Линклар

Америка Қўшма Штатларининг Яқин Шарқ бўйича вакили Энтони Зинни бугун Фаластин мухторияти раҳбари Ясир Арафат билан учрашди.


Бу Зиннининг Арафат билан ғарбий соҳилда уруш ҳаракатлари бошлагандан буёнги биринчи учрашувидир. Фаластин мухторияти вакили Набил Абу Рудэйнанинг маълум қилишича томонлар АҚШ марказий разведка бошқармаси раҳбари Жорж Теннет олға сураётган тинчлик режасини муҳокама этганлар. Фаластин раҳбари ҳали ҳам ўзининг Рамаллохдаги қароргохида қамал холатида қолмоқда. Кеча Исроил Бош вазири Ариэл Шарон Европа Иттифоқи вакилларининг Арафат билан учрашиш борасидаги илтимосини рад қилган эди. АҚШ Президенти Жорж Буш келаси ҳафтада Давлат Котиби Колин Пауэлни минтақага юборишини айтган. Вашингтонда чиқиш қилган Буш Исроил ўз қўшинларини фаластин ҳудудларидан чиқаришини талаб қилди.

"Америка Исроилнинг ўзини-ўзи террордан мудофаа қилиш ҳуқуқини тан олади. Бироқ, минтақада тинчлик ўрнатиш мақсадимиз экан, мен Исроилдан Фаластин ҳудудларига босқинни тўхтатиб, ўз қўшинларини чиқаришини талаб қиламан", - дея баён қилди Вашингтон раҳбари.

Гарчи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш ва Исроил қўшинларининг фаластин ҳудудларидан чиқарилиши борасида резолюция қабул қилган бўлсада, Яқин Шарқда вазият таранглигича қолмоқда. Исроил ҳарбий бўлинмалари танклар ёрдамида Ҳеврон шаҳрини эгаллашган. Наблус ва Женин шаҳарларида отишмалар ҳамон давом этмоқда. Босқинчилик ҳаракатлари оқибатида 12 фаластинли, шу жумладан 14 яшар қиз қурбон бўлгани айтилмоқда. Исроил бир ҳафтадан буён Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Фаластиннинг олти муҳим шаҳрини назоратда ушлаб турибди, мингга яқин фаластинли ҳибсга олинган.
XS
SM
MD
LG