Линклар

Бушнинг Яқин Шарқ сиёсати террозимга қарши урушга таъсир кўрсатиши мумкин

  • Замира Шукур

Яқин Шарқдаги вазият тобора чигаллашган сайин, Буш маъмурияти устига минтақа портлаб кетишидан аввал нимадир қилиш лозимлиги борасида қўйилаётган босимлар ҳам ортмоқда.

Кузатувчилар фикрича, Яқин Шарқ сиёсатини реал вазиятга мосламаслик ва фақат бир томон - Исроилнигина қўллаш сиёсатини тўхтатиб, минг йиллик можарога сиёсий ечим топишга бел боғламаслик, АҚШ учун халқаро майдонда анча қимматга тушиши мумкин.

Исроилнинг терроризмга қарши кураш номи остида Фаластин ҳудудларида олиб бораётган босқин кампаниясига томошабин бўлиб туриш, АҚШ нинг халқаро майдондаги адолат ва тинчлик ҳимоячиси сифатини имиджи илдизига болта уриш билангина чекланмаслиги мумкин. Оқ уйнинг ҳозирги Яқин Шарқ сиёсати, Американинг халқаро майдонда э’лон қилган терроризмга қарши урушини хатар остида қолдириши муқаррар, - дейишмоқда аксарият шарҳловчилар.

Зотан, бу урушда АҚШ нимагадир эришаётган бўлса, бунга ўзининг Европа ва жаҳоннинг бошқа ҳудудларидаги иттифоқчиларига таянибгина эришмоқда. Аммо Бушнинг Яқин Шарқ ва умуман мусулмон давлатларига нисбатан тутаётган позицияси, бу иттифоқчилар орасида бўлиниш чиқармай қолмаяпти.

АҚШ, Исроил ҳукуматига таъсир кўрсатиш имконига эга, балки ягона давлат. Аммо ҳозирча Буш, Исроилнинг Фаластин ҳудудларидаги зўравонликлари қоралаш ўрнига, уларни ўз-ўзини мудофа қилиш усули дея атамоқда, бир ҳафтадан буён Исроил танклари қамалида қолган мухторият раиси Ясир Арафатнинг озод қилиниши ва вазиятни нормаллаштириш борасида сўздан ва ўз сиёсатини оқлашдан нарига ўтмаяпти.

Айни шундай ёндашув, Оқ уй матбуот котиби Ари Флейшернинг /Ari Fleischer/ чоршанба кунги баёнотида ҳам ўз аксини топди.
“Яқин Шарқ тарихи АҚШ га нисбатан турли даражадан туриб қўлдан келган ишни бажариш ҳақда қилинган чақириқларга тўла. АҚШ нинг минтақада ҳақиқатан ҳам кўп нарса қила олишига шубҳа йўқ. Ҳозирда ҳам биз Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилиши учун қўлдан келган ишни қилаяпмиз. Аммо тинчлик бўлиши учун, Исроил ва Фаластин томонининг ўзи ҳам жиддий ҳаракат қилиши даркор”.
Оқ уй расмийларининг бундай ўзларини оқлашга қаратилган баёнотлари, Бушнинг Яқин Шарқ сиёсатига нисбатан танқидларни камайтираётгани йўқ, балки аксинча.

Шу кунларда Ғарб, хусусан Америка матбуотининг бош саҳифалари асосан Исроилнинг Фаластин ҳудудларида олиб бораётган ҳарбий кампаниясига, АҚШ нинг Исроил-Фаластин можаросида Исроилга тарафкашлик қилаётгани хусусидаги айбловларга тўла.
Чунончи, Британиядаги нуфузли Индепендент /Independent/ газетасида чоп этилган “Fақат АҚШ гина Яқин Шарқда тинчлик харитасини чизиши мумкин“ деб номланган мақолада Буш сиёсати таҳлил этилади.

Агар АҚШ мустақил Фаластин давлати ғояси ва ўт очмаслик тўғрисидаги БМТ резолюциялари, қолаверса минтақада тинчлик ўрнатиш борасида Саудий Арабистони ўртага қўйган таклифни қўллаб-қувватламаса, президент Буш ўз маъмуриятининг масалага якдиллик билан ёндашувини таъминламаса, Исроил-Фаластин уруши давом этаверади,-деган фикр билдирилади мақола хулосасида.

Собиқ вице-президент Ал Гор /Al Gore/ нинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб хизмат қилган профессор Леон Ферс /Leon Feurth/ , Буш Яқин Шарқ сиёсатининг бош камчилиги, президентнинг бошданоқ ўзини бу можародан узоқлаштириш йўлини тутганида деб билади.


“Буш маъмуриятининг ҳокимиятга келибоқ, Оқ уй ва Яқин Шарқ ўртасида масофа яратишга урингани хато бўлган деб ўйлайман. Бунинг ўрнига, қасамёдга келиши биланоқ Буш, калаванинг учини йўқотмай, тинчлик уринишларини турган еридан давом эттириши керак эди. Айни ана шу хатолик туфайли биз минтақадаги тинчлик имконларини деярли йўққа чиқардик ва ҳозирда калаванинг учи йўқолган бир вазиятга тушиб қолдик”.

Айнан АҚШ маъмуриятининг Яқин Шарқда Исроил нима қилса-қилсин, биз бу можарога аралашишни истамаймиз, қабилидаги ёндашуви, мусулмон давлатлари, қолаверса Европа иттифоқидагиларни жунбушга солмоқда.

Жаҳоннинг турли нуқталарида Исроил ва АҚШ га қарши норозилик намойишлари, мустақил Фаластин давлати ва фаластинликларга қарши қирғин-баротни тўхтатиш талабидаги юришлар бўлиб ўтмоқда.
4 апрел куни шундай намойиш Прага марказидаги Вацлав хиёбонида ҳам бўлиб ўтди. Унда 300 га яқин мусулмон давлатлари фуқаролари, қолаверса, маҳаллий жамоатчилик намоёндалари ҳам иштирок этдилар.

Фаластин байроғи ва Арафат суратларини кўтариб олган намойишчилар, халқаро ҳамжамиятдан мустақил Фаластин давлатини қўллаш, Ясир Арафатнинг қамалдан озод этилиши ва фаластинликларга қарши қирғинни тўхтатиш борасида, Исроилга босим ўтказишни сўрадилар.

Атрофдагиларга Исроил ҳарбийларининг фаластинликлар, хусусан аёллар ва гўдакларга нисбатан қўллаётган зўравонликлари ҳақда ҳикоя қилиб берган намойишчилар, АҚШ ва Европа жамоатчилигидан кўп нарса сўрамасликларини айтадилар.
“АҚШ Исроилни қўллашни тўхтатса бас, биз президент Бушдан бошқа ҳеч нарса истамаймиз. Халқаро ҳамжамият эса, Исроилдан БМТ қабул қилган резолюцияларга амал қилишни сўраса етади”,-дейди намойишда қатнашган иорданиялик талаба йигитлардан бири.
XS
SM
MD
LG