Линклар

Варшавада Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳомийлигидаги “Инсон ҳуқуқлари ва суд тизими ислоҳотлари” мавзуидаги семинар ўз ишини бошлади


Бек Нормуҳаммад

Маълумки, мустақил суд тизими демократик жамиятнинг энг муҳим унсурларидан биридир. Кейинги йилларда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларда инсон ҳуқуқларини ҳурматлаш ва улар ҳимоясини таъминлай оладиган очиқ, мустаҳкам ва мустақил суд тизимларни яратиш соҳасида жиддий ўзгаришлар кузатилмоқда. Европада ҳавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти тузилма ва миссиялари бир неча йилдан бери ташкилотга аъзо мамлакатларга бу борада яқиндан ёрдам кўрсатиб келмоқда. Шунга қарамай, бу жараёнда баъзи муаммолар кузатилмоқдаки, Варшавада тўпланган расмийлар ва мутахассислар уларни муҳокама қилиб, бу муаммоларни ҳал этиш йўлларини қидириб-топишга ҳаракат қилишмоқда. “Ушбу учрашув,- дейди Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари идораси директори Герард Студман, - ташкилотга аъзо мамлакатлар суд тизимларини ислоҳ қилиш борасида қайси даражага етганларини аниқлаш имконини бермоқда. Оддий одамлар ва ҳуқуқий шахслар таяна оладиган суд тизимлари нафақат демократик жамият учун муҳим аҳамиятга эга нарса, балки иқтисодий барқарорликнинг муҳим омилларидан биридир”.
Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари идорасининг матбуот вакили Йенс-Хаген Эшембахер радиомизга, семинарда ташкилотга аъзо 55 мамлакат вакиллари, шу жумладан, Ўзбекистондан ҳам беш киши - бир ҳукумат расмийси ва тўрт нодавлат ташкилоти вакиллари қатнашаётганларини билдирди.
“Семинарда 150 дан зиёд одам иштирок этмоқда. Булар ҳукуматлар, ҳалқаро ташкилотлар, нодавлат ташкилотлари вакилларидир. Шуни айтиб ўтишим керакки, ташкилотга азъо деярли барча мамлакатларда суд тизимини ислоҳ қилиш соҳасида айнан нодавлат ташкилотлари жонбозлик кўрсатишаётир”,- дейди Эшембахер.

Бундай семинарни ўтказишдан мақсад нима? Семинар қатнашчилари муаммонинг қайси жиҳатларига кўпроқ эътибор қаратишмоқда?

Йенс-Хаген Эшенбахер:
“Семинар “Инсон ҳуқуқлари ва суд тизими ислоҳотлари” номи остида ўтмоқда. Яъни, семинар қатнашчилари инсон ҳуқуқлари ҳимоясини суд тизимини ислоҳ қилиш орқали такомиллаштириш йўлларини муҳокама қилишмоқда.
Функционал ва мустаҳкам суд тизими демократик жамиятнинг ўзагини ташкил этади. Бундай тизим нафақат демократик ривожланиш ва инсон ҳуқуқларини кафолатлаш, балки иқтисодий ривожланиш учун ҳам муҳимдир”.

Сўнгги ўн йил мобайнида қатор давлатларда, айниқса Марказий Европа мамлакатларида суд тизимларини ислоҳ қилиш соҳасида жиддий ўзгаришлар содир бўлган бўлса, бошқа мамлакатлар жараённинг илк босқичида туришибди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо кўпчилик мамлакатлар олдида турган муаммолар қаторига суд тизимининг даҳлсизлиги ва мустақиллигининг таъминланмагани, оз сонли миллатлар, камдаромадли қатламларнинг адлия тизимидан фойдаланиш имконлари чекланганилиги ҳамда можаролардан кейинги босқичларда суд тизимини тиклаш муаммоси кабилар киради. Учрашувлар давомида ҳам ўтиш боқичида турган, ҳам бой демократик тажрибага эга бўлган мамлакатларга хос бўлган ушбу муаммолар демократик ислоҳотларни ўтказиш, барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таминлаш масалалари билан боғлиқликда муҳокама этилмоқда.
Семинар қатнашчилари шунингдек, ташкилотга аъзо мамлакатларда суд тизимларини ислоҳ қилиш борасида кўрсатилаётган ёрдам, ҳамда Демократик иститутлар ва инсон ҳуқуқлари идораси ва турли миссиялар тажрибасини ўрганадилар.
Мубоҳасалар олти ишчи гуруҳларида ўтмоқда.
Ушбу гуруҳларда муамомнинг турли жиҳатлари, хусусан адолат қарор топишида суд тизимининг роли, суд тизимининг мустақиллигини кафолатлаш, адлия тизимининг очиқлиги, можаролар арафасида ва можаролардан кейинги босқичларда суд тизимининг роли, суд тизими ва иқтисодий ўлчам, ҳамда инсон ҳуқуқларини суд тизими ёрдамида ҳимоялаш сингари масалалар муҳокама этилмоқда.
Ўтиш босқичидан кечаётган малакатларда суд тизимини ислоҳ қилиш борасида ривожланган давлатлар ва халқаро ташкиотларнинг ёрдами ўта муҳим аҳамиятга эга. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бу борада қандай ёрдам кўрсатмоқда ва қандай ёрдам крўсатиши мумкин? Бу ҳам семинарда муҳокама этилаётган мавзулардан биридир.

Йенс-Хаген Эшембехер:
“Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти унга аъзо мамлакатларга суд тизимларини ислоҳ қилиш соҳасида ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бир мисол, бу суд тизими субъектлари -судялар, адвокат ва прокурорлар билан ҳалқаро ҳуқуқ стандарлари ва инсон ҳуқуқлари мавзуларида ўтказилаётган трейнинглардир. Шу каби семинарларни ўтказишдан мақсад ўтмиш ташрибасидан сабоқ чиқариб, халқаро ҳамжамият томонидан кўрсатилаётган ёрдамни такомиллаштириш йўлларини топишдир”, дейди Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари идораси матбуот котиби Эшембахер.
XS
SM
MD
LG