Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:10

АҚШ – Россия: Евроосиё хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик истиқболлари


Фарангис Саид

Асрлар давомида Россия Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларига ҳукмронлик қилган. 11 сентябрдан сўнг вазият ўзгарди: АҚШ қўшинлари Ўзбекистон, Қирғизстон, Тожикистон ва Грузияда жойлаштирилди. Россия бунга қаршилик кўрсатмади, аксинча - қўллаб-қувватлашини баён қилди. Бунинг ортида нафақат халқаро терроризмга қарши кураш ётади. Асл сабаб – Президент Путиннинг Россия ташқи сиёсатини ўзгартирганидадир. Совет империяси парчаланганидан буён Путин қўшни мамлакатларнинг Россия таъсир доираси экани, Москва ўз таъсирини тиклаш ниятидалигини намойиш қилмаган биринчи раҳбар бўлди. Янги сиёсат иқтисодий прагматизмга асосланган бўлиб, Путин қўшни мамлакатлар устидан ҳукмронликни тиклаш Россия учун ниҳоятда қимматга тушишини англайди. Президентнинг бирламчи мақсади - иқтисодий ўсишни таъминлашдир, ташқи сиёсат эса бу мақсадга хизмат қилиши лозим. Буни тушунган одам учун Путин ҳукуматининг қўшни мамлакатлар суверенитети ва мустақиллигини ҳурмат қилиб, Ғарб давлатларининг Марказий Осиё ва Кавказ республикалари билан алоқаларига тўсқинлик қилмаслик тактикаси мантиқсиз бўлиб кўринмайди. Бу сиёсат 2000 йилда бошланган. Унинг биринчи дараклари Россия Боку-Жайҳон қувури лойиҳаси борасида АҚШга қарши чиқмаганида намоён бўлган эди. Москва, шунингдек, Тоғли Қорабоҳ низоси бўйича Ғарб давлатлари воситачилигига қаршилик кўрсатмади, бундан сўнг қўшни давлатлар ҳудудидаги ҳарбий базаларни тарк эта бошлади.
Давлат Думасининг мудофаа масалари бўйича эксперти Алексей Арбатов бундай сиёсатни тушунитиришга ҳаракат қилар экан, минтақада ё исломий эстремистлар фаолият юргизиши, ёки АҚШ қўшинлари жойлаштирилиши керак. Гарчи Россия терроризм ўчоқларини якка ўзи йўқ қилишга қодир эмас экан, демак бошқа йўл йўқ, деб фикр билдиради.

АҚШ ва Россия ўртасидаги янги ҳамкорлик стратегик, сиёсий ва иқтисодий мақсадларни кўзлаган бўлиб, уларга кўра Марказий Осиё барқарорлигини сақлаб қолиш учун АҚШ қўшинлари бу ерда узоқ вақт қолишлари керак. Россия ҳарбийлари орасида бунга қаршилар кўп бўлса, сиёсий элитанинг бир қисми бу режани қўллаб-қувватлайди. Уларнинг фикрича, АҚШ Марказий Осиёда терроризмга қарши курашни давом эттириб, исломий эстремистларни йўқ қилади, бундан ташқари, Москва Вашингтон билан минтақани Хитой таъсир доирасига киришдан асраб қоладилар, билвосита эса Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги низони назорат қила оладилар.

Собиқ коммунистлар томонидан бошқарилаётган Ўзбекистон, Қозоқистон, Туркманистон ва Озарбайжонда давлатчилик институтлари ҳали мустаҳкам эмас, коррупция ва наркотиклар контрабандаси бунга тўсиқ бўлаётир. Тожикистон ва Грузия раҳбарлари мамлакат ҳудудларини тўла назорат қилмайдилар. Ҳокимият учун кураш ҳамон давом этмоқда. АҚШ ва Россия ҳамкорлиги минтақаларда барқарорликни мустаҳкамлаб, демократик ислоҳотларни бошлашга, раҳбариятни тинч йўл билан алмашишига олиб келади ва мамлакатларни парчаланишдан асраб қолади. Вашингтон ва Москва Марказий Осиё ҳукуматларидан сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишни талаб қилишлари мумкин, бу эса Ғарб мамлакатларининг минтақага катта ҳажмдаги сармояларни ётқизишларига олиб келади. Лекин бундай сиёсат совуқ уруш даври каби марказдан берилган буйруқлар орқали эмас, янги авлод орасида прогрессив ғояларни тадбиқ этиш, мамлакат ичида ва хорижда трейнинглар ва семинарлар ташкил қилиш, бу билан раҳбарлар ўрнини эгаллайдиган янги кадрлар етиштириш орқали амалга оширилиши лозим. Москва жиддий молиявий кўмак ажрата олмаса-да, Россияга Марказий Осиёдан импорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун тарифларни камайтириш, Марказий Осиё ва Кавказ республикаларини халқаро молиявий ташкилотлар ва Араб, Осиё донор давлатлари билан муносабатларида қўллаб-қувватлаши мумкин.

АҚШ ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқаётган бўлса-да, икки мамлакат ўртасида ҳали келишмовчиликлар мавжуд, бироқ уларнинг Марказий Осиё ва Кавказга нисбатан манфаатлари бугунги кунга келиб бир хил бўлиб қолди. Демак, Буш-Путин саммитида Евроосиё минтақасини эътиборсиз қолдириб бўлмайди.
XS
SM
MD
LG