Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:41

БМТ БОШ КОТИБИ КОФИ АННАН ХАВФСИЗЛИК КЕНГАШИНИНГ ЯҚИН ШАРҚ БЎЙИЧА РЕЗОЛЮЦИЯСИГА АМАЛ ҚИЛИШГА ЧАҚИРМОҚДА


Адолат Малик

БМТ Бош котиби Кофи Аннан сўнгги кунларда Яқин Шарқда зўравонликлар кўлами кенгайиб бораётгани ҳамда бу жараён минтақа бўйлаб тарқалиб кетиши мумкинлиги юзасидан жиддий хавотир билдирмоқда. Душанба куни БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан ёпиқ эшиклар ортида учрашув ўтказган Кофи Аннан бир томондан Исроил фуқароларига қарши содир этилаётган террор хужумлари, бошқа томондан эса, Исроилнинг Фаластинга қарашли ерларда харбий ҳаракатлар олиб бораётгани минтақавий хавфсизликка жиддий тахлика солувчи омиллар эканини таъкидлаб ўтди. Ушбу учрашув БМТ дипломатларининг ўтган дам олиш кунлари давомида тинимсиз ўтказган йиғилишларидан бири бўлди. Яқин Шарқдаги сўнгги бўхрондан чиқиш йўлларини жумадан шанбага ўтар кечаси муҳокама этган Хавфсизлик кенгаши шанба эрталаб ҳам Исроил ва ҳам фаластинликларни зудлик билан сулҳ ўрнатишга даъват этувчи резолюциясини эълон қилди. Айни пайтда БМТ Бош котиби дам олиш кунлари давомида, Яқин Шарқдаги мамлакатлар, Европа давлатлари раҳбарлари ҳамда АҚШ Президенти Жорж Буш билан кўп маротаба телефон орқали гаплашиб, юзага келган вазиятни муҳокама қилган. Душанба куни мухбирлар билан учрашган Аннан Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюция жорий вазиятда Исроил ва Фаластинликларни зўравонлик гирдобидан тортиб чиқаришнинг энг самарали воситаси эканини қайд этди. " Томонлар уруш мантиқига боғланиб қолган вазиятда, биз қўлимиздан келганича уларни тинчлик мантиқига қайтаришга харакат қилишимиз керак. Раҳбарлар, низога алоқадор томонлар тинч аҳоли масаласига эъ тибор бериб, хатто уруш пайтида ҳам тинч аҳоли хуқуқларини хурмат қилиш лозимлигини унутмасликлари керак, " - деди Аннан.
БМТ Бош котиби Хавфсизлик кенгашига аъзо давлатларни низога дахлдор томонларга резолюция шартларини бажариш масаласида босим кўрсатишга чақирмоқда. Ушбу хужжатда хар икки томоннинг АҚШ махсус вакили Энтони Зинни билан илгари эришилган келишувларни амалга ошириш масаласида ҳамкорлик қилиши зарурлиги таъкидланади. Аммо, БМТ Бош котиби Кофи Аннан фикрича,шу пайтга қадар, Исроил ва Фаластин ўртасидаги низони тугатиш борасидаги ҳаракатлар, асосан хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга қаратилган эди. "Ваҳоланки-, деди Аннан-, низо моҳиятини ташкил этувчи муаммолар ҳал этилмагунича, минтақадаги зўравонликларни тўҳтатиш ниҳоятда қийин бўлади". Унинг фикрича,минтақада чинакам тинчлик ўрнатиш учун, Исроилнинг Фаластин ерларидан қўшинларини олиб чиқиши, терроризм муаммолари ҳамда Фаластинликларнинг иқтисодий шароитини яхшилаш масалаларига жиддий эътибор бериш керак. "Ўтган 18 ой давомида биз фақатгина хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ масалаларга эътибор бериш билан чекландик. Хўш, биз нимага эриша олдик? Менимча, энди биз ўз хат- ҳаракатларимизни қайта кўриб чиқиб, муаммо негизини ташкил қилувчи бошқа омилларга хам эътибор беришимиз лозимъ,- деб таъкидлади Кофи Аннан.
Яқин Шарқдаги вазият кескинлашишда давом этар экан, БМТ Хавфсизлик кенгаши душанба куни яна мажлис ўтказиб, унинг якунида Исроил ва Фаластиннинг зудлик билан сулх тузишларини талаб қилувчи баёнот чиқарди. Кенгашнинг жорий раиси, Россиянинг БМТдаги элчиси Сергей Лавров Исроил ва Фаластиннинг халқаро ташкилотдаги расмий намояндалари билан учрашиб,кенгаш қабул қилган резолюцияларни бажаришга чақирган.
Исроил ва фаластинликлар ўртасидаги низони тугатиш учун халқаро ҳамжамият кўпроқ хисса қўшиши керак,деган фикрга урғу бераётган БМТ бош Котиби Аннан ўзаро адоват ва ишончсизлик хиссиётлари кучли бўлган мухитда, учинчи томон аралашуви зарурлигини таъкидламоқда. "Менимча,агар томонлар ўз ҳолига ташлаб қўйилса, муаммо хал этилмаслиги аниқ. Уларга учинчи томон ёрдами ҳамда воситачилиги керак,- "деди Аннан.Ўтган дам олиш кунлари БМТ бош котиби қатор мамлакатлар раҳбарлари билан суҳбатларида мана шу масалани хам ўртага қўйган.Фаластин маъмурияти расмийлари ва шахсан раис Арафат минтақада БМТ кучларини ўрнатишни сўраб келмоқда.Аммо Исроил фақат чекланган миқдордаги АҚШ кузатувчилари миссияси фаолиятига рози эканлигини билдирган. Бу масала бўйича Қўшма Штатлар позициясини билдирган мамлакатнинг БМТдаги элчиси Жон Негропонте Яқин Шарқдаги вазиятга учинчи томон аралашуви масаласини БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси орқали эмас, балки низога алоқадор томонлар ўртасидаги келишув ёрдамида хал этиш лозимлигини таъкидлади.
"Кузатувчилар фаолияти бу кейинчалик ҳал этилиши мумкин бўлган масаладир. Билишимча,генерал Зинни ва низога алоқадор томонлар бу масалани,бошқа масалалар доирасида мухокама этишган",- деб маълум қилди Негропонте.
БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишларида Исроилнинг Арафатнинг Рамаллоҳдаги бош қароргоҳи атрофида ўрнатган қамални олиб ташлаши кераклиги ҳақида ҳам гапирилмоқда. Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюция Исроилга нисбатан етарли даражада жиддий бўлмаганини баён қилган Сурия вакили Майкл Вехбе Арафат сиёсий фаолиятини яна давом эттира олиши учун,унинг резиденцияси атрофидаги қамални зудлик билан олиб ташлаш кераклигини баён қилди.
Айтиш лозимки,кўплаб мусулмон мамлакатлари ҳамда Европа иттифоқи ҳам Яқин Шарқдаги вазият кескинлашиб бораётгани юзасидан ўз хавотирларини билдиришмоқда. Европа иттифоқи расмийлари ҳозирги бўҳрондан чиқиш учун томонлар сулх ўрнатиши, Исроилнинг Рамаллоҳ ва фаластинликларга қарашли бошқа шахарлардан қўшинларини олиб чиқиши ҳамда ҳар икки томон зўравонлик ҳаракатларига чек қўйиши лозимлигини таъкидлашмоқда.
XS
SM
MD
LG