Линклар

Ўтган тунда Қобулда номаълум шахслар халқаро тинчликни сақловчи кучлар таркибига кирувчи француз харбий хизматчиларига қарата ўқ узган.


Хабарларга кўра унинг оқибатида харбий хизматчилардан бири енгил жароҳат олган. Афғонистондаги халқаро кучлар қўмондонлиги вакилининг маълум қилишича ҳужум уюштирганлар дархол жойдан ғойиб бўлишган. Сўнгги пайтларда Қобулдага халқаро кучлар айрим гуруҳлар учун нишон бўлиб қолаётгани айтилмоқда. Ҳозирги афғон муваққат ҳукумати душманлари Афғонистоннинг собиқ қироли Мухаммад Зоҳир Шохга қарши суиқасд уюштиришга уринаётгани хусусида ҳам маълумотлар олинган. Қобулдаги Халқаро кучлар вакили Пол Харрадайннинг радиомизга маълум қилишича, террорчилар Зоҳир Шох қароргохига журналист қиёфасида кириб олишлари эхтимоли бор. Шу сабабдан Афғонистоннинг собиқ монархи қароргохи атрофларида кучли назорат ўрнатилган. Зоҳир Шох шу хафтада Римдан ўз ватанига қайтиб келган эди. Ҳозирча у ҳеч кимни қабулига йўлатмаяпти. Жума куни собиқ монарх отаси Нодир Шох қабрини зиёрат қилди. Июн ойида Афғонистоннинг собиқ қироли афғон қавмлари оқсоқоллар кенгаши – Лоя Жирга мажлисини очиб бериши керак.
XS
SM
MD
LG