Линклар

logo-print

АҚШ РАКЕТАГА ҚАРШИ МУДОФАА ШАРТНОМАСИДАН РАСМАН ЧИҚДИ

  • Ҳурмат Бобожон

Бундан роппа-роса олти ой олдин, яъни 13 декабр куни Вашингтон маъмурияти 1972 йилда имзоланган Ракетага қарши мудофаа шартномасидан чиқиши борасида Москвани расман огоҳлантирган эди. АҚШ Президенти Буш мазкур шартномани Совуқ уруш элементи сифатида таърифлаб, ҳозирги кун талабларига мутлақо тўғри келмаслигини урғулади. АҚШ раҳбарига кўра Ракетага қарши мудофаа тўғрисидаги шартноманинг ўз кучида қолиши Москва ва Вашингтон ўртасида гўё ихтилофлар сақланиб қолаётганидан дарак бермоқда. Ундан воз кечиш эса, деб таъкидлайди Буш, бу икки давлат ўртасида дўстона алоқалар ўрнатилишига туртки бўлиши мумкин. Шунингдек, мазкур шартноманинг бекор қилиниши АҚШ маъмуриятига ракетага қарши мудофаа янги тизимларини синаб кўриш имконларини очиб беради.Шу пайтгача уларнинг синови шартнома бўйича таъқиқлаб келинган эди. Декабр ойида шартномадан чиқиш режасини маълум қилиши билан, АҚШ ўзининг бир нечта ракетага қарши мудофаа тизимларини муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу эса Россия, Хитой ва ҳатто Америка иттифоқдошларининг ҳам кескин қаршилигига сабаб бўлган эди. Уларни давлатлар ўртасида қуролланиш пойгаси авж олиб кетиши ва шу орқали яна совуқ уруши хавфи пайдо бўлиши жиддий ташвишлантирмоқда. Америка иттифоқдошлари эса бунга жавоб тариқасида Россия ва Хитой ўз баллистик ракеталарини жонлантириб олмасайди деган хавотирда. Шу боисдан, яъни қуролланиш пойгасининг олдини олиш мақсадида АҚШ ва Россия раҳбарлари ўтган ой Москвада стратегик ҳужумкор ядро қуролларини учдан иккига қисқартириш борасида шартномани имзолаган эдилар. Бушга кўра, АҚШнинг ракетага қарши янги мудофаа тизимлари Россия ва Хитойдан келаётган хавф олдини олиш учун эмас, "жаҳолат ўқи" тамғаси босилган Ироқ ва Шимолия Корея каби давлатлар таҳдидига қарши жорий этилмоқда. АҚШнинг ракетага қарши мудофаа тўғрисидаги шартномадан чиқиш режасини кескин танқид қилиб келган Россия Президенти Путин ҳам уни қўллаб-қувватлаётган кўринади. Бироқ, эндиликда Бушнинг бу борадаги режасига мамлакат ичкарисида мухолифлар топилиб қолди. Айрим конгрессменлар АҚШнинг ўттиз йил давомида хатарли қуролланиш пойгасидан йироқ тутиб келган ракетага қарши мудофаа шартномасидан чиқишига қарши бўлмоқда. Уларнинг фикрича, мазкур шартнома давлатлар ўртасида тинчлик ўрнатилишида ҳозир ҳам қўл келиши мумкин. Қолаверса, Буш таклиф этаётган ракетага қарши янги мудофаа тизимларининг жорий этилиши АҚШ учун анча қимматга тушиши таҳмин этилмоқда. Дастурни амалга ошириш учун 64 миллиард доллар сарфланиши кўзда тутилмоқда, бироқ ундан кутилаётган натижа мавҳум, дейишмоқда Буш мухолифлари. Сешанба куни АҚШ Конгресси вакиллар палатасининг 31 аъзоси Бушнинг Ракетага қарши мудофаа шартномасидан чиқиш режасига қарши эканликларини ва нафақат қарши эканликларини бу борада Сенат билан маслаҳатлашмагани учун уни судга беражакларини айтишган. Америка қонунларига мувофиқ Президент бу каби қарорларни қабул қилишдан олдин Конгресс билан маслаҳатлашиши керак эди. Халқаро шартномаларнинг тўхтатилиши авваламбор Конгресснинг конституциявий ваколатига киради, Президентнинг эмас, деб қайд этади арзчилардан бири Конгрессмен Дэнис Кусинич. Гап Шартноманинг бекор қилинишида эмас, балки бу 30 конгрессмен ҳақиқатан ҳам шартноманинг бекор қилиниши тарафдори бўлиши мумкин, бироқ алам қилаётган нарса Оқ уй маъмуриятининг ўз бошимчалиги ва уларнинг қонунларни четлаб ўтаётгани, дейди Конгресс вакили. Хуллас, қуролланиш пойгасига барҳам бериб келган Ракетага қарши мудофаа тўғрисидаги шартноманинг бекор қилиниши Америка сиёсий доираларида катта жанжални юзага чиқарган кўринади. Бироқ, таҳлилчилар конгрессменларнинг бу борадаги иддаолари асоссиз эканини айтишмоқда. Чунки, АҚШ Президенти Жорж Буш шартномадан чиқиш режасини олти ой олдин маълум қилган эди. Вашингтонда жойлашган мустақил сиёсий тадқиқотлар маркази бўлмиш Като институти ҳуқуқшуноси Роберт Левай ҳам ана шундай фикрда. "Президент бундай ваколатга эга эмаслиги ҳусусида Конституцияда ҳеч нарса айтилмаган. Бундан ташқари шартномадан чиқиш борасида олти ой олдин огоҳлантирилган эди. Шундай экан Буш ўзбошимчаликка йўл қўйгани борасидаги иддаолар асоссиз, деб қайд этади таҳлилчи.

Бу фикрга Конгресcнинг собиқ аъзоси, ҳозирда Вашингтондаги Брукинг тадқиқотлар марказида ишлаётган Бил Френзел ҳам қўшилади. Фринзелга кўра, бундай ҳолатлар Президент Жэксон даврида ҳам кузатилган. Қолаверса нимага конгресснинг вакиллар палатаси Бушга атрофида ўралашиб қолишди. Ваҳоланки, шартномадан чиқиш қарори сенат томонидан ратификация этилиши керак, вакиллар палатаси томонидан эмас, - дейди таҳлилчи.

Аслида Сенат Конституция бўйича муайян қарорни ратификация қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқига эга. Шунингдек, мамлакат бош қонунида Конгресснинг ҳар бир аъзоси, шу жумладан, вакиллар палатаси аъзолари ҳам бу ишнинг бориши билан қизиқиб кўришга ҳақлидирлар. Шундай экан, агар улар шартнома бекор қилинишига қарши эканлар олдинроқ ҳаракат қилишлари керак эди. Чунки Буш бу ҳақда олти ой олдин огоҳлантирган эди.
Шундай экан ҳеч қандай арз-даъволар Буш режасига ҳалақит бермайдиган кўринади. Шунга қарамай, 30 конгрессмен, шу жумладан Кусинич ҳам бу жанжаллардан маънавий қаноатланиш хосил қилганликларини айтишмоқда. Биз арз-даъволармиз билан президентга ҳеч қачон бирон бир шахс қонундан устун келишига эътиборсиз бўлмаслигимизни кўрсатиб қўймоқчимиз, деб қайд этади Конгрессмен Кусинич.
XS
SM
MD
LG