Линклар

logo-print

Инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳоллари Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнини таҳлика остига қўймоқда


Адолат Малик

Хюман райтс вотч ташкилоти (Human Rights Watch) Афғонистонда асосан шимол иттифоқи кучларига қарашли гуруҳларнинг пушту миллатига мансуб жамоаларга қарши зўравонликлар содир этаётганларини таъкидламоқда. Ташкилотнинг шу ҳафта чиқарган ҳисоботида ўтган йил ноябр ойидан бошлаб сўнгги ойларгача бўлган вақт ичида Афғонистон пуштуларига нисбатан содир этилган ҳаракатлар, хусусан, оммавий қатл этишлар, зўрлаш, одам ўғрилаш ва тунаш ҳоллари қайд этилган.

Яқин-яқинларгача Афғонистонни бошқариб келган толиблар ҳукуматини асосан пуштулар ташкил этган эди. Бироқ бу Афғонистонда яшовчи пуштунларнинг ҳаммаси толиблар тарафида бўлган- дегани эмас. Бу миллат вакилларининг кўпчилиги ҳам толиблар ҳукмронлиги даврида азият чекишган. Лекин шунга қарамай, толибларга қарши курашган шимол иттифоқи кучларига қарашли айрим гуруҳлар ҳозирда пуштулардан ўч олишга харакат қилмоқдалар.

Хюман райтс вотч ташкилоти вакили Питер Букертнинг Озодлик мухбирига айтишича, бундай ҳаракатлар мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш ташаббусларига ниҳоятда салбий таъсир кўрсатмоқда. Афғонистон аҳолисининг қатта қатламини ташкил этувчи пуштуларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар Лоя Жирга, яъни турли қавм ва қабилалар, ҳамда таниқли уламолардан иборат кенгашни тузиш режасига ҳам путур етказмоқда. Гарчи Лоя Жирга таркиби июн ойида эълон этилиши кутилаётган бўлса-да, бу тузилмага номзодларни сайлаш ишлари шанба, ўн учинчи апрел куни ўтказилади.

Инсон xуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи яна бир ташкилот- Халқаро амнистия (Amnesty International) ҳам, Афғонистон шимолида, айниқса Мозори-Шарифда маҳаллий пуштуларга қарши зўравонлик xоллари қайд этилаётганини билдирмоқда. Ташкилотнинг яқинда Афғонистонга бориб келган вакили Карл Содерберг пуштуларга озор бераётган кимсалар қилмишлари учун жазоланмасликлари борасида комил ишончда экани тўғрисида гапиради. Содербергнинг фикрича, Афғонистондаги зўравонликларни тўхтатиш учун одамлар онгидаги ана шу ёндошувни ўзгартириш лозим. "Афғонистоннни қайта тиклаш билан боғлиқ энг катта дилеммалардан бири шундан иборатки, мамлакатдаги айрим одамлар ўзларини дахлсиз деб ҳис этишяпти. Улар инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузишса ҳам, бунинг учун жазоланмасликларига ишонишади. Шу боис, фикримча, Халқаро амнистия ва Хюман райтс вотч каби ташкилотларнинг содир этилаётган инсон ҳуқуқлари бузилишларини кузатиб боришлари, ҳамда Афғонистондаги ноҳукумат ташкилотларнинг бу йўналишдаги ишларини қўллаб- қувватлашлари жуда муҳимдир,"-дейди Содерберг. Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ҳар икки ташкилот Афғонистонда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган, ҳамда илгари турли гуруҳлар а'зоси сифатида зўравонликларни содир этмаган ҳарбийлардан иборат миллий армияни тузиш керак-деган ғоя тарафдоридир. Халқаро Амнистия (Amnesty International) вакили Содербергнинг айтишича, ташкилоти Афғонистондаги халқаро хавфсизлик кучлари (ISAF) вакиллари билан ҳамкорликда, афғон полицияси ходимлари ва ҳарбийларини куч ишлатишдан воз кечишга рағбатлантириб, Ғарбда қўлланувчи усулларга ўтказишга қаратилган ишларни режалаштирмоқда. Содерберг, Афғонистонда инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишига эришиш учун мамлакат адлия тизимини ўзгартириш кераклигини ҳам урғулайди." Биз ҳакам ва адвокатлар малакасини оширишга қаратилган ишларни амалга оширишни ҳам режалаштиряпмиз. Назаримизда, Афғонистонда фаолиятини энди-энди бошлаётган маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари аъоларини ҳам бу соҳада иш олиб боришга ўргатиш керак,"- дейди Халқаро амнистия вакили.

Афғонистонда миллий уйғунлик ва барқарорлик ўрнатишга қаратилган тадбирлардан яна бири ўтган ой Кобулда ўтказилган инсон ҳуқуқлари мавзуидаги конференция бўлди. Йиғилиш ташкилотчиси, Европа иттифоқининг Кобулдаги делегацияси маслаҳатчиси Кристина Хедлунд Тулиннинг Озодлик мухбирига айтганларига кўра, Афғонистон муваққат ҳукуматидаги қатор расмийлар мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш масаласига кўпроқ эътибор бериш кераклигини билишади. Бироқ, оддий халқ инсон хуқуқлари ғояси моҳиятини унча яхши тушунмайди. Шу билан бирга Хедлунд, Афғонистонда одамлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган умуман ҳеч қандай қонун- қоидалар йўқ-деб айтиб бўлмаслигини қайд этади. Шу ўринда у Афғонистонда яшовчи турли миллатлар ва халқларда жамоат ҳаётини белгиловчи муайян қоидалар мажмуи борлиги ва анъанага кўра содир этилган жиноятлар учун жазони ҳакамлар эмас, балки жамоа оқсоқоллари белгилашларини эслатиб ўтади. У ҳам, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар вакиллари каби, Афғонистонда инсон ҳуқуқлари бузилмаслигини кафолотловчи қонун-қоидалар яратилмас экан, бу соҳадаги вазиятни ўзгартириш жуда қийин бўлишини та'кидлайди.

Афғонистон жорий ҳукумати мамлакат қонунчилик тизимини 1964 йилги конституцияга таянган ҳолда шакллантирмоқда. Аммо Европа иттифоқи вакили Хедлунднинг Озодлик мухбирига айтишича, ўтган давр ичида Афғонистонда адлия тизимининг муҳим тармоқлари йўқ қилинган ёки фаолиятдан тўхтаган."Мамлакатда 1964 йилги конституция асосида, жиноят кодекси, фуқаролик кодекси ва яна бир неча қонунлар ишлаб чиқилган, яъни бу соҳада маълум пойдевор яратилган. Айни пайтда, мамлакатдаги кўплаб маҳкамалар иморатлари бузиб ташланган, кўпгина ҳакамлар хорижга кетиб қолган ёки вафот этган. Ҳозирда мамлакатда бош прокурорлар йўқ, полиция тизими ҳам тартибга келтирилмаган,"- дейди Хедлунд.

Хюман райтс вотч (Human Rights Watch) вакилларниинг айтишларича, гарчи Ҳамид Карзай бошчилигидаги муваққат ҳукумат мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятини яхшилаш кераклигини яхши тушунса ҳам, унинг бу ишларни амалга ошириш учун на маблағи ва на етарли салоҳияти бор.Чунки Афғонистоннинг аксарият вилоятларини марказий ҳукуматга бўйсунишни истамайдиган қўмондонлар ва ҳокимлар назорат қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG