Линклар

logo-print

БМТ: Лойя Жиргага сайловлар муаммоларга тўла, бироқ адолатли бўлди


Фарангис Саид

Муҳтарам тингловчилар, дастуримизнинг минтақавий ва халқаро мавзудаги қисмини Афғонистонга бағишланган лавҳа билан давом эттирамиз.

Маълумки, 10-16 июн кунлари Афғонистонда Лойя Жирга бўлиб ўтади. Парламентаризмнинг Афғонистонга ҳос шакли бўлган бу йиғинда мамлакат келажаги, қолаверса Афғонистон янги ҳукуматининг раҳбари ва бошқа вакиллари сайланадилар. Сўнгги бир неча ҳафта давомида Лойя Жиргада иштирок этажак вакиллар сайловлари бўлиб ўтганидан хабарингиз бор. Баъзи маълумотларга кўра, Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбари Ҳамид Карзай сайловлар жараёнида Лойя Жиргада қатнашадиган вакиллар билан муросага келиб, ўзининг янги ҳукумат раҳбари сифатида қайта сайланишини кафолатлашга муваффақ бўлган. Тафсилотлар Фарангис Саид лавҳасида.
Лойя Жиргада қатнашажак вакиллар сайловлари давомида маҳаллий ҳокимлар рақибларига сайловларда қатнашмаслик эвазига пора берганлари, дўқ-пўписа қилганлари ва ҳатто уларни ҳибсга олганлари хақида кўплаб маълумотлар тарқатилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти май ойида Лойя Жиргада қатнашиши кутилаётган 8 вакил ўлдирилганини маълум қилиб, бундай вазиятдан хавотир билдирди.

Айни вақтда Афғонистоннинг энг қудратли қўмондонларидан бири Абдурашид Дўстум Лойя Жирга қатнашчиси этиб сайланган. Ҳолбуки, сайловлар қоидаларига кўра, Афғонистонда 20 йиллик уруш давомида тинч аҳоли вакилларини ўлдирган қўмондон сайловларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши керак. Шундай қилиб, парламентаризмнинг Афғонистонга ҳос шакли деган гапда жон бор кўринади – порахўрлик, дўқ-пўписалар, қонунбузарчиликлар Афғонистон баробарида Шарқнинг бошқа мамлакатларида ҳам тез-тез учраб туриши аниқ.

2001 йил 22 декабр куни муваққат ҳукуматни бошқарган Ҳамид Карзай ҳам Лойя Жиргага пухта тайёргарлик кўрмоқда. Маълумотларга кўра, Карзай Лойя Жиргада қатнашажак вакилларнинг аксарияти билан муросага келишга муваффақ бўлган. Миш-мишларга қараганда эса, 10 июн куни Кобулда йиғиладиган 1500 вакил Лойя Жиргада қабул қилинажак барча қарорлар бўйича музокаралар ўтказиб, муросага эришиб бўлган. Лойя Жиргада сайланадиган янги ҳукумат Афғонистонни келаси икки йил давомида бошқариб, мамлакат сиёсий келажагини белгилаб беради.

Мамлакат аҳолисининг аксариятини ташкил қиладиган паштунлар янги ҳукуматга уларни ҳам киритиш масаласи Лойя Жиргада ижобий ҳал қилинади, деб умид қилаётган бўлсалар, бошқалар Шимолий Альянс аъзолари ҳокимиятни ўз қўлларида олиб қолишга ҳаракат қилаётганларини қайд этмоқдалар.

Паштунлар ҳуқуқлари поймол қилинмаётганини намойиш қилиш мақсадида мамлакатга куни кеча қайтган собиқ шоҳ, паштун миллатига мансуб Муҳаммад Зоҳир паштунлар маркази бўлмиш Қандаҳор ва Мозори-Шарифни зиёрат қилишни режалаштираётган эди. Бироқ якшанба куни 87 ёшли шоҳ ташрифни кечга қолдиришга мажбур бўлди. Унинг вакили эса Зоҳир шоҳ “бироз бетоб” эканини эълон қилиб, бунга тушунтириш берди.

БМТнинг Афғонистондаги миссияси вакили, Лойя Жирга тайёргарликларида фаол иштирок этаётган Маноел де Алмейда э Силва муаммолар кўп бўлишига қарамай, сайловлар жараёни демократик бўлганини таъкидлаб ўтди:
“Лойя Жирга жараёнини мукаммал деб бўлмайди. Жараён давомида дўқ-пўписалар қилиш, пора олиш ҳоллари бўлди, бироқ у ҳақиқий халқ сайлови бўлганини инкор этиб бўлмайди”.

Шу кунларда Афғонистон жанубида Лойя Жиргага сайловлар бўлиб ўтмоқда. Бу жараён ҳақида БМТнинг Лойя Жиргани ўтказиш учун маҳсус тузилган мустақил комиссияси вакили Аҳмад Нодир Нодирий шундай маълумот берди:
“4-5 июн кунлари Ҳиротда бўлиб ўтадиган сайловлар жараёнга якун ясайди. Сайланган делегатлар сони, фуқаровий жамият гуруҳлари вакиллари ва мамлакат ташқарисидаги қочқинлар сони ўшанда маълум бўлади”.

Лойя Жирганинг 10-16 июн кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган бўлса-да, унинг 22 июнгача чўзилиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. 22 июн куни янги сайланган ҳукумат мамлакатни бошқаришга киришиши керак. Афғонистон халқи Лойя Жирга натижаларига катта умид билан қараётган, 22 июндан сўнг мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиб, тикланиш жараёни бошланишини кутаётган бир вақтда, Афғонистон ҳукуматига 400 миллион АҚШ доллари миқдорида ёрдам ажратишни ваъда қилган халқаро ҳамжамият шу кунга қадар ёрдамнинг бор-йўғи 45 миллион долларини ажратди, холос.
XS
SM
MD
LG