Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 09:59

Бушга кўра АҚШнинг Яқин Шарқдаги иштироки тўлиқ бўлиши шарт эмас


АҚШ Президенти Жорж Буш танқидчилари Оқ уй маъмуриятининг Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш борасидаги қарашларида иккиланиш кузатилаётганини таъкидлашмоқда. Бироқ Бушга кўра, Американинг минтақадаги иштироки тўлиқ бўлиши шарт эмас. Бу хусусда радиомиз мухбири Эндрю Талли ҳозирлаган лавҳа мазмуни билан ҳамкасбимиз Хурмат Бобожон таништиради.

Америка Қўшма Штатлари Президенти Жорж Буш ва бошқа маъмурият расмийлари Оқ уйнинг Яқин Шарқда, Исроил ва Фаластин ўртасида тинчлик ўрнатилишига унчалик эътибор билан қарамаётгани борасидаги танқидларни инкор этди.

Якшанба куни Америка телевидениеси орқали чиқиш қилган АҚШнинг бир қатор кўзга кўринган сиёсатдонлари Яқин Шарқда Буш маъмурияти олиб бораётган сиёсатни танқид остига олиб, минтақада тинчлик ўрнатиш масаласига Вашингтон иккиланиб қараётганини таъкидлашди. Жумладан, сенатор Жозеф Либерман ўз чиқишида президент Бушни Яқин Шарқ масаласида дадилроқ бўлишга даъват қилди. Сенаторга кўра, давлат котиби Колин Пауэлни Яқин Шарққа юбориш орқали АҚШ минтақада тинчлик ўрнатиш борасида олган мажбуриятларини намоён қилиши керак. Ҳозирча эса, АҚШнинг Яқин Шарқдаги юқори мартабали вакили пенсия ёшидаги генерал Энтони Зинни бўлиб қолаётир, дейди Либерман.

Янада кучлироқ танқидий оҳангда гапирган Збигнев Бзежинский эса, Бушнинг Яқин Шарқ бўйича стратегияси мантиқан ҳато эканини урғулайди. Бир пайтлар, аниқроғи етмишинчи йиллар оҳирларида, АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Жимми Картернинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Бзежинскийга кўра, бундай икки ёқлама ёндашув муаммони янада чигаллаштириб юбориши мумкин. Масалан, бир томондан Қўшма Штатлар Исроил қўшинларининг Фаластин ҳудудларидан чиқарилиши борасидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши резолюциясини тўла қўллаб-қувватлаётган бўлса, иккинчи томондан Буш индамасдан, Исроил ўзини-ўзи террорчиликдан мудофаа қилиш ҳуқуқига эга эканини, Исроил армиясининг Фаластин ҳудудларида қолиши кераклигини айтмоқда, - дейди Бзежинский.

Душанба куни Пасха байрамини ўзининг Техасдаги Кравфорд ранчосида нишонлаган АҚШ Президенти Жорж Буш журналистлар олдида чиқиш қилиб, Яқин Шарқ масаласида танқидга ўрин йўқ экани, масалани телефон орқали бошқа давлат раҳбарлари билан муҳокама этганини айтди.

"Мен Кравфордда эрталабдан буён дунё еткчилари билан телефон орқали боғланиб, Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама этганимни улар билишмайди. Бир неча соат олдин Миллий хавфсизлик кенгаши мажлисида ҳам Яқин Шарқ масаласи кўриб чиқилди. Минтақада вакилимиз генерал Энтони Зинни миссиясини давом эттирмоқда, Теннет, Митчел планлари ишлаб чиқилган. Бир сўз билан айтадиган бўлсам, масалани тинч йўл билан ҳал қилишнинг муаян йўналишига эгамиз, - деб қайд этди Жорж Буш.

Вашингтон раҳбари бу ерда Марказий Разведка Бошқармаси директори Жорж Теннет, ҳамда АҚШнинг собиқ сенатори Жорж Митчелларнинг ўт очишни тўхтатиш ва минтақада тинчлик ўрнатиш бўйича ташаббусини назарда тутяпти. Бош вазир Ариэл Шарон етакчилигидаги Исроил ҳам, Ясир Арафат етакчилигидаги Фаластин мухторияти ҳам, Теннет ва Митчел тинчлик плани доирасида мажбурият олган эдилар. Бироқ, Бушга кўра минтақада тинчликнинг таъминланиши авваламбор Арафатга боғлиқ. Фаластин етакчиси террорчиликка барҳам беришга қодир бўлсада, у буни қилмаяпти, - дея сўзини давом эттирди Жорж Буш.

"Террорчилик бор экан минтақада тинчлик ҳеч қачон бўлмайди. Шундай экан барчамиз террорга қарши курашишимиз лозим. Арафат ҳақида сўраяпсиз. Мен Арафатдан тинимсиз террорчилик ҳужумларини амалга ошираётган гуруҳлар фаолиятига чек қўйишини, уларни жазолашини талаб қиламан" - деди Вашинтгтон раҳбари.

Бир томондан, Бушнинг бу гаплари Шароннинг куни кеча Тел -Авив ва Исроилнинг бошқа шаҳарларида содир этилган портлашлардан сўнг айтган баёнотларга ўхшаб кетада. Аммо айни пайтда, Оқ уй раҳбари Исроилни ҳам фаластинликларга нисбатан вазмин бўлишга чақирди.

Исроилнинг фаластинликларга нисбатан куч ишлатиш сиёсатини танқид қилиб келган Буш ўзининг душанба кунги чиқишида Шаронни айблашда фақат икки сўз билан чекланиб қўяқолди. Орадан бир соат ўтар ўтмас, Бушнинг Исроилга нисбатан юмшоқ танқиди Давлат департаменти мулозими Филип Рикер оғзида акс-садо топди. Рикернинг таъкидлашича, Исроил қўшинларининг Рамаллоҳга киритилгани, у ердаги Фаластин раҳбари қароргоҳига шикаст етказилгани Буш маъмуриятини жиддий ташвишга солмоқда. Шунга қарамай, дейди Рикер, зўравонликларнинг барҳам топиши борасидаги биринчи ҳал қилувчи қадам Арафат томонидан ташланиши керак. АҚШ давлат департаменти мулозимининг таъкидлашича, терорчилик ҳаракатлари, портлашлар фақат вазиятни ёмонлашиши учун хизмат қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG