Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:54

Лойя Жирга бошланди, лекин унинг натижалари қандай бўлиши ҳамон ноаниқ


Фарангис Саид

Илгари маълум қилганимиздек, 10 июн куни бошланиши режалаштирилган Лўя Жирга бир кунга кечиктирилди. Афғонистон расмийлари бунинг сабаблари техникавий бўлган, деб таъкидласалар, мустақил кузатувчилар аслида Лўя Жирга вакиллари собиқ шоҳ Муҳаммад Зоҳир роли қандай бўлиши борасида келиша олмаганлар, деган фикр билдирдилар. Душанба кечқурун Зоҳир шоҳ янги сайланажак ҳукуматни бошқариш ниятида эмаслиги, у муваққат ҳукумат раҳбари Ҳамид Карзайни қўллаб-қувватлашини эълон қилиб, бундай мубоҳасаларга чек қўйди.

Лўя Жирганинг бир кунга кечиктирилиши кузатувчилар орасида қизғин мубоҳасаларга туртки берди. Йиғин натижалари қандай бўлиши илгаридан маълум, деб таъкидлаётган тарафлар фикрларини ўзгартиришга мажбур бўлган бўлсалар ҳам ажаб эмас.

Лўя Жирганинг асосий мақсади - ўтиш даври ҳукумати ва давлат раҳбарини сайлашдир. Муваққат ҳукумат етакчиси Ҳамид Карзай давлат раҳбари лавозимига биринчи номзод бўлиб, 1500дан зиёд делегатдан кўпчилиги овозларини айнан Карзайга беришлари эҳтимоли жуда катта. Лекин мамлакатнинг 32 вилоятидан сайланган 1000 делегат ва Лўя Жирга комиссиясининг 500 вакили орасида келишмовчиликлар йўқ эмас. Мамлакат жануби ва шарқидан паштунлар, Панжшир водийсидан тожиклар, Ҳамид Карзай тарафдорлари ва Совет даври дала қўмондонларини қўллаб-қувватловчи жиҳодийлар – ҳокимият учун курашаётган асосий гуруҳлардир.

Муҳаммад Зоҳир Шоҳнинг паштунлар орасида ҳурмат қозониши Лўя Жирга жараёнига чалкашлик киритди. Сайланган 1000 нафар делегатдан 30 фоизи айнан паштунлардир. Улар собиқ шоҳни ҳам президент, ҳам давлат раҳбари этиб сайлаш тарафдорлари бўлиб чиқдилар. Шоҳ бундай рол ўйнашга мойиллик намойиш қилмади, унинг атрофидагилар эса, айниқса шоҳнинг ўғли ва набираси, Зоҳир шоҳни ҳокимиятни бошқаришга ундашга уриндилар. Паштун миллатига мансуб бўлмаганлар ҳам шоҳ номзодини қўллаб-қувватладилар. Ўзбек генерали Абдурашид Дўстум ва унинг “Жумбуш” партияси аъзолари баробарида ҳиротлик делегатлар ҳамда афғонистонлик ҳазоралар Зоҳир шоҳ тарафида эканларини баён қилдилар. Панжширлик тожиклар ва жиҳодийлар унга қарши чиқдилар.

Кузатувчилар 87 ёшли собиқ шоҳ мамлакатга раҳбарлик қилиш учун анча кекса эканидан хавотирлансалар, халқаро ҳамжамият ҳокимият президент ва ҳукумат раҳбари ўртасида иккига бўлинмасдан, бир киши қўлида мужассамланиши, бу киши Ҳамид Карзай бўлишини афзал кўраётгандек туюларди.

10 июн куни Зоҳир шоҳ бўлажак ҳукуматда ҳеч қандай рол ўйнамаслиги ва Ҳамид Карзайнинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб сайланиши тарафдори эканини эълон қилди. Лекин бу баёнот тортишувларга чек қўймади. Пактиё вилояти раҳбари Пошшо Хон Задраннинг сешанба куни Кобулда қилган баёнотини бунга мисол келтириш мумкин.

“Шоҳнинг Карзайни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги кечаги баёноти унинг шаҳсий фикри эмас. Боннда мен Карзай тарафдори эдим. Биз уни мамлакат учун энг лойиқ раҳбар, деб тан олган эдик. Ҳозирги кунда-чи? Бутун халқ мамлакатга шоҳ раҳбарлик қилишини ҳоҳламоқда”, - деб таъкидлади Пошшо Хон Задран.

Ҳозирги ҳукуматда кўплаб лавозимлар, ҳусусан мудофаа, ташқи ишлар ва ички ишлар вазирлари лавозимларига эга бўлган тожиклар янги ҳукуматда ҳам лавозимларини қўлдан бой бермай, сақлаб қолишга ҳаракат қилишлари аниқ. Ҳозирги ҳукуматда ташқи ишлар лавозимини эгаллаб келаётган доктор Абдулла Абдулла, мудофаа вазири Муҳаммад Фаҳим ва ички ишлар вазири Юнус Қонуний жаҳон ҳамжамиятига танилган сиёсатчилардир.

Мамлакатда энг катта ва кучли армияга эга паштунлар эса мудофаа вазири лавозими паштун миллатига мансуб бўлган кишига берилиши керак, демоқдалар. Уларга баъзи бошқа гуруҳлар ҳам қўшилдилар, тожиклар эса ҳозирги ҳукумат вакиллари ўзгармаслиги лозимлигини таъкидлаяптилар.

Тожикларга қарши чиқаётганлар Ҳамид Карзай сиёсатидан ҳам норозилик билдириб, уни панжширлик тожиклар таъсирини камайтиришга ҳаракат қилмаётганликда айбламоқдалар. Бундан ташқари, Карзай, унга мухолиф бўлганлар фикрларича, Кобулдан ташқари мамлакат ҳудудини назорат қилмай, барқарорлик ўрнатишга муваффақ бўлмади.

Бироқ, бундай айлбловларга қарамай, Карзай позицияси жуда мустаҳкам. Унинг Лўя Жирганинг асосий блоклари билан сиёсий келишувларга эришиб, янги ҳукумат раҳбари этиб сайланишга муваффақ бўлиши эҳтимоли жуда каттадир.

Тожиклар ва Карзай тарафдорларидан ташқари катта таъсирга эга бўлган яна бир гуруҳ – жиҳодийлар гуруҳи бўлиб, у совет армиясига қарши курашган дала қўмондонлари, жумладан Афғонистон собиқ президенти Бурҳонуддин Раббоний, ваҳоббийлар етакчиси Абдулрасул Сайяф, ғарбий вилоятлар етакчиси Исмоил Хон, Толибон ҳаракатининг собиқ вакиллари ва Гулбиддин Хикматиёр етакчилик қилаётган Ҳизб-у-Исломий партиясидан ташкил топган. Жиҳодийлар ҳукумат исломий бўлиши тарафдорларидирлар.

Лўя Жирга очилишига бир неча соат қолганида Бурҳонуддин Раббоний ўз номзодини раҳбарликка қўймаслиги ва Ҳомид Карзайни қўллаб-қувватлашини эълон қилди:

“Мен ҳам Лўя Жиргада Карзай жанобларини раисликка лойиқ бўлган ягона номзод сифатида таклиф қилишга рози бўлдим,” – деб айтди Раббоний.

Мамлакат келажаги ва халқ тақдирини белгилаб берадиган бу Лўя Жирга натижалари қандай бўлиши ҳақида турли башоратлар қилинмоқда. 22 июн куни мамлакатни ким бошқариши аниқ бўлганидан сўнг қайси башоратлар тўғри экани ҳам маълум бўлади.
XS
SM
MD
LG