Линклар

logo-print

Александр Лурия: Ўзбеклар иллюзиялардан ҳоли ! 70 йил ўтиб ëдга олинган “диагноз”


Фарангис Саид:

Иштирокчилар ва манбалар:
1. Прага студиясида психология фанлари номзоди, ўзбекистонлик олима Людмила Норматова
2. Москвадан телефон орқали философ-олим, профессор Толиб Саидбоев
3. Александр Луриянинг “Ўтилган йўл босқичлари: Илмий автобиография” китоби.
4. Бэт Дэниэллнинг “Савод ва тафаккур: Луриянинг Ўзбекистон тажрибасидан нимани ўрганиш мумкин” номли мақоласи.

Бугундан эътиборан «Тўртинчи студия. Экспертлар минбари» деб номланган янги рукнимизни бошлаяпмиз. Рукнда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий соҳада рўй бераётган ҳодисалар ва мавжуд муаммоларни акс эттирувчи фактлар хақида сўз юритар экан, рукн муаллифи Фарангис Саид сизларни «Озодлик» радиосининг Прага қароргоҳидаги тўртинчи студияга таклиф қилинган мутахассисларнинг фикрлари, қолаверса, баъзида айтилмай қолаётган мулоҳазалари билан таништиришни мақсад қилиб олган.

Узоқ шимолдаги оқ айиқлар, чўнтакдаги танга, осмондаги ой ва ўзбеклар тафаккури орасида қандай боғлиқлик бор? Бу саволга жавобни янги рукнимизнинг «Ўзбеклар иллюзиялардан ҳоли, ёки 70 йил ўтиб ëдга олинган “диагноз” деб номланган биринчи сонидан билиб оласиз.

Фарангис Саид:

Ассалому алайкум! “Озодлик” радиосининг Прага қароргоҳи тўртинчи студиясида Фарангис Саид.

Янги рукнимизнинг илк эшиттиришини ўзбеклар, аниқроғи 20-асрнинг 1-ярмида ўзбеклар орасида ўтказилган этно-психологик тадқиқотлар ва уларнинг хулосаларига бағишлашга қарор қилдик.

Дастуримиз иштирокчилари - Москвада истиқомат қилувчи, ўзбекистонлик философ-олим, профессор Толиб Саидбоев, Прагадаги студияда эса ўзбекистонлик психолог-олима Людмила Норматова.

2002 йил бошларида Россиянинг ОРТ телеканали орқали намойиш этилаган “Цивилизация. Ўтган асрнинг аллома ва золимлари” кўрсатуви россиялик психолог олим¸ жаҳон фанига улкан ҳисса қўшган Лев Вигодскийга бағишланди. Психология фанида бурилиш нуқтасини ясаган Вигодский ҳусусидаги кўрсатув давомида унинг ўқитувчиси Александр Лурия ҳамда икки олим биргаликда ўтказган бир тадқиқот натижалари қисқагина¸ икки оғиз сўзда ëдга олиб ўтилди. Агар бу сўзларда гап ўзбеклар ҳақида бормаганда¸ уларни эътиборсиз қолдирса ҳам бўларди.

Ана шу ўринда бир изоҳ бериб ўтамиз. Ўтган асрнинг 20-йилларида бирга Москвада ишлаган Вигодский ва Лурия маданий-маиший муҳит билан тафаккур жараëнларининг ривожланиши орасида боғлиқлик бор¸ деган гипотезани ишлаб чиқишади. Бироқ бу гипотезани ҳали амалда тасдиқлаш¸ текшириш зарур эди. Луриянинг фикрига кўра¸ ўша йилларда бундай таҳминни тасдиқлаш учун энг қулай жой Ўзбеистон бўлган.

Лурия бир гуруҳ ҳамкасблари билан 20-йилларнинг охирида дала тадқиқотларини ўтказиш учун Ўзбекистонга йўл олади. Маълум муддат ўтганидан сўнг Москвага¸ Вигодский қўлига Лурия Тошкентдан жўнатган телеграмма келиб тушди. Телеграмма фақат уч сўздан иборат: “ўзбеклар иллюзиялардан ҳоли”.

Телеграмма илмий доираларда катта шов-шув келтириб чиқарди¸ чунки қилинган хулоса амалда ўзбекларнинг фикрлаш тарзига примитивлик аломатлари ҳос эканини англатарди. Хулоса сиëсий жиҳатдан қабул қилиб бўлмайдиган “диагноз” бўлгани учун¸ ҳар икки олим¸ айниқса Лурия, қаттиқ таъқибга солинди. Олимларнинг китоблари 80-йилларгача чиқарилмай¸ уларнинг номлари эса эслатилмай қўйди.

Лурия ким? Психология фанига катта ҳисса қўшган алломами ëки ўзбекларнинг тафаккурини ҳақорат қилган золим? У ўтказган тадқиқот натижаларини илмий жиҳатдан нақадар тўғри дейиш мумкин?

Афсуски¸ ОРТ телеканалининг “Цивилизация” кўрсатувида Луриянинг телеграммаси мазмуни берилди-ю, юқоридаги саволлар жавобсиз қолди.

Ўзбекистонлик мутахассис¸ психология фанлари номзоди Людмила Норматова гапиради:

Людмила Норматова:

Вигодский ва Лурия - машҳур совет психолог олимларидир. Уларнинг асарлари мутахассислар орасида катта обрўга эга. Ўз даврида - уларнинг китоблари таъқиқланган дамларда - тадқиқотчилар олимларнинг асарларини топиб, улар билан пинҳона танишишга мажбур бўлганлар. Собиқ Совет иттифоқида уларнинг китоблари 80-йилларнинг бошларидагина қайта чиқарила бошлади. Ҳозирга қадар жаҳондаги амалий психологларнинг аксарияти ўз фаолиятларида ана шу икки олимнинг тадқиқотлари натижаларига таяниб келишмоқда. Психология соҳасидаги ҳар қандай мутахассис номлари афсонага айланган бу икки олим ҳақида узоқ гапириши мумкин. Психология фани учун Вигодский билан Лурия ким эканини аниқроқ тасаввур қилиш учун уларни буюк композиторлар Бетховен билан Моцартга қиëсласа бўлади. Лурияни кўплар психология соҳасининг Бетховени деб атаса¸ Вигодскийни Моцартга қиëслашади, чунки Луриянинг асарлар жиддийлиги¸ классицизми¸ чуқурлиги¸ фикрлашининг кенглиги билан ажралиб турса¸ Вигодскийнинг китобларига нозиклик, жозиба¸ оригиналлик ва бетакрорлик хосдир.

Фарангис Саид:

Ўзбекистонлик психолог олима Людмила Норматова эди. Шундай қилиб, психология фанининг Бетховени ва Моцарти - икки аллома ўтган асрнинг 30-йиллари бошларида ўзбекларнинг тафаккури билан боғлиқ тадқиқотлар ўтказиб¸ бу миллат вакилларини юпата олмайдиган хулосага келишади. Улардан хафа бўлиш керакми? Олимлар нима сабабдан будай тадқиқотларни ўтказиш учун айнан Ўзбекистонни танлаганлар? Сўз яна мутахассисга.

Людмила Норматова:

Менимча¸ Луриянинг “ўзбеклар иллюзиялардан ҳоли” деган ибораси асло ўзбеклар шаънига қилинган ҳақорат сифатида талқин этилмаслиги керак. Чунки унинг Ўзбекистонда ўтказган таъдқиқотлари “Маданий тафовутлар ва интеллектуал фаолият”¸ деб аталган. Лурия Ўзбекистонда инсон тафаккурнинг ривожланишига маданият таъсири ҳусусиятларини ўрганишга ҳаракат қилган. Ўша дамларда бундай тадқиқотларнинг ўтказилиши учун Ўзбекистоннинг танланишини эса¸ биринчидан, у ерда анъавнавий жамият ҳамон сақланиб қолгани¸ аҳолининг аксарияти муайян диний¸ ижтимоий ва маданий анъаналар ва урф-одатларга таяниб келгани¸ қолаверса жамиятнинг ëпиқ бўлгани билан тушунтирса бўлади. Ана шундай муҳитдагина шўролар ҳокимияти амалга оширган ўзгаришлар фикрлаш ривожига қандай таъсир кўрсатганини кузатиш мумкин бўлган. Лурия тадқиқотлари натижасида қилган хулосага келсак¸ бу тадқиқотлардан келиб чиққан бирдан-бир нарса - маданият¸ маълумот¸ таълим-тарбия инсон тафаккурининг ривожланишига катта таъсир кўрсатиши ҳақдаги хулосадир. Фикримча, агар олим бундай тадқиқотларни ўтказиш учун Литвадаги хуторни¸ Украинадаги ëки Сибирдаги қишлоқни танлаганида, айнан шундай хулосага келган бўларди. Хулоса миллат ҳусусида қилинмаган. Бу ўша дамларда Вигодский билан Лурия ишлаб чиққан маданий-тарихий назария доирасида қилинган хулосадир. Улар қилган хулоса ўзбеклар тафаккури учун абстракт-мантиқий фирклаш шакли ëт эканини англатмайди¸ аксинча¸ улар таълим-тарбия ва ривожланишсиз инсонда мантиқий фикрлаш шакллана олмайди деган қарорга келишган.

Фарангис Саид:

Демак Луриянинг хулосаси муайян этнос¸ бу ўринда ўзбеклар билан боғлиқ эмас¸ балки умуминсоний характерга эга. Ўзбекистоннинг бундай тадқиқотларни ўтказиш учун танланиши эса тарихий тасодиф, холос. Бироқ ўтган аср бошларида илмий психология ҳали ибтидоий босқичда бўлгани ва энди-энди бўй кўтараëтганини ëдга олайлик. Ҳали гўдаклик босқичида бўлган¸ методологияси етарли даражада шаклланмаган фан доирсида жиддий мавзуларда тадқиқотлар ўтказиб¸ объектиб натижалар олиш мумкинмиди? Москвада истиқомат қилаëтган ўзбекистонлик философ-олим¸ профессор Толиб Саидбоев Лурия билан Вигодский томонидан ўтказилган тадқиқотлар методологиясини бугунги фан нуқтаи назаридан баҳолашга уринади.

Толиб Саидбоев:

Бу илмий текшириш тўғрисида гапирадиган бўлсак, мен, биринчи навбатда, икки нарсага эътибор берардим. Биринчидан, бу илмий текшириш, менинг фикримча, аввалдан тузилган бир илмий гипотезани тасдиқлаш мақсадида амалга оширилган. Бу гипотезанинг асосий мазмуни – марксистик таълимотга тўғри келадиган, яъни жамиятда бўлаётган ижтимоий-сиёсий, маданий ўзгаришлар натижасида халқнинг онги, халқнинг дунёқараши, тушунчалари кескин равишда ўзгарди. Бу – биринчи гипотеза. Иккинчи гипотеза. Совет давлати амалга оширган ўзгаришлар натижасида олий маълумотли, умуман маълумот олган ўзбекларнинг дунёқараши, фикрлаши русларники билан бир хил бўлди, яъни руслар қандай фикрлашса, билим олган ўзбеклар ҳам худди шундай фикрлашади, деган иккинчи гипотезани тасдиқлашга бу илмий текшириш қаратилган. Шунинг учун илмий текшириш давомида берилган саволлар ва жавоблардан қилинган хулосалар ҳар томонлама шу икки фикрни тасдиқлайди.

Фарангис Саид:

Москвалик ўзбек олими Толиб Саидбоев мулоҳазалари эди. Толиб аканинг фикрига кўра¸ Лурия ва Вигодскийнинг асосий хатоси тадқиқотларни ўтказишдан олдин муайян гипотезани ишлаб чиққанлари ва амалда¸ истабми-истамай¸ бу гипотезани тасдиқлашга интилганларидадир. Бироқ профессор Саидбоев бу сингари тадқиқотлар ўтказилмаслиги керак ва Лурия қилган ҳулосалар илмий нуқтаи назардан ҳеч қандай танқидни кўтара олмайди¸ деган фикрдан йироқ¸ аксинча, унинг сўзларига кўра¸ жамиятни тўғри бошқариш учун миллий психологик ҳусусиятлар инобатга олиниши¸ бунинг учун эса этнопсихологик тадқиқотлар ўтказилиши ва уларнинг натижалари сиëсатчилар томонидан инобатга олиниши зарур.

Толиб Саидбоев:

Лурия бошлаб берган тадқиқот жуда муҳим аҳамиятга эга, айниқса, кўп миллатли, кўп динли давлатлар учун. Миллий психологияни ҳаётнинг ҳамма томонларида, сиёсатда ҳам, иқтисодда ҳам тенг ҳисобга олиш керак. Миллий психологияни билиш, умуман олганда, агарда ақл билан, эс билан, ўйлаб миллий психология натижаларидан тўғри фойдаланилса, бу давлат ҳаётини тўғри йўлга солишга, қўйилаётган иқтисодий, сиёсий вазифаларни амалга оширишга жуда катта ёрдам бериши мумкин. Мен шундай тадқиқотлар ўтказилиши тарафдориман. Бундай тадқиқотларни ўтказиб, миллий психологиянинг сиёсатда ҳар томонлама ҳисобга олиниши тарафдориман.

Фарангис Саид:

Ўз тадқиқотларини ўтказиш давомида Лурия Ўзбекистонинг чекка қишлоқларида яшаган ва ташқи дунë билан кам алоқада бўлган ўзбек деҳқонларига турли мазмундаги саволлар билан мурожаат қилиб¸ уларнинг жавобларидан фикрлаш шаклини аниқлашга уринган. Ўзбекистонда ўтказган тадқиқотларини Лурия кейинроқ ëзган “Босиб ўтилган йўл босқичлари: илмий автобиография” китобида ëдга олади.

Ана шу китобдан парча келтириб ўтамиз.

“Биз турли маданиятларга мансуб одамларнинг интеллектуал фаолиятини таққослаш натижасида инсон тафаккурининг келиб чиқиши ва интеллектуал фаолиятининг тузилиши ҳусусида ўта муҳим маълумот бериш муминлигини биринчи бўлиб англамаганмиз...

Биз техникавий жиҳатдан қолоқ¸ саводсиз¸ “анъанавий” жамиятга мансуб катта ëшдаги одамларнинг интеллектуал фаолиятини ўрганиш борасида кенг кўламли тадқиқотлар ўтказишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. 30-йилларнинг бошлари мамлакатимиз бундай тажрибаларни ўтказиш учун ўта қулай жой эди. Бундай тажрибаларни Россиянинг чекка қишлоқларида ўтказиш мумкин эди¸ бироқ биз ўтмиш ва ҳозирги замон маданиятлари орасидаги тафовут кучли бўгани учун одамларнинг тафаккур тарзи ва тафаккур мазмунининг ўзгаришини кузатиш ишлари катта имкон очаëтган Ўзбекистонни танладик. Ўзбекистон ҳақли равишда қадимий маданияти¸ Улуғбек¸ Ал-Беруний¸ Ибн Сино каби олимлари ва Саъдий ҳамда Низомий каби шоирлари, илм-фан ва шеърият соҳасида эришган ютуқлари билан ғурурланади. Бироқ асрлар давомида кенг халқ оммаси саводсиз бўлиб¸ уларнинг катта қисми бу юксак маданиятдан четда қолган”.

Фарангис Саид:

Луриянинг “Босиб ўтилган йўл босқичлари: илмий автобиография” китобидан парча эди. Олим Ўзбекистонда ўтказган тадқиқотлари давомида қўллаган тестлар ҳусусида тинчловчиларимиз тасаввур ҳосил қилишлари учун бир мисол келтириб ўтамиз.

Тоғли қишлоқда яшаган деҳқонлар орасида уларнинг мантиқий фикрлаши даражасини ўрганиш учун уларга қуйидаги савол берилган:

“Узоқ шимолда айиқларнинг ҳаммаси оқ. Янги ер Узоқ шимолда жойлашган. Янги Ердаги айиқларнинг ранги қандай?

Олинган жавоблардан намуналар:

“Мен ҳеч қачон шимолда бўлмаганман. Айиқларнинг ҳам на оқини, на қорасини умримда кўрган эмасман”.

Жавоблардан яна биттаси:
“Бунисини энди билмадим. Буни билишни истасангиз, шимолга бориб, бу айиқларингизни ўз кўзи билан кўрган одамлардан сўранг”

Яна бир деҳқон шундай жавоб беради:

“Айиқлар ҳар хил бўлади. Қизил бўлиб туғилса¸ ўлгунича қизил бўлиб қолаверади”.

Ўзбеклар орасида ўтказилган тестлардан бири ҳусусида Лурия ўз китобида шундай ëзади:

“Тажрибага жалб этилганларга бир неча геометрик шакл¸ мисол учун, айланалар туширилган қоғоз тақдим этилиб¸ уларнинг мазмунини сўз билан ифодалаш сўралган.

Аëллар билан чекка қишлоқларда яшаган дехқонлар уларни “ой”¸ “коса”¸ “чодир”¸ “билагузук”¸ “мунчоқ”¸ “тошойна”¸ “соат” ва “патнис” сингари сўзлар билан ифодалашга ҳаракат қилганлар. Савод кўрган ва колхоз техникаси билан таниш бўлганларнинг аксарияти эса суратларни геометрик шаклларнинг номи билан ифодалашган.

Бизларни¸ тажрибада қатнашганларни¸ доира шаклидаги икки фигура орасида боғлиқлик бор¸ деб ҳар қанча ишонтиришга уринмайлик¸ улар буни қатъиян инкор этишга уринганлари қизиқтириб қолди. Улар бу фигураларда фақат кундалик турмушда учратадиган предметларнигина кўришга қодир эдилар ва бу фигураларнинг мазмунини айнан ана шу предметлар орқали ифодалашга уринишарди”.

Фарангис Саид:

Александр Луриянинг Ўзбекистонда қўллаган тестларига оид эсдаликлари эди. Яна суҳбатдошимиз¸ ўзбекистонлик психолог-олима Людмила Норматовага қайтамиз.

Людмила Норматова:

Тестлар қўлланилганида¸ психологлар¸ айниқса Лурия билан Вигодскийдек таниқли психологлар¸ уларга ўта эҳтиëткорлик билан ëндашадилар. Улар, биринчидан, бутун бир миллат ҳусусида хулоса қила олмаганлар. Улар муайян тадқиқотлар ҳақида сўз юритишган ва модомики тадқиқотлар Ўзбекистонда ўтказилган экан¸ Лурия Москвага “ўзбеклар илюзиясиз яшарканлар” мазмунида телеграмма ëзган. Яъни бу ўзбекларда аëний-амалий фирклаш шакли кучлироқ эканини англатади. Бироқ ҳар қандай психолог сизга¸ тест у ëки бу жараëннинг фақат муайян давр ва муайян вазиятдаги ривожланиш даржасини кўрсата олишини айтиши мумкин.

Луриянинг китобларини ўқиркансиз, бир нарсага эътибор бериб ўтмаслигингиз мумкин эмас. У тажрибаларга жалб этилган саводсиз ўзбеклар тез ўрганишга қодир эканларини намойиш этганлари ҳақида ëзади. Яъни тадқиқотлар давомида халқнинг¸ ҳатто саводсиз халқнинг тафаккур потенциали ўта кучли бўлгани тасдиқланган. Тадқиқотларга жалб этилганларнинг айби эса¸ оғир турмуш шароитлари ва саводсизлик натижасида уларда кўпроқ фикрлашнинг аëний-амалий шаклигина ривожланганида. Шунинг учун улар тестларда берилган доиралар шаклида фақат осмондаги ой ëки чўнтакдаги тангани кўра олганлар.

Фарангис Саид:

Психолог Людмила Норматованинг Лурия томонидан қўлланилган тестларга оид мулоҳазалари эди. Ғарблик олимлар ҳам айни шу фикрга қўшилишади. Луриянинг ўзбеклар тафаккури ҳақидаги китоби хорижий мутаҳассисларга яҳши таниш. Психолог Бет Дэниэллнинг “Савод ва тафаккур: Луриянинг Ўзбекистон тажрибасидан нимани ўрганиш мумкин” номли мақоласида қуйидаги сўзларини ўқиш мумкин:

“Анъанавий жамиятларнинг кўпчилигига ҳос бўлганидек¸ ўзбеклар кўплаб маҳаллий муаммоларини ҳал қилишда шаҳсий ва коллектив билимдан қандай фойдаланишни яхши билганлар. Бироқ улар ëт юртдан келган ëт одам томонидан қўйилган икки жумла орасида умумийлик топиш масаласини ҳал қилиш тажрибасига эга бўлмаганлар.

Луриядан анча кейин анъанавий гуруҳларга мансуб Ғарбий Африканинг кпелл элати¸ Гватемаладаги майялар орасида ва Мичиганлик тадқиқотчилар томонидан ўтказилган психологик тадқиқотлар давомида ҳам Лурия тажрибаларига жалб этилганлар ўзбеклар сингари формал мантиқ қоидаларига қаттиқ қаршилик кўрсатишга интилганлар”.

Фарангис Саид:

Ғарблик мутаҳассис Бет Дэниэллнинг “Савод ва тафаккур: Луриянинг Ўзбекистон тажрибасидан нимани ўрганиш мумкин” мақоласидан парча эшиттирдик.

Мана шу ўринда Луриянинг ўзбеклар тафаккурига доир тадқиқотлари ҳусусидаги эшиттиришимизни якунласак бўларди. Бироқ бир муҳим нарса айтилмай қолгандек. Эшттиришни тайëрлашдан олдимизга қўйган мақсад - Лурия ўзбекларни ҳақорат қилганми¸ ëки унинг тадқиқотлари, ҳақиқатдан ҳам, психология фанини бойитган йирик ҳиссами, деган саволга жавоб топиш эди. Мутаҳассислар бу борада ўз фикрларини билдирдилар. Лурия асло ўзбекларни ҳақорат қилмоқчи бўлган эмас. Бироқ¸ бугунги Ўзбекистоннинг ўзида¸ ҳатто энг баланд минбарлардан янграëтган¸ ўзбекларнинг менталитети ҳали демократия ва демократик эркинликларга тайëр эмас¸ Ғарбда демократияга келиш учун асрлар кетди¸ бизларнинг ўз анъаналаримиз ва шунга кўра ўз танлаган йўлимиз бор¸ қабилидаги гаплар ўзбеклар шаънига ҳақорат эмасми? Сўз яна мутаҳассисга.

Людмила Норматова:

Муаммо шундаки¸ абстракт-мантиқий тафаккури ривожланмаган одамлар муайян вазиятга боғланиб қоладилар. Улар ҳулоса чиқариш¸ саволлар қўйишга қодир эмас. Ҳокимятга куч ëрдамида келганларида, авваламбор, саводли одамлар йўқ қилиниши сабаблари ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз. Лурия ўз тадқиқотларини 1929-32 - йилларда ўтказган. Ўша дамларда нималар содир бўлганини барча яхши билади. Совет иттифоқида 14 миллион одам Сталин қатағонида қириб ташланган. Ўзбекистонда Совет ҳокимияти қандай ўрнатилгани ҳам хозир ҳаммага яхши маълум. Табиий¸ ўлдирилганларнинг асосий қисми - фикрлайдиган¸ яъни абстракт-мантиқий тафаккури ривожланган одамлардир. Чунки бундай одамлар нима сабабдан менинг ҳаëтим бошқача эмас¸ айнан шундай кечмоқда¸ деган саволни ўртага қўйишлари мумкин эди.

Луриянинг тақдиқотларидан асосий мақсад таълим тарбия ва ривожланишнинг шаҳс шаклланишига таъсири ва ролини кўрсатишдан иборат бўлган. У қилган хулоса қуйидагича: агар тегишли муҳит яратилса¸ ҳар қандай одамда олий психологик жараëнлар¸ шу жумладан, абстракт-мантиқий фикрлаш жадал ривожлана бошлайди.

Шаҳсан ўзим 80-йиллар ўрталарида Тошкентда олти ëшли болалар орасида интеллектуал фаолият коэффициентини ўрганиш борасида тадқиқотлар ўтказганимда, бунга ишонч ҳосил қилганман. Чунки тадқиқотларим ўзбекистонлик боллаларнинг интеллектуал фаолияти коэффициенти Россия марказида жойлашган Пермдаги шу ëшдаги болаларнинг интеллектуал коэффициентидан бир қадар юқори эканини кўрсатган. Демак¸, нормал таълим тарбия муҳити интелектуал ривожланишга туртки беради.

Дилимни оғритаëтган нарса - Ўзбекистонда одамлар фақат тирикчилик ғамини ейишга мажбур бўладиган муайян муҳитга қайта ташлаб қўйилганида. Ана шундай муҳитда одам офтбни кўрганида “ишқилиб совуқ тушмай¸ тезроқ пахтамни йиғиб олай¸ пул қилиб, болаларимнинг қорнини тўйғазай”¸ деган фикрдан нарига ўтолмайди. Мен эса оддий ўзбек қуëшни кўрганида¸ “дунë нақадар гўзал¸ офтоб чарақлаб турганидан нақадар баҳтлиман. Қизиқ¸ бошқа юртларда бу қўëш қандай нур сочаркан ва бу нур тагида бошқа одамлар қандай яшарканлар”¸ деган ўйларга боришини хоҳлардим.

Фарангис Саид:

Муҳтарам мухлислар¸ сиз “Тўртинчи студия: Экспертлар минбари” рукнимиз доирасида ҳозирланган россиялик олим Александр Лурия 30-чи йиллар бошларида Ўзбекистонда ўтказилган маҳсус тадқиқотлар ҳусусидаги эшиттиришни тингладингиз.

“Тўртинчи студия. Экспертлар минбари” рукнининг ушбу сонини тайёрлашда Бек Нормуҳаммад қатнашган.
XS
SM
MD
LG