Линклар

logo-print

Ҳиндистон ва Покистон раҳбарлари Қашмир устида можароларнинг кескинлашганида бир – бирларини айблашдан нарига ўтишмади.


Алматида иш бошлаган Осий саммити давомида чиқиш қилган Ҳиндистон Бош вазири Атал Бихари Важпаи Покистон раҳбариятини террорчиларни қўллаб қувватлаётганликда айблади.
Ўз навбатида Покистон Президенти Парвез Мушшараф Жанубий Осиёда кескинликни юзага келишида авваламбор Ҳиндистон раҳбарияти айбдор, деб таъкидлади. Гарчи менинг мамлакатим урушни истамасада, имконияти доирасида ўзини ҳар қандай тажовуздан мудофаа этишга қодир, - деб таъкидлади Мушарраф.
Бугун Алмати саммити доирасида Ҳиндистон ва Покистон раҳбарлари билан сўзлашувлар олиб борган Россия Президенти Владимир Путин томонлар можарони тинч йўл билан ҳал этишга тайёр эканликларини қайд этди. Атал Бихари Важпаи Парвез Мушарраф билан бевосита мулоқотдан воз кечгани сабаб, учрашувлар айри ҳолда ўтди. Учрашув якунида чиқиш қилган Путин:
"Бизнинг Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги вазият жар ёқасига келиб қолганидан ташвишланмай иложимиз йўқ. Чунки, бу бутун Жанубий Осиё минтақасига хавф туғдирмоқда ва минтақадаги ҳар бир давлат эътиборидан четда қолмаслиги керак", - деб таъкидлади. Учрашувдан сўнг Покистон раҳбари Мушарраф сўзлашувларни Москвада давом этириш бўйича Путин таклифини қабул қилганини маълум қилди. Шунингдек, мазкур учрашувга Ҳиндистон бош вазири Атал Бихари Важпаи ҳам таклиф этилган, бироқ расмий Деҳли бу борада муносабат билдирганича йўқ.
Шунингдек, Алмати саммити давомида Хитой Халқ Республикаси раиси Цзян Цземиннинг ҳам Ҳиндистон ва Покистон лидерлари билан учрашуви режалаштирилган. Қозоғистонда Ҳиндистон ва Покистон раҳбарлари билан музокаралар давом этар экан, бугун Қашмир минтақасининг Ҳимолай мунозарали ҳудудларида отишмалар кузатилди.
XS
SM
MD
LG