Линклар

Украинада сайловлар: ислоҳотларми ёки барқарорлик?


Фарангис Саид

Якшанба кунги сайловлар коррупция ва порахўрликда айбланаётган Украина ҳукумати учун жиддий синов бўлди. 450 ўринлик Верховна Радага 7 минг нафар номзод даъво қилди. Кузатувчиларнинг фикрига кўра, янги парламентга кўпчилик овоз билан собиқ банкир Виктор Юшенко бошчилигидаги мухолиф партия сайланган. Кўплаб сўровларга кўра, рафиқаси америкалик бўлган, Ғарб мамлакатлари билан яхши алоқаларга эга Юшенко Украинанинг энг машҳур сиёсатчисидир. У бошқараётган “Бизнинг Украина” партияси коммунист партияси билан биргаликда биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллашга муваффақ бўлганлар. Украина президенти Леонид Кучма бошчилигидаги ”Бирлашган Украина учун” деб номланган партия эса учинчи ўрин эгасидир.

Овозини ўзи бошқараётган ”Бирлашган Украина” блокига берганини маълум қилар экан, Леонид Кучма “Украина келажаги ушбу сайловларга боғлиқ”, деб айтди.

Жуда қизғин бўлган сайловолди кампанияси давомида икки номзод ўлдирилди, матбуот эркин эмаслиги, аксинча маълум сиёсий партиялар, гуруҳлар ва сиёсатчиларни қўллаб-қувватлаётганини намойиш қилди, овоз бериш жараёнида эса қонунбузарчилик ҳоллари кузатилиши ҳақдаги башоратлар қилинди.

Ғарбий Украинадаги Ивано-Франкиевск вилояти губернатори Микола Шкрибляк парламент депутатлигига Социал-демократик партиядан номзод эди. Жума куни унинг ҳаётига суиқасд қилинди. Ўқдан олинган яра натижасида у шанба тонгда оламдан ўтди. Бошқа номзод ҳам ўтган ойда Ивано-Франкиевскда отиб ўлдирилган эди. Журналистларнинг бу ҳодиса ҳақдаги саволларига жавоб берар экан, Президент Кучма шундай деди:
“Депутатлик мандати инсон ҳаётини олиб кетар экан, буни шарҳлаш қийин. Менинг шарҳим мана бундай бўлиши мумкин: қотилликни ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди.”

Номзодлар олдида турган асосий масала – президент Леонид Кучма тарафида бўлиб, бу билан ислоҳотларга қарши чиқиш, ёки ислоҳотчиларни қўллаб-қувватлаш ва бу билан президентга қарши бўлишдан иборат эди. Шу сабабдан, 31 мартги сайловлар 49 миллион аҳолига эга бўлган мамлакат учун жуда муҳимдир. Сайловлар натижалари эса Украина сиёсий саҳнасида катта ўзгаришлар рўй беришига олиб келиши шубҳасиз.

Марказий сайлов комиссияси раиси Михайло Рябецнинг маълум қилишича, овоз берувчиларнинг 65 фоизи сайловларда иштирок этган. Қарийб 1000 нафар мустақил кузатувчи сайлов жараёнида қонун бузилмагани, муҳим бўлмаган нуқсонлар эса сайловлар натижаларига таъсир қилмаслигини таъкидламоқда.

“Бизнинг Украина” блоки етакчиси Виктор Юшенко эса бу фикрга қўшилмади. “Баъзи вилоятларда қонунбузарчиликлар шунчалик жиддий бўлган-ки, биз сайловлар натижаларини тўғри дея олмаймиз. Сайловлар давомида қонун ўн минглаб марта бузилди. Шу сабабдан биз қонунбузарчиликка қарши қадамлар ташланмасидан олдин бир мунча вақт кутишга мажбурмиз”, - деб таъкидлайди сиёсатчи.

Жорж Соросга қарашли Халқаро Ренессанс жамғармасининг сайловларни кузатиб борган монитор қўмитаси маълум қилишича, сайловлар президентга қарши овоз берган украиналиклар сони башорат қилинганидан кўпроқ эканини намойиш қилган.

Сўнгги саккиз йил давомида Кучма ҳукумати иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга қаршилик кўрсатиб, коррупция ва порахўрлик ботқоғига ботди. Натижада мамлакатга ётқазилаётган хорижий сармоялар ҳажми кескин пасайиб кетди. Миллий бойликларга Кучманинг ўзи ва унинг бир неча маслакдоши эгалик қилишмоқда.

2002 йилда журналист Георгий Гонгадзенинг ўлими Кучманинг обрўсига катта путур етказди. Кўплаб сиёсатчилар ва оддий одамлар қотилликда Президент қўли борлигини таъкидлаб, норозилик намойишлари уюштирдилар. Шунга қарамай, украиналиклар орасида Кучмани барқарорлик кафили деб ҳисоблайдиганлар ҳам йўқ эмас.

Умуман олганда, сайловлар натижалари Украиналиклар орасида тафовут борлигини кўрсатди. Ғарьий Украинадаги сайловчилар мамлакат келажагини Ғарб мамлакатлари билан боғлаётган бўлсалар, этник руслар ҳамда Шарқий Укранинанинг рус тилида гапирадиган аҳолиси Киев Москва билан алоқаларни чуқурлаштириши керак деган ғоя тарафдорларидирлар. Леонид Кучма эса Украина ва Россия ўртасидаги алоқалар доимо яхши бўлгани, улар тенг ҳуқуқли стратегик ҳамкорлик бўлиши лозимлигини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга Кучма АҚШ ҳам Украинанинг стратегик ҳамкори эканини баён қилди.

Украинада 31 март куни бўлиб ўтган сайловлар натижалари қандай бўлишини вақт кўрсатади, лекин Президент Кучма парламент доимо нобарқарорлик маркази бўлиб келганини таъкидлар экан, “сиёсий кучлар мувозанати эскича қолишидан ҳудо сақласин. Бу бизнинг эмас, халқ танлови бўлди”, - деб айтди.

Кучма баёнотидан фарқли ўлароқ, Президент тарафдори, “Бирлашган Украина учун” деб номланган блок етакчиси Володимир Литвин эса очиқчасига мана бундай деди: “Менимча, янги парламент конфигурациясини Бирлашган Украина блоки белгилаб беради”.
XS
SM
MD
LG