Линклар

БУШ МУСТАҚИЛ ФАЛАСТИННИ АРАФАТСИЗ КЎРМОҚДА

  • Ҳурмат Бобожон

Яқин Шарқда террорчилик тўлқини кучаяр экан, АҚШ Президенти Жорж Буш минтақада тинчлик ўрнатиш борасидаги янги режасини эълон қилди. Ўртага ташланган янги режада фаластинликлар Ясир Арафатсиз террорчиликка барҳам бериб, демократия сари одим ташлашлари кераклиги айтилади. Буш душанба куни бу борадаги ўз қарашларини ифода этар экан, фаластин халқини ўзига янги раҳбар сайлашга даъват этди. "Мен фаластин халқидан ўзига террорчилик ва ҳар-хил иддаолардан ҳоли раҳбарларни сайлашларини сўрайман. Мен фаластинликларнинг ҳуррият ва толерантлик ғояларига асосланган демократия йўлидан боришлари тарафдориман ва сизларни бунга даъват этаман", - деб таъкидлади Буш, жумладан. АҚШ раҳбарига кўра, Яқин Шарқда тинчликнинг қарор топиши, мустақил Фалатин давлатининг барпо этилиши аввалам бор янги сайланадиган Фаластин раҳбариятига боғлиқ. "Агар фаластинликлар ўзларига янги раҳбариятни сайлаб, минтақада хавфсизликни қарор топтириш борасида Исроил билан янги алоқалар ўрнатсагина, Америка Қўшма Штатлари мустақил Фаластин давлатини барпо этишда қўлидан келган ёрдамни бериши мумкин", - деб қайд этди Оқ уй раҳбари.

Гарчи Буш ўз чиқишида Арафат номини тилга олмаган бўлсада, гап Фаластин раҳбари ва унинг истэъфоси ҳақида бораётгани равшан. Буш маърузасидан унинг Исроилга бир оз ён босаётгани анчагина сезилади. Сал олдинроқ Исроил Бош вазири Ариэль Шарон Вашингтон раҳбариятига Арафат тинчлик музокараларини олиб боришда ишончли ҳамкор бўлолмайди, у сиёсий саҳнадан четда туриши керак, чунки Арафат террорчи гуруҳлар билан узвий алоқада дея баён қилган эди. Францияда чиқадиган "Либерасьион" газетаси ўзининг "Буш Фаластин давлатини Арафатсиз тасаввур қиляпти" сарлавҳали мақоласида Вашингтон раҳбари ўзининг деярли икки соатлик мурожаатида Исроил харбийлари Фаластин ерларини қайтадан босиб олгани ҳусусида биронта ҳам сўз айтмаганини ёзади. "Нью-Йорк таймс" (New York Times)газетаси Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича Буш қарашларини "ҳали йўналиши чизилмаган ҳом-ҳатала режа" сифатида таърифлади. "АҚШ раҳбарининг баёнотларига Ясир Арафат террорчи гуруҳларнинг бирига 20 минг доллар ўтказгани ҳақидаги маълумот сабаб бўлган", - деб ёзади "Нью-Йорк таймс".

Фаластин мухториятининг бош музокарачиси Саеб Эрекат Буш чақириғига муносабат билдирар экан, мухториятга янги раҳбар сайлаш таклифини фаластинликлар учун ақлга сиғмайдиган ножоиз нарса, - дея таърифлади. "Си-Эн-Эн" телеканалига берган интервьюсида Эракат Президент Арафат Фаластин халқи томонидан сайланган қонуний раҳбар эканини ва бу ҳурмат этилиши кераклигини урғулади. Арафатнинг ўзи эса минтақада тинчлик ўрнатиш борасидаги Буш чиқишини олқишлади. Фаластин расмий ахборот бошқармаси орқали қилган баёнотида Арафат унинг маъмурияти Буш таклифи юзасидан ҳар қандай сўзлашувларга тайёр эканини маълум қилган. Бироқ, баёнотда Фаластин раҳбариятини ўзгартириш борасидаги Буш таклифига муносабат билдирилмаган халос. Буш ўртага ташлаган режага мувофиқ Фаластинда қонун чиқарувчи органга сайловлар шу йилнинг оҳирида ўтказилиши ва тузилажак янги вакиллик органи ҳозиргига қараганда кучлироқ салоҳиятга эга бўлиши кўзда тутилади. Шунингдек, Буш таклифига кўра Фаластинда янги конституция ҳам қабул қилиниши керак. Барпо этилажак янги вақтли Фаластин давлати чегаралари ва масалага оид бошқа жиҳатлари борасида сўзлашувлар эса Фаластиннинг янги раҳбарияти билан олиб борилиши. Агар бу талаблар бажарилгудек бўлса Вашингтон мустақил Фаластин давлати барпо этилишида, унинг босиб олинган ерлари қайтариб берилиши борасида Исроил билан бўладиган сўзлашувларга воситачилик қилишга тайёр эканини билдирмоқда. Ҳуллас, Буш режаси таҳлилчилар эътиборидан четда қолмади. Жумладан, Вашингтондаги халқаро стратегик тадқиқотлар маркази Яқин Шарқ дастури раҳбари Жудит Киппер Оқ уй Арафат шахсига кўп урғу бераётганини танқид остига олди. Зеро Кипперга кўра Ариель Шарон ҳам Яқин Шарқда тинчлик музокаралари олиб бориш учун ишончли ҳамкор эмас. "Ҳар икки раҳбар ҳам ўз халқларининг тинч фаровон ҳаёти, уларнинг келажагини ўйлашдан йироқ. Ҳар икки раҳбар ҳам фақат куч ишлатиш муамони ҳал этишнинг бирдан бир йўли деб билади", - дея таъкидлайди Киппер жумладан.

Фаластин маъмуриятидаги ўзгаришлар минтақадаги тинчлик жараёнига қанчалик ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Ваҳоланки, Вашингтондаги Като институти таҳлилчиси Гален Карпентерга кўра ўтказилган сўровлар шуни кўрсатмоқдаки, 51 фоиз фаластинлик деярли икки йилдан буён давом этаётган "интифада" яъни фаластинликларнинг исроил босқинига қарши қўзғолонини "озодлик ҳаракати" деб билади. Қолаверса, фаластинликларнинг 68 фоизи эса ўзини-ўзи портлатиш орқали содир этилаётган террор ҳаракатларини ўзларининг мустақиллик йўлидаги қонуний тактикаси деб билади. Шундай экан, Фаластин раҳбариятидаги ўзгаришлар тинчлик жараёнига туртки бўлиши ҳақиқатга қанчалик яқин. Яъни Яқин Шақда портлашларнинг давом этаётгани Арафат шаҳсига боғлиқми? Ушбу савол билан бир вақтлар Америка Қўшма Штатларининг Ироқдаги элчиси бўлиб ишлаган, ҳозирда "Озод Европа – Озодлик радиосининг" Ироқ бўлими раҳбари Дэвид Ньютонга мурожаат этдик. "Албатта, Арафат билан боғлиқ қарама-қаршиликлар, нафақат Исроил ва АҚШда, балки араб дунёсида, шу жумладан фаластинликлар орасида ҳам мавжуд. Бироқ Арафат қирқ йилдан буён давом этаётган Фаластин қаршилик ҳаракатига раҳбарлик қилиб келмоқда ва у фаластин халқининг, фаластин мухториятининг қонуний сайланган раҳбаридир. Шу боисдан у айримлар учун номақбул бўлиб кўринаётган бўлиши мумкин. Бироқ Буш таклифи шунчаки оғизда айтилган муддатлари ноаниқ бир ғоя ҳалос, буни тинчлик режаси деб бўлмайди. Шу боисдан унинг Яқин Шарқда тинчлик жараёнига таъсири тўғрисида бир нима дейишга ҳозирча эрта деб ўйлайман. Сўзсиз Фаластин мухторияти демократия борасида ислоҳотларга, ҳақиқатпарвар раҳбариятга мухтож. Бошқа томондан олиб қарасак Фаластин мустақил давлат эмас. Улар бошқа давлат босқини остида бўлиб қолмоқда. Шундай экан, бу ерда демократия ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Чунки бу халқ ўз қонуний ҳуқуқларига эга эмас, унинг қонуний ҳуқуқлари босиб олувчи давлат иҳтиёрида. Арафатни эса Фаластиндаги кўплаб ўрта табақа вакиллари, демократия, дунёвий давлат тарафдорлари қўллаб қувватлашади. Унинг мухолифлари эса "Хамас", "Хизбулла" радикал исломий гуруҳларидир. Шундай экан, агар фаластинда сайловлар ўтказиладиган бўлса ҳукумат тепасига радикал кучларнинг келиб қолиши ҳеч гап эмас. Президент Буш эса ўзининг душанба кунги чиқишида Исроил Бош вазири Шарон қарашларини ҳимоя қилиб, Арафат лавозимидан кетишини айтди халос", - қайд этади кузатувчи.
XS
SM
MD
LG