Линклар

Беларус, Украина, Россия ҳозиргача матбуот эркинлиги соҳасида ортда қолмоқда


Хасанжон

“Озодлик уйи” ташкилотининг сўнгги ҳисоботида 2001 йил давомида жаҳондаги матбуот эркинлиги бир оз яхшилангани, бироқ айрим давлатларда жумладан, Белорус, Украина ва Россияда бу масала хавотирли бўлиб қолаётгани билдирилган. Нью Йорк шаҳрида жойлашган хуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳнинг ўтган йил учун эълон қилган ҳисоботида собиқ коммунистик давлатларда, хусусан, Сербия ва Черногориядан иборат бўлган Югославиядаги матбуот вазияти бир оз яхшилангани билдирилган.

“Озодлик уйи” томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари 11 сентябрда АҚШга қарши террорчилик ҳужумлари уюштирилганидан кейин АҚШ етакчилигида олиб борилаётган аксил террор кампанияси жаҳон бўйлаб матбуот эркинлиги чекланишига олиб келмаганини кўрсатган.

“Озодлик уйи” айниқса Белорусдаги матбуотнинг ҳозирги вазияти хусусида ташвиш билдирган. Олиб борилган тадқиқот натижасида, давлатга қарашли матбуот органларининг барчаси тўғридан-тўғри президент Александр Лукашенкога бўйсунишини ва унинг маъмурияти, ушбу ахборот воситаларини ким бошқариши кераклигини хал қилиши маълум бўлган.

Хисоботда Белорус қонунларига кўра давлат томонидан рўйҳатга олинмаган ҳар қандай ташкилот оммавий ахборот воситалари учун ахборот бера олмаслиги ва давлат матбуот ходимларининг расмийларни танқид қилиш имкониятини чеклаб қўйгани билдирилган. Тадқиқот координатори Карен Карлекар ҳозир Белорус журнализми тарихининг энг ёмон даври эканлигини таъкидлаб: “Йил давомида, хусусан, Президентлик сайловлари давомида Ҳукумат жиҳозларни мусодара қилди, газета нусҳаларини олиб қўйишга уринди, шунингдек, интернетдан фойдаланувчиларни сайлов мавзусини ёритган веб саҳифаларга киритмади. Хуллас, вазият жуда жиддий”, - деди. Ҳисоботда Украина шаънига ҳам танқидий сўзлар айтилган. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти маълумотларига асосланиб билдирилишича, Украинада матбуот воситаларининг мустақил бўлиши жуда қийин. Чунки уларнинг кўпи ёки давлат, ёки етакчи маолиявий ва сиёсий кучлар тасарруфида. “Озодлик уйи” ҳисоботида 2000 йилда журналист Георгий Гонгадзенинг ўлдирилганини танқид қилиб, бу иш ҳозиргача хал этилмагани, президент Леонид Кучманинг ҳукумати ушбу жиноий иш устидан олиб борилаётган текширув охирига етказилиши хусусида босимни кучайтирмагани билдирилган.
“Озодлик уйи” маълумотларига кўра 2001 йилда Россиядаги матбуот ҳам эркин бўлмаган. Ахборот воситалари, гуруҳ таъбири билан айтганда, қонун нуқтаи назаридан таҳқирланган. Матбуот вазирлиги, барча матбуот органларига давлат томонидан лицензиялар жорий қилинишини режалаётганини айтган.

“Озодлик уйи”нинг ҳисоботида, Марказий Осиё республикаларидаги матбуотнинг 2001 йилдаги вазиятига оид мухтасар маълумотлар бор. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистондаги давлатга қарашли ахборот воситалари аҳолига етиб бораётган деярли барча янгиликларни назорат қилади. Республикадаги барча ахборот воситалари ҳар йили қайтадан рўйҳатдан ўтиши керак. Ҳукумат гезеталар тарқатиш тизимини назорат қилади.

Қўшни Қозоғистонда эса, конституция матбуот эркинлигини таъминласа-да, ҳукумат кўпгина матбуот органларини назорат қилади ёки унга таъсир кўрсатади. Президентнинг катта қизи бир нечта телевизион компания, радиостанция ва газеталарни назорат қилади. “Озодлик уйи” ҳисоботида, барча Интернет хизмати таъминотчилари, линияларни давлат регистрацияси тизимидан ўтказишлари кераклиги билдирилган. Бу билан улар ҳукумат кишиларнинг Интернетга киришини назорат қила олишига имконият яратади. “Озодлик уйи” ҳисоботида, ҳукумат мустақил матбуотнинг овозини ўчириш ёки қўрқитиб қўйиш учун солиқ инспекциясидан фойдалангани билдирилган.

“Озодлик уйи” томонидан жаҳон давлатларидаги матбуот эркинлиги хусусида 22 апрел куни эълон қилган 2001 йилги ҳисоботининг Қирғизистонга оид қисмида барча ахборот воситалари Адлия вазирлигида рўйҳатдан ўтиши кераклиги билдирилган. Июн ойида, аллақачон тасдиқланган 16та матбуот органининг иши тўхтатилиб уларга, қайтадан рўйҳатдан ўтиш кераклиги айтилган. Журналистларни бошқа кўринишда ҳам таҳқирлаш одат тусига кирган. Ҳам давлатга қарашли ҳам хусусий ахборот воситалари ўз-ўзини цензура қилишни рағбатлантираётган Қирғизистон ҳукуматининг босимига учраган.

“Озодлик уйи” ҳисоботининг Тожикистон ҳақидаги қисмида журналистларга лицензиялар жорий қилиш ва очиқдан очиқ кўрсатмалар бериш орқали мамлакатнинг оммавий ахборот воситалари ҳукумат томонидан тўлиқ назорат остига олингани билдирилган. Республика матбуотида ҳукуматни танқид қилувчи мақолалар камдан кам учрайди.

Нью Йорк шаҳрида жойлашган “Озодлик уйи”нинг 2001 йил учун эълон қилган ҳисоботида дунёдаги энг ёпиқ жамият ҳисобланган Туркманистонда ҳукумат ўтган йилда мамлакатни янада кўпроқ изоляция қилиш йўлида бир қатор чоралар кўргани билдирилган. Ҳисоботда: “Туркманистонда сўз ва матбуот эркинлиги ҳукумат томонидан жуда чеклаб қўйилган. Радио, телевидение ва даврий матбуот ҳукуматнинг тўлиқ назорати остида”,- дейилган.
XS
SM
MD
LG