Линклар

ДОЛЛАР ОЛУВЧИЛАР НАВБАТИ УЗАЙМОҚДА


Кейинги кунларда Тошкент шаҳридаги валюта алмаштириш шахобчаларида АҚШ долларини сотиб олиш учун тўпланиб турган одамлар сони кўпайиб кетганлиги кузатилаётир.
Доллар сотиб олмоқчи бўлаётганларнинг фикрича, валюта алмаштириш шахобчалари ходимлари компьютер бузуқ, доллар кам, сертификат йўқ¸ деган баҳоналар билан ахолига доллар сотгиси келмаяпти.
20 июн куни Ўзбекистон Миллий банкининг Тошкент шаҳар бош бошқармаси валюта алмаштириш шахобчаси олдида 60га яқин одам доллар сотиб ололмаганликлари учун норозилик билдиришган.
Уларнинг айтишича, мазкур банк ҳар-хил баҳоналарни рўкач қилиб, ахолига доллар сотишдан бош тортмоқда.
Бироқ банкнинг валюта амалиётлари бўлими бошлиғининг айтишича, валюта алмаштириш шахобчалари ходимлари тушликка чиқмоқчи бўлишган. Одамлар эса бунга норозилик билдиришган.
Ўзбекистон миллий банкининг валюта алмаштириш шахобчалари бўйича масъули Нодир Назаровнинг «Озодлик» муҳбирига айтишича, «қора» бозорда ноқонуний валюта алмаштириш билан шуғулланувчилар яқинда долларнинг сўмга нисбати ошиб кетади, дея миш-миш тарқатишган. Шу миш-миш сабаб доллар сотиб олмоқчи бўлган одамлар сони кўпайиб кетиб, валюта алмаштириш шахобчалари олдида сезиларли навбатга туришлар пайдо бўлган.
Банк вакили валюта алмаштириш шахобчаларида доллар етарли миқдорда эканини билдирди.
Ўтган ойдан бери республикада хорижий валюта сотиб олиш тартиби бир қанча енгиллаштирилган.
XS
SM
MD
LG