини билмаслик каби омиллар бор, деган фикрни илгари сурмоқдалар. Аммо сиёсатчилар, терроризм манбалари, сабаблари, илдизларига аниқ тушунтириш берилмаётган вазиятда, унга қарши самарали стратегия ишлаб чиқиш ниҳоятда мураккаб масала эканини эътироф этишаётир.

Айни вақтда АҚШнинг Пю тадқиқотлар маркази ўтказган сўров натижалари мусулмон жамиятларда АҚШга нисбатан салбий муносабат тобора кучаяётганини кўрсатган.
XS
SM
MD
LG