Линклар

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Кофи Аннан Ҳамид Карзайнинг Афғонистон муваққат ҳукуматига қайтадан раҳбар этиб сайланганини олқишлади.


Аннан ушбу воқеани "Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик йўлида ташланган муҳим қадам" - дея эътироф этди. Афғон қавмлари оқсоқоллар кенгаши Лўя Жирга мажлисида кўпчилик овоз билан раҳбарликка қайтадан сайланган Ҳамид Карзай ўз халқи тинчлик-фаровонлиги, тотувлигини таъминлашда бор имкониятини сафарбар қилишини баён қилди.
"Мен бир Оллоҳнинг ожиз бандаси сифатида ўз халқим тинчлиги, мустақиллиги ва фаровон ҳаёти йўлида қўлимдан келганича, бор кучимни аямайман. Жафокаш Афғон халқига хизмат қилишга тайёрман", - деб таъкидлади Ҳамид Карзай.
Эндиликда Лўя Жирга депутатлари олдида мураккаб вазифа турибди. Улар янги ҳукумат аъзоларини сайлашлари керак. Бу борада айрим этник гуруҳлар ўртасида келишмовчиликлар ҳали ҳам сақланиб қолаётгани айтилмоқда. БМТ режасига мувофиқ, икки йилдан сўнг Афғонистонда умумхалқ демократик сайловлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG