Линклар

logo-print

Шинжон шафқатсиз воқеъликка кўника оладими?


Фарангис Саид

Жонс Хопкинс Университетининг "Марказий Осиё ва Кавказ таҳлилчиси" журналидаги мақола асосида


Уйғурлар Хитойнинг Шинжон-уйғур автоном вилояти аҳолисининг аксарият қисмини ташкил этади. 11 сентябрдан сўнг кўплаб бошқа ҳукуматлар каби расмий Пекин ҳам терроризмга қарши кураш ниқоби остида оз сонли миллатлар, ҳусусан мустақилликка эришиш ғояларидан ҳамон воз кечмаган уйғурларга қарши таъқибларни кучайтирди. Бугунги дастуримизда бу мавзуни яна бир бор кўтарар эканмиз, ёнма-ён яшаётган икки халқ – уйғурлар ва хитойлар орасидаги жар устига кўприк қуриш мумкинми, деган саволга жавоб топишга уринамиз.

Уйғурлар ҳуқуқларига оид турли мақолаларни кўздан кечирар эканман, АҚШнинг Жонс Хопкинс Университети нашриёти бўлмиш “Марказий Осиё ва Кавказ таҳлилчиси” деб номланган журналдаги бир мақола эътиборимни ўзига тортди. Сарлавҳасини “Шинжон шафқатсиз воқеъликка кўника оладими?” деб таржима қилиш мумкин бўлган бу мақола америкалик олима Рут Ингрэм қаламига мансуб бўлиб, муаллиф икки халқ – уйғурлар ва хитойлар орасидаги фарқ ва ўхшашликлар ҳақида сўз юритар экан, муаммога мен бошқа мақолаларда сезмаган янги бир қараш билан ёндашади.

Шинжон уйғурлари ва хитойлар орасидаги зиддиятни ҳаётнинг ҳар бир соҳасида кузатиш мумкин, деб қайд этар экан муаллиф, уйғурлар хитойларни босқинчилар деб ҳисоблашлари, Пекин ҳукумати томонидан чиқарилган ҳар бир қонун уйғурлар томонидан уларнинг ҳуқуқларини поймол қилажак қарор сифатида қабул қилинишини айтиб, Хитой – хитойлар ери, у ерда ҳамма нарса хитойлар томонидан яратилган ва хитойларга хизмат қилиши керак, деган фикр ҳақиқатан ҳам асослими, деган саволни илгари суради.

11 сентябрги воқеалардан ҳар иккала тараф ўз манфаатларини кўзлаб фойдаланишга ҳаракат қилди, деб ёзади Рут Ингрэм. Уйғурлар учун бу озодлик ҳаракатини жадаллаштириш учун янги имкониятларни англатган бўлса, Пекин ҳукумати АҚШ бунга катта эътибор бермаслигини билиб аксил-террор кампанияси ниқоби остида уйғур фаолларига қарши таъқибларни кучайтирди.

Қизиғи шундаки, терроризмга қарши урушнинг фронт чизиғида бўлишни мақсад қилиб олган ОАВ бундай уринишларни иккиланмай қабул қилиб, ўтган йилги Шинжондаги Макдональдс биносидаги портлашни ҳам теракт деб баҳолади. АҚШнинг “Таймс” газетаси “уни уйғур сепаратчилари уюштирганлар”, деб ёзишга шошилди. Ҳақиқатан ҳам Шинжонда жиноятчилик юқори даражада бўлиб, бунинг негизида камбағаллик ва ишсизлик каби сабаблар бор. Бироқ, Рут Ингрэмнинг фикрича, жиноятчини полицияга топшириш ўрнига олий маълумотли уйғурлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари Пекин ҳукумати олиб бораётган сиёсат уйғурлар ҳуқуқларини поймол қилишга қаратилгани ҳақида гапиришга одатланганлар. Умуман олганда, бундай гапларда жон бор, лекин жиноятчини жиноятчи деб тан олмай, уни жазосиз қолдириб, миллатлараро зиддиятларни янада чуқурлаштиришда фойда бормикан, айниқса, ёш авлодлар тарбияси нуқтаи назаридан, деб ёзади мақола муаллифи.

Уйғур ёшлари Марказий Осиёдаги мусулмон биродарлари каби мустақилликка эришишни орзу қиладилар. Такламакондаги нефт ва газ уйғурларга тегишли бўлиши, нефтни жаҳон бозорида сотишдан олинган даромад эвазига самолётлар сотиб олиб, турли мамлакатлар билан ҳаво алоқалари ўрнатиш, темир ва автойўллар, дўконлар, велосипедлар, кийим ва пойафзал, ҳамма ҳамма нарсанинг уйғурлар томонидан уйғурлар учун ишлаб чиқарилиши ҳақида орзу қиладилар ёшлар. Шарқий Туркистонда сайловлар бўлиб ўтиши, адолатли ва демократик мамлакат барпо этилиши ҳам уйғур ёшлари орзуларидир. Бироқ буларни орзу қилиш тўғримикан, деб шубҳаланади “Марказий Осиё ва Кавказ таҳлилчиси” деб номланган журналда чоп этилган мақола муаллифи Рут Ингрэм, ва собиқ совет республикалари мустақилликка эришганларидан сўнг адолатли, демократик, ҳуқуқий жамиятлар эмас, балки коррупция ва непотизм ботқоғига ботган, авторитар режимларга айланганларини таъкидлайди. Бундан ташқари, уйғурлар орасида ҳам турли кланлар мавжуд бўлиб, бир клан вакили бошқа клан вакили ҳокимлигидан хитойлар ҳокимиятини афзал кўради. Албатта, Пекин ҳукумати уйғурлар ва хитойлар орасидаги сиёсий ва иқтисодий тенгсизликка чек қўйишга киришмаса, уйғур сепаратизми хавфи кучаяверади. Бошқа тарафдан, Рут Ингрэмнинг фикрича, уйғурлар мустақилликни орзу қилиш ўрнига воқеъликни қарши олиб, ундан келиб чиққан ҳолда фаолият юритишлари лозим. Ҳеч қачон рўёбга чиқмайдиган орзулар эса уйғурларнинг Хитойда реал сиёсий
кучга айланишида тўсиқ бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG