Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:49

СЕВИЛЬЯ САММИТИ ЕВРОПА ИТТИФОҚИНИНГ ИММИГРАЦИЯ БЎЙИЧА МУШТАРАК СИëСАТИГА ПОЙДЕВОР ЯСАДИ


Адолат Малик

Кўпинча Европа иттифоқи саммитлари натижалари танқид қилинади. Чунки бу олий даражали йиғинларда катта эҳтиëткорлик билан танланган сўзлардан битилган, аммо негизида конкрет чора-тадбирлар бўлмаган муросавий қарорлар қабул қилинади. Лекин, биринчи галда ўз миллий манфаатларини кўзловчи 15 мамлакатдан ташкил топган иттифоқнинг муроса қилмай бошқа иложи ҳам бўлмаса керак. Бу йил ҳам шу маънода истисно бўлмади, Севилья учрашуви қатнашчилари қатор масалалар бўйича муросавий қарорларга эришишди. Шу билан бирга улар ўз ўлкаларида ғайри-қонуний муҳожирликни тўҳтатиш масаласига келганда, кутилмаган якдиллик намойиш этишди.
Европа комиссиясининг норасмий маълумотларига кўра, Европа иттифоқи мамлакатларига ҳар йили 500 мингга яқин ноқонуний муҳожир кириб боради. Тахминий ҳисоб-китобларга қараганда, ҳозирда иттифоқ ҳудудларида бир миллион атрофида ғайри-қонуний муҳожир яшайди.
Лавҳа бошида айтиб ўтганимиздек, Севилья саммитида бир неча масала юзасидан муросавий қарорлар қабул қилинди. Хусусан, йиғинда иштирок этган айрим раҳбарлар даъватларига кўра, ноқонуний муҳожирлар оқимларини тўҳтатишга қаратилган тадбирларда ҳамкорлик қилмайдиган давлатларга қарши жазо чораларини қўллаш таклифи қабул қилинмади. Шу каби, итифоққа аъзо бир неча мамлакат қаршилиги туфайли, Европа иттифоқининг чегарани назорат қилувчи кучларини тузиш масаласи ҳам узил-кесил хал қилинмади. Аммо рўй берган мубоҳасаларга қарамай, асосий нуқта- ноқонуний иммиграцияга чек қўйиш масаласида саммит қатнашчилари муштарак позиция билдиришди. Кузатувчилар фикрига кўра, Севилья саммитида қабул қилинган қарорлар Европа иттифоқининг иммиграция ва қочқинлар масалалари бўйича янги сиëсатига асос солмоқда. Шу маънода мубоҳасалар ғайри-қонуний мухожирликка қарши чора кўриш ëки кўрмаслик атрофида эмас, балки қандай чоралар кўриш ҳусусида бўлди. Британия, Испания, Германия ва Дания расмийлари санкцияларга учраш таҳликаси бу масалада ҳамкорликни таъминлашнниг энг самарали ричаги бўлади, деган позицияни билдиришди. Аммо бу ëндошувга қарши чиққан Швеция ва Финляндия муаммони узоқ истиқболда ҳал этишнинг энг яхши йўли дунë мамлакатларига камбағалликни бартараф этишга ëрдам кўрсатишдан иборатлигини таъкидлашди. Африкадаги ўз собиқ колониялари билан алоқаларни бузиб қўйишдан ҳавотирланган Франция ҳам Швеция ташаббусини қўллаб- қувватлади. Ниҳоят, Финляндия бош вазири Пааво Липпонен муросавий қарорларга эришилганини эълон қилди." Европа иттифоқи ва унга ҳамкор давлатлар орасидаги муносабатлар яхлит бир шаклда кўрилиши лозим. Шундан келиб чиқиб, биз автоматик равишдаги жазоловчи санкцияларни кўллаш масаласини кўтармаймиз. Лекин агар муайян мамлакат ўзи берган ваъдалари устидан чиқмаса, бу ҳолда икки томонлама муносабатлар қайта кўриб чиқилади. Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам камбағалликни бартафар этишга қаратилган молиявий ëрдамга тегилмайди", -деди Липпонен.
Айни пайтда, Испания ташқи ишлар вазири Хосеп Пике Европа иттифоқига аъзо барча мамлакатлар муҳожирлик ва қочқинлар масалаларида чинаккам манодаги муштарак сиëсат тарафдорлари эканларини урғулади. "Қонуний иммиграция каби, ноқонуний мухожирликнинг ҳам чуқур илдиз отган сабаблари борлигидан биз хабардормиз. Айнан шунинг учун биз масалага кенг ëндошмоқчимиз, молиявий лойихалар орқали биз ноқонуний муxожирлар манбаига ëки улар ўтувчи транзит минтақага айланган мамлакатларга муаммони ҳал этишда ëрдам беришга харакат қиламиз. Бу- Европа иттифоқи ишлаб чиқмоқчи бўлаëтган муштарак сиëсатнинг муҳим омили бўлади", - деб қайд этди Испания ташқи ишлар вазири.
Бироқ, келажакда Европа иттифоқи давлатлари бошқа мамлакатлар билан келишувларида томонларнинг ноқонуний иммиграцияга қарши курашишлари ҳақидаги бандни ҳам киритишни режалаштирмоқда. Ноқонуний иммигрантларга қарши чоралар доирасида Европа иттифоқи чегарани назорат қилувчи қўшма ҳарбий кучлар фаолиятини жорий йил сўнггида бошлашни кўзда тутмоқда. Бу кучлар бош қароргоҳи Брюсселда бўлади.
Севилья саммитида қочқинлар масаласи ҳам кўриб чиқилди. Расмийлар қайси тоифадаги муҳожирларни қочқин, деб ҳисоблаш масаласида ҳам турли фикрлар билдиришди. Мисол учун Германия муҳожирларга қочқин мақомини бериш-бермаслик масаласини ҳар бир мамлакат ҳукуматининг ўзи хал қилиши керак, деган позицияни билдирди. Ушбу ëндошувни Германия канцлери Герхард Шрëдер шундай изоҳлади: "Меҳнат бозорларига кириш имкони ҳар бир мамлакатга хос хусусиятлар билан боғлиқ бўлгани боис, бу масалани Европа иттифоқи даражасида эмас, балки алоҳида олинган давлат миқëсида ҳал этиш маъқул."
Аммо иттифоқ бу масалада якдил позиция йўқлигига қарамай, уни ҳам тартибга солишга ҳаракат қилмқода. Келаси йилга бориб иттифоқ қайси тоифадаги муҳожирларни қочқинлар сифатида қабул қилишни белгилаш учун қочқин тушунчасини ишлаб чиқади.
XS
SM
MD
LG