Линклар

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти: иқтисодий ҳамкорлини чуқурлаштириш лозим


Фарангис Саид

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо олти давлат президентлари 7 июн куни Санкт-Петербургда ташкилот низоми ва сиёсий баёнотини имзолаб, бу билан хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида таъсис этилган гуруҳнинг халқаро ташкилот даражасига кўтаришга муваффақ бўлдилар.

Баёнотга кўра, терроризмга қарши кураш, минтақавий зиддиятларни ҳал этиш ва Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш баробарида ташкилот доирасида мамлакатлараро иқтисодий ҳамкорлик ҳам чуқурлаштирилиши лозим, ва бу унинг устувор масаласи этиб белгиланди.

2001 йилга қадар “Шанхай бешлиги” деб номланган мазкур гуруҳ 1996 йилда Хитой ва собиқ совет республикалари, ҳусусан Россия, Қозоқистон, Қирғизстон ва Тожикистон орасидаги территориал келишмовчиликларни ечиш мақсадида тузилган эди. 2001 йил июнда унга Ўзбекистон ҳам қўшилиб, унинг номи Шанхай ҳамкорлик ташкилотига ўзгартирилди, унинг мақсадлари сарасига эса терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши кураш каби мақсадлар киритилди.

7 июн куни Санкт-Петербургда имзоланган сиёсий баёнотда мамлакатлараро савдо-сотиқ ва сармоялар ҳажмини ошириш учун транспорт тармоғини барпо этиш, электр станцияларини қуриш, сув заҳираларидан фойдаланиш ва гидрокарбон ёнилғини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш каби проектлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Саммит иштирокчилари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти минтақада иқтисодий фаровонлик ҳукм суришига олиб келадиган тузилмага айланишига умид билдирдилар. Қозоқистон президенти Нурсултон Назарбоев эса умумий тарифлар сиёсатини ишлаб чиқариш лозимлигини таъкидлади.

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) сиёсий алоқаларини ўрганиш билан шуғулланадиган москвалик мутахассис Сергей Благов “Озодлик” радиосига берган интервьюсида Петербургда қилинган баёнотлар амалий тадбирларга олиб келишига ишонмаслигини билдириб, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга келишсалар-да, миллий манфаатлар тўқнашган ҳолларда бундай келишувлар уларнинг ёдидан чиқишини айтади.

“Масалан, 3 йил олдин Қозоқистон бошқа Марказий Осиё мамлакатларидан импорт қилинаётган озиқ-овқат моллари учун тарифни 200 фоизга тенг қилиб белгилаган эди. Бундай мамлакатлар орасига эса божхона иттифоқи – Евроосиё иқтисодий ҳамжиҳатлиги, МДҲ ичидаги гуруҳлардан бирига аъзо мамлакатлар ҳам киради,” - деб айтади мутахассис.

Айни вақтда Благов МДҲ мамлакатлари орасида ижобий жараёнлар ҳам кузатилаётганини эътироф этди.

Россия Президенти Владимир Путин ва Қозоқистон Президенти Нурсултон Назарбоев Санкт-Петербургда йилига 20 миллион тонна Қозоқистон нефтини Россия қувурлари орқали транзит қилиш ҳақидаги муҳим шартномани имзоладилар.

“Турли қувурлар, ҳусусан Қозоқистон-Новороссийск ва Боку-Жайҳон қувурлари орасидаги рақобат нуқтаи назаридан бу жуда катта аҳамиятга эга. Шундай қилиб, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Санкт-Петербургдаги саммитида камида бир муҳим шартнома имзоланди. Демак, ташкилот иқтисодий ҳамкорликнинг чуқурлашишида ижобий рол ўйнаши эҳтимолдан ҳоли эмас.”

Бундай фикр билдириш билан биргаликда, Благов Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг пост-совет маконидаги бошқа гуруҳлардан фарқи – унга Хитой аъзо эканида, дея таъкидлайди ва бу кўп томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланишига имкон беришини айтади. 90-йилларнинг ўрталаридан бери Россия расмийлари Сибир нефт ресурсларини Хитойга экспорт қилиш ғоясини илгари сураётирлар. Қозоқистон нефтни Хитойга экпорт қилиш ҳақида Пекин билан шартнома имзолаган. Бундан ташқари, Россия ташқи ишлар вазирлиги вакили Александр Яковенко Хитойнинг Жаҳон савдо ташкилотига қабул қилиниши ва Россиянинг ташкилотга қўшилишга тайёргарлик кўраётганини ижобий баҳолаб, бу икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам беришини эътироф этди.

Бироқ, Благовнинг таъкидлашича, ҳозирги кунга қадар Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар орасидаги савдо ҳажми пастлигича қолаётир.

“Россия ва Хитой ўртасидаги савдо ҳажми ўтган йили қарийб 10 миллиард долларга тенг бўлди. Россиянинг умумий савдо обороти эса йилига 150 миллиардга тенгдир. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бошқа аъзолари билан савдо ҳажми бундан ҳам кам. Масалан, Россия ва Қозоқистон ўртасидаги савдо ҳажми жорий йилда 5 миллиард долларга тенг бўлиши кутилмоқда. Ўзбекистон билан савдо ҳажми эса бор-йўғи 1 миллиард долларни ташкил қилади,” – дея маълумот беради Сергей Благов.

Айни вақтда Пекин Москва ва Вашингтон ўртасидаги алоқалар чуқурланаётганидан норози бўлиши мумкин. Россия ва Хитой стратегик ҳамкорлик ҳақида келишиб, АҚШнинг глобал ҳукмронлигига биргалашиб қарши чиқишни мақсад қилиб олган эдилар. 11 сентябрги воқеалардан сўнг вазият ўзгарди: Россия АҚШ ҳамкорига айланган кўринади.

Санкт-Петербург саммити олдидан Владимир Путин Хитой президенти Цзян Цземинни АҚШ ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик Россиянинг Хитой билан муносабатларига салбий таъсир қилмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилиб, бунга исбот сифатида Россия Хитойга қурол-яроғ сотишни давом эттириш ниятида эканини айтди.

“Жейнс Сентинел” гуруҳи нашриёти бўлмиш “Россия-МДҲ хавфсизлиги баҳолари” деб номланган газета муҳаррири Алекс Ватанка ҳар иккала давлат ташқи сиёсатининг устувор мақсади АҚШ билан ҳамкорликни чуқурлаштириш эканини таъкидлайди:

“АҚШ қўшинларининг тезда Марказий Осиёда жойлаштирилиши Хитой ва Россияни ташвишлантирмай қолмади. Ҳозирги кунга келиб, бу вазиятга ўрганган ҳар иккала давлатнинг асосий мақсади Россия-Хитой ҳамкорлигини чуқурлаштириш эмас, балки АҚШ билан ҳамкорликни чуқурлаштиришдан иборатдир”.

Лондонда жойлашган Стратегик тадқиқотлар институти етакчи таҳлилчиси Оксана Антоненко “Озодлик” радиосига берган интервьюсида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳозирги кунда қийин жараёндан ўтаётганини айтиб, у Афғонистондаги терроризм таҳликасининг нафақат олдини олиш, балки унга қарши курашишнинг ҳам уддасидан чиқа олмаганини айтади. Айни вақтда мутахассис ташкилотнинг потенциали катта, унинг фаолияти миллий манфаатларга асосланса, у муваффақиятга эришади, деб фикр билдирди.

“Узоқ келажакда, АҚШнинг Марказий Осиёдаги фаолияти сустлашса (менинг фикримча, эртами-кечми, биз бунга шоҳид бўламиз), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти яна бирламчи рол ўйнаши мумкин. Бундан ташқари, минтақанинг баъзи давлатлари ташкилот фаолиятида жуда фаол қатнашишдан манфаатдор бўладилар”.

Антоненконинг фикрича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти унга аъзо мамлакатлар учун ўта фойдали бўлиши мумкин. Бунинг учун ташкилот, ҳусусан унинг энг йирик икки аъзоси – Россия ва Хитой терроризмга қарши кураш баробарида муштарак иқтисодий лойиҳаларни ҳам илгари суришлари лозим. Бу қашшоқликни камайтириш, чегараларни белгилаш ва сув заҳираларидан фойдаланиш каби минтақа учун ўта муҳим бўлган масалаларни ҳамкорлик орқали ҳал этишга имкон беради.
XS
SM
MD
LG