Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:37

ЎЗБЕКИСТОНДА КУТИЛАЁТГАН ДЕМОГРАФИК ПОРТЛАШ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИГА ТАЪСИР ҚИЛАДИМИ?


Ҳурмат Бобожонов

Ҳозирда Ўзбекистонда 25 миллион киши истиқомат қилаётгани айтилмоқда. Кузатувчилар фикрича, келгуси 50 йил давомида мазкур кўрсаткич икки баробарга ошиши мумкин. Ўзбекистонда кутилаётган демографик портлаш шундоқ ҳам иқтисодий қийинчиликлар туфайли деярли оқсоқ ҳолга тушиб қолган мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига салбий таъсир кўрсатиши табиий. Қолаверса, Совет Иттифоқи парчаланиши билан тиббиёт ходимлари оладиган маошлар миқдори кескин камайгани, кўплаб малакали мутахассисларнинг хорижга қараб интилаётгани Ўзбекистонда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатига путур етказмоқда. Мамлакат аҳолиси сонининг икки баробарга кўпайиши эса Тошкент учун анча қимматга тушадиган кўринади. Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон ҳукуматига соғлиқни сақлашнинг ҳозирги аҳволини ушлаб туриш учун мамлакат бюджетининг ярми керак бўлади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аҳолишунослик жамғармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси вакили Али Бузруковга кўра, Ўзбекистонда аҳоли сонининг яқин келажакда кескин ошиши шундоққина кўриниб турибди.
'Ўзбекистон аҳолисининг тахминан 40 фоизини 16 ёшдан кичик бўлган болалар ташкил қилади. Бу эса мамлакат аҳолисини янада яшартириб юбориши мумкин. Ёши 60дан ошганлар эса Ўзбекистонда жуда озчиликни ташкил қилади. Агар ўртача умр кўриш даражаси Ўзбекистонда хотин-қизлар учун 73.1, эркаклар учун эса 68.2 ёшни ташкил қилишини эътиборга олсак, яқин келажакда аҳолининг кескин кўпайиши табиий", -дейди БМТ вакили.

Ўзбекистонда аҳоли сонининг кескин ошаётгани соғлиқни сақлаш тизимига шикаст етказаётган ягона омил эмас. Гарчи давлат тиббиёт соҳасини совет давридаги каби субсидия билан таъминлашдан аста-секинлик билан воз кечаётган бўлсада, замонавий тиббий ускуналар ва дори-дармонларга эҳтиёж сақланиб қолаётир. Бу эса аҳоли орасида турли касалликлар тарқалишига, болалар ўлимининг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистонда болалар ўлими даражаси ривожланган давлатлардагига қараганда анча юқори. Агар Европа иттифоқи давлатларида ҳар минг болага беш ўлик бола тўғри келса, БМТ вакили Бузруковга кўра, Ўзбекистонда ҳар минг боланинг 72-73 таси нобуд бўлмоқда.
"Европа ва Шимолий Америка давлатларидагига қараганда Ўзбекистонда болалар орасида ўлим даражаси анча юқори. Олдини олиш мумкин бўлган хасталикларнинг тобора кенг тарқалиши туфайли гўдаклар ўпка, ичкетма каби касалликларидан нобуд бўлмоқда", – деб қайд этади Бузруков. Аҳоли сонининг кескин кўпайиб бориши аёл ва бола саломатлигини асраш учун қўшимча чоралар ва тиббий ёрдам ва эмлаш воситаларини кўпайтиришни талаб қилади. Соғлиқни сақлаш тизимини кузатиб борувчи Европа ташкилоти чиқарган маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг тиббиёт соҳасига ажратадиган маблағи мамлакат ялпи ички махсулотнинг 4.5 фоизини ташкил қилар экан. Шунга қарамай, Жаҳон банки чиқарган ҳисоботда айтилишича Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимидаги айрим кўрсаткичлар нисбатан ёмон эмас. Масалан, 1980 йилда касалхоналардаги койкалар сони ҳар минг кишига 11та бўлган бўлса, ҳозир мазкур рақам саккизтани ташкил қилади. Врачлар сони эса илгаригига қараганда ошган. Совет даврида Ўзбекистонда ҳар минг кишига 2.9 врач тўғри келган бўлса, ҳозир ушбу кўрсаткич 3.3ни ташкил қилади. Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасига маблағ асосан давлат бюджетидан ажратилади. Халқаро ва хорижий давлатлар томонидан кўрсатиладиган ёрдамлар эса унинг 2.5 фоизини ташкил этади. Ана шундай ташкилотлардан бири Америка Қўшма Штатларининг халқаро тараққиёт агентлигидир. Ташкилот Марказий Осиёда 1992 йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Ҳозирда АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги асосий эътиборни аҳоли энг зич бўлган Фарғона водийсига қаратмоқда. Ташкилот вакили Женифер Адамсга кўра, Ўзбекистонда репродуктив саломатликни яхшилаш мақсадида "Здрав Плюс" синов дастури ишлаб чиқилган. Дастур асосан Фарғона водийси учун мўлжалланган бўлиб, у водийдаги репродуктив саломатлик ва соғлиқни сақлаш борасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга йўналтирилган. "Здрав Плюс" лойиҳаси доирасида, шунингдек кам таъминланган аҳоли қатламлари учун сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш ҳам йўлга қўйилган. Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш эса, дастурнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.
Ўзбек томошабинлари, айниқса уй бекалари орасида Жанубий Америка "совун опералари"га қизиқиш ортиб борар экан, "Здрав Плюс" аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини ана шу йўл билан тарғиб қилишга ҳам уриниб кўрди. Яқинда Америка Қўшма Штатлари халқаро тараққиёт агентлиги кўмагида "Оддий ҳақиқат" деб номланган уч бўлимдан иборат сериал яратилди ва бу филм аёллар орасида кам қонлик касаллиги кенг тарқалган Фарғона водийси аҳолиси учун мўлжалланган.
Режиссер Рустам Ўрозаев ва продюсер Рашид Маликов томонидан суратга олинган мазкур филм Фарғона вилоятининг уч телестанцияси орқали олти ҳафта мобайнида намойиш этилди.
XS
SM
MD
LG