Линклар

Жорж Буш сафари АҚШ-Россия муносабатларининг янги даврини бошлаб беради


Фарангис Саид

Муҳтарам тингловчилар! Дастуримизни халқаро саҳнада рўй беражак муҳим ҳодиса тафсилотлари билан давом эттирамиз.

Чоршанба куни АҚШ Президенти Жорж Бушнинг Европа ва Россияга сафари бошланади. Ундан Германия, Италия ва Францияга ташрифлар ўрин олган бўлса-да, Оқ Уй раҳбарининг Москвага бориши ва Россия президенти Путин билан учрашиши сафарнинг энг муҳим босқичи экани шубҳасиз. Чунки Буш-Путин саммити АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг янги даврини бошлаб беради. Мавзу тафсилотлари билан Фарангис Саид.

АҚШ Президенти Жорж Буш чоршанба куни Вашингтондан Европага учади. Унинг Москвада Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашиб, қуролларни назорат қилиш борасидаги битимни имзолаши, Италия пойтахти Римда эса НАТО-Россия кенгашининг биринчи йиғинида қатнашиши режалаштирилган.

АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Кондолизза Райс Бушнинг ташрифи Ғарб ва Россия ўртасидаги муносабатларни янги босқичга чиқаражагини айтмоқда.

“Президент АҚШ ва Россия ўртасидаги муштарак манфаатлар ва ўзаро ишончга асосланган янги муносабатларни бошлаб беради. Президент Путин билан қуролларни қисқартириш борасидаги тарихий аҳамиятга эга битимнинг имзоланиши ҳамда Италияда НАТО-Россия Кенгаши йиғинининг очилиши бундай муносабатларнинг янги босқичга чиққанини англатади,” – деди Райс хоним жумладан.

Бироқ Буш ўзининг ташрифи давомида маълум муаммоларга дуч келиши мумкин. Чоршанба кечқурун Германия пойтахти Берлинга етиб борганида у Оқ Уйнинг Яқин Шарқдаги сиёсатига қарши чиқаётганлар, экологик вазият ҳамда савдо-сотиқдаги қонун-қоидалардан норози бўлганлар митингларини кўриши мумкин. Германияда АҚШ президенти канцлер Герхард Шрёдер билан учрашиб, Бундестагда “Бирлашган ва эркин Европа” мавзуида чиқиш қилади. Пайшанба кечаси эса у Москвага йўл олади.

Россияга уч кунлик ташрифдан кейин Буш Париж, сўнг Римда тўхтаб, яқинда таъсис этилган НАТО-Россия кенгашининг биринчи йиғинида иштирок этади. 28 май куни Вашингтонга учишдан олдин АҚШ раҳбари Рим папаси Иоанн Павел Иккинчи билан учрашади.

АҚШ Президентининг маслаҳатчиси Кондолизза Райснинг маълум қилишича, Бушнинг Европага сафари 2001 йил июнда Варшавада “бирлашган ва барқарор Европани барпо этиш учун НАТО ташкилотига собиқ совет республикалари ҳам қабул қилиниши керак”, мазмунидаги баёнотининг давоми этиб қабул қилиниши керак. Райснинг билдиришича, пайшанба тонгда Шрёдер билан учрашуви чоғида терроризм, Россия билан муносабатлар ва икки томонлама алоқаларни муҳокама этар экан, Буш Варшава мавзуини давом эттиради.

“У бирлашган, эркин ва барқарор Европа бўйича ўзининг ёндашувини баён этиб, НАТО ташкилотининг Прагадаги саммити яқинлашган сари Европа ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳамкорлик чуқурлашаётгани, улар ягона ёндашувнинг амалга ошишида муваффақиятга эришганларини айтиб ўтади. Президент Буш тарихий аҳамиятга эга бўлган бундай баёнотни бирлашган Европанинг марказида жойлашган бирлашган Германиянинг бирлашган пойтахтидан қилади,” – дейди Кондолизза Райс.

Бироқ кузатувчилар Бушнинг Германияга ташрифи давомида АҚШнинг ташқи сиёсати ва иқтисодий стратегиясига қаршиларнинг намойишлари кутилаётгани, уларнинг баъзилари канцлер Шрёдер тарафдорлари – “яшиллар” партияси томонидан уюштирилганини айтмоқдалар.

Европа бўйлаб сафарини давом эттираётган, сешанба куни “Озод Европа–Озодлик” радиоси қароргоҳи меҳмони бўлган Лаура Буш Берлинда Президент Бушга қўшилиб, сўнг Москвага у билан бирга учади.

Путин ва Буш учрашуви чоғида имзоланажак, сиёсатчилар томонидан тарихий аҳамиятга эга битим, деб номланган ҳужжат ҳусусида Бушнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Кондолизза Райс шундай дейди:

“Бор йўғи уч бетдан иборат бўлган ва олти ой давомида муҳокама этилган бу шартнома икки мамлакат совуқ уруш асоратларини ортда қолдириб, ҳамкорлик ва дўстликнинг янги босқичини бошлаётганидан далолатдир”.

Бундай ташқари, Буш Путин билан Россиядан ядровий технологияларнинг Эронга экспорт қилиниши, Россия ҳудудидаги ядровий, биологик ва кимёвий қуроллар омборхоналарининг террорчилар қўлига ўтиши хавфини муҳокама этиб, ташриф сўнгида Санкт-Петербург университети талабалари билан учрашади ҳамда Казань кафедрал собори ва синагогани зиёрат қилади.

Якшанба куни эса Жорж Буш Парижга бориб, яқинда қайта сайланган президент Жак Ширак билан учрашади ва терроризм ҳамда НАТО-Россия муносабатларини муҳокама этади. Душанба эрталаб АҚШ президенти Франция вилояти Нормандияда иккинчи жаҳон урушида халок бўлган АҚШ аскарлари хотираси кунини нишонлайди, кечқурун эса Римда Италия бош вазири Сильвио Берлускони билан учрашади. Сешанба кунига НАТО-Россия битимининг имзоланиши ва Бушнинг Рим папаси билан учрашиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG