Линклар

logo-print

Покистон ва Ҳиндистон ҳукуматлари ядровий уруш бошланиши эҳтимолини инкор этмоқдлар


Фарангис Саид

Ҳиндистон ҳукумати сўнгги кунларда авж олган ташвишларга чек қўйиш мақсадида ядровий урушга йўл қўймасликни ваъда қилди. Айни вақтда Покистон президенти Первез Мушарраф фақат ақлидан озган одам икки мамлакат ўртасидаги зиддият ядровий урушга олиб келади, деган фикр билдириши мумкинлигини айтди. Бироқ Жанубий Осиёда ядровий уруш бошланиши эҳтимоли катталигидан дарак бераётган жараёнлар кузатилмоқда. Улардан бири сифатида БМТ раҳбариятининг Покистон ва Ҳиндистон ҳудудида ишлаётган ҳодимлари оила аъзоларига икки мамлакатни тезда тарк этиш ҳақида буйруқ берганини келтириш мумкин. АҚШ, Британия, Франция, Исроил ва Жанубий Корея ҳукуматлари ҳам ўз фуқароларига икки мамлакатдан чиқиб кетишни тавсия этганлар.

Си-Эн-Эн телекомпаниясига берган интервьюсида Покистон раҳбари Первез Мушарраф ядровий уруш бошланиши эҳтимолини инкор этар экан, Исломобод Ҳиндистон ҳукумати билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини баён қилди. Россия президенти Владимир Путин эса келаси хафта Қозоқистонда бўлиб ўтадиган саммитда Мушарраф ва Атал Бехарий Важпайи ўртасида воситачилик қилиш ниятини билдирди. Айни вақтда Ҳиндистон мудофаа вазири Жорж Фернандес ҳукумат номидан гапирар экан, Покистон билан муросага бориш эҳтимолини батамом инкор этиб, Деҳли музокараларни бошлаш учун шарт сифатида Исломободдан Ҳиндистон ҳудуди ҳисобланмиш Кашмирдан исломий жангариларни олиб чиқишини талаб қилаётганини маълум қилди.

Мутаҳассислар эса агар икки ҳукуматдан бири ядровий қуролдан фойдаланишга қарор қилса, у ҳукумат Покистон ҳукумати бўлиши, чунки унинг армияси Ҳиндистонникига қараганда анча кичик эканини таъкидлашмоқда. Бу фикрга қўшилар экан, Ҳиндистон мудофаа вазири Деҳли ядровий қуролдан фақат Покистон ҳаракатларига жавобан, мудофаа учун фойдаланишини таъкидлашмоқда.

Ҳиндистон аҳолиси орасида эса норозилик тобора кучайиб, жамоатчилик ҳукуматдан кескин чораларни кўришни талаб қилаётир. Куни кеча исломий жангарилар томонидан Ҳиндистон штати Жамму-Кашмир маркази Шринагарга қарши уюштирилган ҳужумлар натижасида 14 ёшли бола нобуд бўлгани, 16 одам, шу жумладан икки аскар жароҳатлангани, якшанба куни чегаранинг Ахнур секторида ҳинд аёлининг нобуд бўлгани, қарийб 10 одам яралангани бундай норозиликларни айниқса кучайтириб юборди. Халқ норозилиги ва ғазабининг биринчи қурбони эса, одатта, ҳукумат бўлади. Шуни англаган ҳолда бўлса керак, Исломобод ва Деҳли ҳукуматлари бир-бирларини террорчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаётганликда айбламоқдалар. Деҳли Кашмирдаги исломий жангарилар билан 11 сентябрги ҳужумларни уюштирган террорчилар орасида фарқ йўқлигини таъкидлаётган бўлса, Исломобод озодлик учун курашаётган исёнчиларга маънавий ва дипломатик таянч кўрсатаётгани, террочиларни қўлламаётганини айтмоқда. Икки ҳукумат бир-бирини айблашда давом этар экан, Кашмир низоси покистонликлар ва ҳиндистонликлар, бир-бирига жуда ўхшаш, лекин турли динларга мансуб бўлган, аслида эса Оллоҳни турли номлар билан атайдиган икки халқ вакиллари ҳаётларини олиб кетмоқда.

1989 йилдан бери Кашмир низоси камида 60 минг одамнинг ёстиғини қуритди.
XS
SM
MD
LG