Линклар

"ВОЗРОЖДЕНИЕ"ДА БИОЛОГИК ҚУРОЛЛАР СИНАЛГАНМИДИ?

  • Ҳурмат Бобожон

1971 йилнинг жазирама ёзи. Орол денгизи узра шимол тарафдан шамол эсмоқда. Кучли довул Орол денгизида балиқлар сонини ўрганаётган совет экспедициячилари ишига халал бермаётгандай. Ўшанда денгизда сузаётган экспедиция кемаларининг бири шамолнинг кучли таъсирида жануб томон оғиб, беҳосдан Возрождение ороли атрофларига келиб қолади. У ерларда Совет Иттифоқининг биологик воситалари сақланишини денгизда балиқ овлаётган экспедициячилар қаердан ҳам билишсин! Шу тариқа кема ўзи билан чечак касаллигининг ўлим ташувчи вирусларини Қозоғистоннинг Аральск портига олиб келади. Бу 1971 йилнинг август ойида бўлган эди. Совет Иттифоқида бир неча кишининг ёстиғини қуритган чечак вируси тарқалиши ана шундай бошланганди. Калифорниядаги Монтеррей халқаро тадқиқотлар институти таҳлилчиси Рей Зилинскас 1971 йилги Аральск фожеасини яқиндан ўрганган таҳлилчилардан. Яқинда Возрождение оролида бўлиб қайтган Рей Зилинскас, Чечак вируси қандай тарқалгани ҳусусида айрим фактларни келтириб, шуларни айтади.
"Ўшанда ёшгина жувон чечак вирусининг биринчи қурбони бўлганди. Ўша аёл орол денгизида экологик вазиятни ўрганаётган кемаларнинг бирида, аниқроғи 1971 йилнинг июл ойи охирларида Возрождение ороли жанубий соҳилига бориб қолган кемада техник ходим бўлиб ишларди. Бизнинг таҳминларимизга кўра, у Возрождение оролидан 15 километр узоқликда ҳаракатланаётган кемадалиги пайтида оролдан келаётган заҳарли биологик аэрозолни қабул қилган. Кейин уйига - Аральскга қайтганида унда бирданига чечак хасталиги асоратлари кўрина бошлайди. Шундан сўнг ўша аёл чечак вирусини 9 ёшли укасига юқтиради. Шу тариқа чечак эпидемияси бутун Аральск бўйлаб тарқалади", – деб қайд этади Рей Зилинскас
Кўп ўтмай чечак вирусини юқтирган икки гўдак ва бир ўқитувчи аёл заҳарли вирусининг кучли таъсирида ҳалок бўлади. Ўшанда ҳаммаси бўлиб 10 киши чечак вирусига чалинганди. Улардан уч нафари етарли эмлаш чоралари кўрилмагани боис ҳаётдан эрта кўз юмди. Ушбу фожеалардан сўнг Аральск шаҳри ёпиб қўйилади. Алматидан Москвага ҳаракатланаётган поездларга Аральскда тўхтамаслик буюрилади. Бутун мамлакат бўйлаб оммавий эмлаш кампанияси ва карантин холатлари эълон қилинади. Ниҳоят орадан тўққиз йил ўтар экан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти чечак вируси батамом йўқ қилинганини эълон этади. Монтеррей институти таҳлилчилари фикрича, 1971 йилда Аральскда чечак вируси тарқалиши шунчаки бахтсиз ҳодиса эмас. Бу - Возрождение оролида биологик қуроллар синаб кўрилганидан далолатдир. Илгари буни истеъфодаги рус генерали, Совет Иттифоқи биологик қуроллари дастури собиқ раҳбарларидан бўлган Пётр Бугасов ҳам тасдиқлаган эди. "Московские новости" газетасига берган интервьюсида Бугасов ҳақиқатан ҳам Возрождение оролида биологик қуроллар синови ўтказилганини, бунинг оқибатида бир неча киши нобуд бўлганини ошкор этди. Ўшанда Бугасов Аральск фожеаси хусусидаги хотираларини қуйидагича эслаганди.
"Бирданига телефоним жиринглаб қолди. Телефон гўшагини кўтарсам ўша пайтдаги КГБ бошлиғи Юрий Андропов экан. У мендан Аральскда чечак эпидемияси тарқалиш сабабларини, экспедиция кемаси қандай қилиб Возрождение ороли яқинига бориб қолганини сўради. Чунки ўшанда Возрождениега кемаларни яқин йўлатмаслик бўйича махфий топшириқ берилганди. Мен Андроповга чечак вируси Возрождение оролидан тарқалганини айтганимда, у менга бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмасликни тавсия қилганди". Бу Генерал Бугасов хотиралари эди.
Канатжан Алибеков саксонинчи йиллар давомида Совет Иттифоқи биологик қуроллари бўйича етакчи олимлардан бўлган. У биринчи бўлиб чипқон вирусини тарқатувчи биологик қуроллар дастурини ишлаб чиққан, шунингдек чечак вирусини тарқатувчи янги қуроллар ишлаб чиқиш бўйича махсус лойиҳага масъул эди. Алибеков 1992 йилдан буён Америкада истиқомат қиляпти. Ҳозирда Кен Алибек номи билан танилган олим Биологик қуролларга қарши мудофаа ташкилоти президенти сифатида фаолият олиб бормоқда. Алибек Возрождение оролида биологик қуроллар синови ўтказилганини тасдиқлар экан, шуларни айтади.
" Мен олдин ҳам бу синовлар ҳақида эшитгандим. Яъни, 1970-80 йилларда чечак вирусини тарқатувчи биологик қуроллар "Возрождение"да синалганини менга айтишганди", – деб қайд этади Кен Алибек. Бироқ, Алибек чечак вируси аэрозолини тарқатувчи воситалар очиқ хавода эмас махсус палатада синаб кўрилганини айтади. Унинг таъкидлашича, Возрождениеда ҳар йили апрел ойидан ноябргача чечак вирусидан ташқари, ўлат, чипқон ва бошқа бактериологик заҳарли микробларни тарқатувчи қуроллар ҳам синаб келинган. Улардан фақат 1971 йилги синовлар фожеали якунланди.
XS
SM
MD
LG