Линклар

Францияни қайта кашф қилган жаҳон


Бек Нормуҳаммад

Якшанба куни, Франция тарихида энг оғир кечган президентлик сайловларида консерватив қарашлардаги жорий президент Жак Ширак ўта ўнг кучлар вакили Ле Пени мағлубиятга учратиб, президентлик курсисида яна беш йил муддатга қоладиган бўлди.
Сайловларнинг дастлабки натижалари Жак Ширак овозларнинг 82 фоизини, муҳожирларга қарши чиқаётган Миллий Фронт раҳбари Ле Пен эса 18 фоиз овоз олганини кўрсатмоқда.
Сайловларнинг 21-апрель куни ўтган биринчи даврасида Ле Пен тахминан шунча овоз олиб, мамлакатда икки ҳафта давом этган сиёсий кескинликни келтириб чиқарган эди.
Францияликлар кўчаларга чиқиб Жак Ширакнинг ғалабаси ва Ле Пенинг шармандали мағлубиятини зўр қувонч билан нишонладилар.
Сайловларда Жак Ширак ғолиб чиққани эълон қилинганидан сўнг кўп ўтмай жорий президент францияликларнинг қарорини олқишлаб, жумладан шундай деди:

“Қадрли дўстларим! Бугун биз Республикани нишонламоқдамиз. Биз уни тарихимизда рўй берган ҳар қандай бошқа буюк ғалаба сингари нишонлаяпмиз. Франция тоқатсизлик ва ақидапарастлик олдида ён босишдан бош тортди”.

Олдинроқ, миллий телевидение орқали қилган чиқишида, Жак Ширак эришган ғалабасидан фойдаланиб, Ле Пеннинг муваффақиятидан шикаст олган Францияни бирлаштиришга интилишини эълон қилди.
Президентлик сайловларининг бундан икки ҳафта олдин бўлиб ўтган биринчи даврасида Ле Пеннинг кутилмаган муваффақиятидан ларзага келган миллат ярим ой давомида, 1968 йилдан бери мисли кўрилмаган, оммавий намойишлар ўтказиб изоляционизм ва ксенофобия сиёсатини қоралади.
Якшанба куни, сайловлар натижалари эълон қилинганидан сўнг, жаҳон лидерлар бирдек енгил нафас олгандек бўлдилар.
“Жан-Мари Ле Пеннинг экстремистик, изоляционистик сиёсати инкор этилиб яксон қилинди. Бугун Франция ҳалқи яна бир бор бу милат Европанинг қалбига мансуб эканини намойиш этди”, - дейди Европа Комиссияси президенти Романо Проди шу муносабат билан Жак Ширак номига йўллаган табрик мактубида.
Ҳодисага биринчилардан бўлиб муносабат билдирган Европа лидерларидан яна бири Британия бош вазири Тони Блэрдир. Унинг сўзларига кўра, Францияда содир бўлган ҳодиса “демократия ғалабаси ва экстремизнинг мағлубиятидир”.
Кузатувчиларнинг кўпчилиги, Жак Ширак эришган ғалаба кўлами кутилганидан анча катта бўлганини таъкидлашмоқда. Олдинроқ айтилганидек, Ширак овозларнинг 82 фоизини олишга муваффақ бўлган. Бундай кўрсаткичга Франция тариҳида президентликка номзод бўлган бирор сиёсатчи эриша олмаган.
Ширакнинг ғалабасини Франциядаги чап кучлар ҳам олқишлар билан қарши олишди. Маълумки, биринчи давра сайловлардан сўнг уларнинг кўпчилиги ўз тарафдорларини жорий президент учун овоз беришга чақирганлар. Биринчи давра сайловларда мағлубиятга учраган бош вазир Лионель Жоспен, Ширакнинг ғалабасини ўз ғалабаси деб билишини баён қилди.
Жак Ширакни ғалаба билан табрикларкан, социалистик партия раҳбари Франсуа Оланд шудай деди: “Франция кимлигини қайта кашф этди, жаҳон ҳам Францияни ўзи учун қайта кашф қилди.” (Иқтибос тугади).


Мағлубиятга учраган Миллий Фронт лидери Ле Пен, сайловлар натижаларидан ҳафсаласи пир бўлганини яширмаяпди. Мағлубиятининг сабибини у сайловолди кампанияси давомида “Совет андозасидаги услубларнинг “ қўлланилгани билан тушунтирмоқда.

“Ҳокимиятдагилар томонидан уйиштирилган васваса кампанияси олдида сиёсатчилар, молиячилар, ахборот воситалари, касаба иттифоқлари, мамлакатдаги фожеали вазият учун жавобгар барча, ўз имтиёзларини ҳимоя қилиш учун бирлашиб олишди”, деди у якшанба куни қилган чиқишида.


Айни пайтда Ле Пен июн ойида ўтадиган парламент сайловларида партиясининг ғалабасини таъминлаш учун қўлидан келган барча чораларни кўришга сўз берди.
Қайта сайланган президент Жак Ширакнинг ёши 69да.
Президентлик сайловларининг биринчи давраси билан иккинчи давраси орасида ўтказган кампанияси давомида, иложи борича кўпроқ овоз олишга интилган Ширак, ўзини Франция республикаси қадриятларининг ҳимоячиси ролига солди. Ҳозир у сайловларда эришган ғалабасидан имкон қадар кўпроқ фойда олишга интилиши кутилмоқда. Президент мамлакатнинг асосий муаммолари, ҳусусан тобора кенг тус олаётган жиноятчилик,
шишиб кетган давлат сектори, ҳамда ҳалқаро саҳнада рақобатбардошликнинг заифлашуви каби муаммоларни ҳал қилишга ваъда берди.
Бироқ бу мақсадларга эришиш учун у Миллий Ассамблеяда тарафдорларининг кўпчилик ўринларни эгаллашларини кафолатлаши зарур бўлади, акс ҳолда у бу муддат ҳам, ваколатлари доираси фақат ташқи сисёсат ва мудофаа соҳалари билан чекланган лидер вазиятига тушиб қолиши мумкин.
XS
SM
MD
LG