Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:07

Қрим татарлари ҳуқуқлари қай аҳволда?


Фарангис Саид

18 асрга қадар татарлар Қримда ҳукмронлик қилганлар, сўнг ярим орол Россия империясига қўшилган. Ўша даврда татарлар Қрим аҳолисининг 80 фоизини ташкил этганлар. Кўплар учун Қрим татарлар ерини англатар, татарлар деганда, албатта, Қрим тушунилар эди. 19-асрда, Қримга аста-секин украинлар ва руслар кўчиб кела бошлаганларидан сўнг бундай боғлиқлик унчалик кучли бўлмай қолди. Совет даврида эса вазият кескин ўзгарди. 1944 йил 18-20 май кунлари қримлик татарлар тарихида бурилиш нуқтасини ясади. Фашист босқинчиларига ёрдам бераётганликда айбланган 200 мингдан зиёд қримлик татар уч кун ичида Марказий Осиёга кўчирилди.

1967 йилда Совет Иттифоқи компартиясининг бош котиби Никита Хрушёв Сталин сиёсатини қоралаб, ўша даврда кўплаб хатоларга йўл қўйилганини эътироф этар экан, бутун бир миллат – қримлик татарларга қўйилган айбловлар асоссиз бўлганини тан олди. Бироқ бу Қрим татарларига ўз ватанларига қайтиш имкони берилганини англатмади. Бундай имконият фақат қайта қуриш даврида пайдо бўлди. 1989 йилда 260 минг қримлик татар ярим оролга қайтиб борди. Ҳозирги кунда татарлар Қрим аҳолисининг 12 фоизини ташкил этадилар.

Қримлик татарлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган Қрим тикланиш жамғармаси раҳбари Лутфи Османов бугунги кунда кўплаб қримлик татарлар қийин аҳволда яшаётганларини айтади.

“Қримлик татарларнинг иқтисодий аҳволига келсак, муаммолар ҳали жуда кўп. Уларнинг ярми янги микрорайонларда, газ, электр энергияси, сув тармоғи ҳамон қурилмаган уйларда кун кечиришга мажбур. Бундан ташқари, татар тили ва маданиятини тиклашда ҳам турли муаммолар мавжуд. Сўнгги бир неча йилда чоп этилган дарсликларни кўздан кечирсангиз, улар Сорос жамғармаси кўмагида чиқарилганига шоҳид бўласиз,” – дейди Лутфи Османов.

Собиқ Совет иттифоқи ҳудудининг кўплаб қисмларидан фарқли ўлароқ, Қримда этник низолар юзага келмаган бўлса-да, у ердаги вазият қозонда қайнаб турган ва ҳар дамда тошиб, оловни ўчириши мумкин бўлган сувни эслатади. Қримлик татарлар мақомини ҳам аниқлаш қийин. Улар оз сонли миллат ичидаги оз сонли миллат бўлиб, бир тарафдан ярим оролда ҳукмронлигини қайта тиклашга уринаётган руслар, бошқа тарафдан эса аҳолининг аксарият қисмини ташкил этадиган ва Киев ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланаётган украинлар орасида сиқилиб қолганлар. 2001 йилда Украина парламенти агар маълум бир шахснинг буваси ёки бувиси Украина территориясида туғилган бўлса, у Украина фуқароси этиб тан олиниши ва паспортга эга бўлиши мумкин, деган қарор қабул қилди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг етакчи маслаҳатчиси Нил Мэлвин бу ҳақида шундай дейди:

“Шуни айтиб ўтиш лозимки, сўнгги 10 йил давомида Украина ҳукумати қримлик татарлар ва депортация қилинган бошқа миллатлар вакилларига фуқаролик бериш борасида муҳим тадбирларни амалга оширди. Айни вақтда уларнинг жамиятга интеграциясини жадаллаштириш мақсадида турли сай-ҳаракатлар қилинмоқда. Булар жумласидан бир вақтлар депортация қилинган ва бугунги кунда қайтиб келаётган одамларга уй-жой ажратиш ва умумий тарзда ёрдам курсатишни айтиб ўтиш мумкин. Лекин, ҳукуматнинг тадбирларни амалга ошириш учун керак бўлган ресурслари чекланган,” – деб фикр билдиради Нил Мэлвин

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг оз сонли миллатлар бўйича олий комиссари Ролф Экеус ўтган ҳафтада Украинада бўлиб, расмийлар билан учрашди. Оз сонли миллатлар, ҳусусан, қримлик татарлар масаласини муҳокама қилар экан, жаноб Экеус ташкилот номидан гапириб, бу масалага халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди ва Қрим учун кўпроқ молиявий ёрдам ажратилиши устида ишлаш ниятини билдирди.

Қримлик татарлар эса молия - бир масала, ҳал этилиши керак бўлган муаммолар талайгина, деб улардан биринчиси қримлик татарларнинг ярим оролнинг маҳаллий аҳолиси сифатида тан олиниши кераклигини айтадилар. “Бу ҳолда қримлик татарларга уй-жой ва ер ажратилиши кераклиги, халқ келажагини белгиловчи сиёсий ва иқтисодий қарорларни қабул қилиш жараёнига жалб этилиш учун эса улар парламентга сайланиш ҳуқуқига эга бўлишлари лозим”, - дейишмоқда инсон ҳуқуқлари фаоллари. Улардан бири – Қрим тикланиш жамғармаси раҳбари Лутфи Османов шундай фикр билдиради.

“Биз қримлик татарларнинг Украинада кимлиги ва уларнинг Қримда кимлигини аниқлаб олишимиз зарур. Бу ер, мактаблар, сайловлар ва кўплаб бошқа масалалар билан боғлиқдир. Имтиёзлар яратилиши ҳақида гап кетганида, кўплар “сизлар ҳар доим имтиёзлар талаб қилиб келгансизлар,” - дейишади. Бироқ аслида қримлик татарлар имтиёзлар талаб қилмаяптилар. 1944 йилда улар барчага маълум сабабларга кўра депортация қилинганлар, сўнг ўз она-ватанларида камчилик бўлиб, оз сонли миллат бўлиб қолганлар”, - деб фикр билдиради Лутфи Османов.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг етакчи маслаҳатчиси Нил Мэлвин эса ташкилот раҳбарияти қримлик татарларнинг қийин аҳволини тушунса-да, уларга алоҳида мақом бериш ғоясини қўллаб-қувватламаслигини айтади.

“Олий комиссарнинг фалсафий ёндашувига кўра, бир гуруҳ учун имтиёзлар яратиш эмас, турли этник гуруҳларнинг ўзаро интеграциясини тезлаштириш учун қулай шароитлар яратиш лозим. Ташкилотимиз аслида турли этник гуруҳлар орасидаги оралиқни имкон қадар камайтиришга ҳаракат қилади,” – деб қайд этади Нил Мэлвин.

1999 йилда Украина парламенти Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг босими натижасида Қрим татарларининг маҳсус Намоёндалар кенгашини таъсис этди. Кенгаш вакиллари президент маъмурияти ҳодимлари билан учрашиб, қримлик татарлар ҳуқуқлари билан боғлиқ турли масалаларни муҳокама қиладилар. Жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган сайловлар натижалари эса қримлик татарлар ҳуқуқларининг яхшироқ ҳимоя қилиниши учун янги имкониятлар очиб берди: беш нафар қримлик татар Қрим регионал парламенти, икки татар эса Киевдаги миллий парламентга депутат этиб сайландилар.

Совет иттифоқи парчаланганидан сўнг постсовет маконида кўплаб миллатлараро зиддиятлар юзага келди. Аксарият ҳолларда улар тинч, демократик, адолатли йўл билан ҳал этилмай, қонли тўқнашувларга олиб келган. Қрим ярим оролидаги ҳозирги жараён шу тарзда давом этса, у низонинг қонсиз йўл билан ҳал этилиши мумкинлигини намойиш қилган биринчи ҳол бўлади.
XS
SM
MD
LG