Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:05

Россия “путинлашмоқдами” ?


Фарангис Саид

Ўзбекистондаги ҳар бир мансабдор кабинетида Президент Ислом Каримов портретини кўришингиз мумкин. Китоб дўконларида совет даврида КПСС бош котиби ва Сиёсий бюро аъзолари расмлари сотилган бўлса, эндиликда президент Каримовнинг суратларини сотиб олишингиз мумкин. Тошкентнинг баъзи жойларида “Каримов ўзининг кулиб тушган расмларини кўпроқ ёқтирар экан, мана бунисини, худди тахтга ўхшаган курсида ўтириб тушганини ёқтирмай, олиб ташланглар, бошқа кўрмайин, деган экан”, - қабилидаги гапларни эшитишингиз мумкин. Марказий кўчалардаги биноларнинг барида - Каримов суратлари. Мана, Каримовнинг ёш болалар билан тушган расми, мана – “Умид” жамғармаси совриндорлари билан, мана унинг жаҳон давлатлари раҳбарлари билан олинган суратлари. Ўзбекистон ҳақидаги китобларда “Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграцияси” сарлавҳаси остида Каримовнинг АҚШ Президенти Билл Клинтон билан тушган расмлари солинган эди. Каримовнинг 2002 йил март ойида Вашингтонга сафаридан сўнг бундай китобларда унинг Президент Жорж Буш билан бирга тушган суратлари тасвирланган бўлса ажаб эмас. Давлатга қарашли ҳар бир газетанинг ҳар бир сони Президент Каримов суратлари билан бошланади. Бу - якка ҳокимлик белгиларидир. Лекин бу борада Ўзбекистон Туркманистондан анча ортда қолган. Ашхобод кўчаларидаги ҳар бир бинода Туркманбоши сурати. Кўплаб суратларда Сапармурот Ниёзов нур сочиб турган қуёш, мусаффо осмон, оқ кабутарлар ва Туркманистон сиймоси бўлмиш аҳалтака чопқир отлари фонида тасвирланган. Геология бошқармаси биносида Туркманбошининг геолог формасини кийиб тушган расми, божхона биносида эса божхона ходими формасини кийиб тушган сурати. Бу - якка ҳокимлик белгиларидир. Демократик ҳисобланган мамлакатларда–чи? Уларда вазият ўзгачами? Қозоғистон, Қирғизистонларда ҳам биноларнинг аксариятида президентлар суратлари, тўғри, қуёш нурлари фонида эмас, балки миллий байроқ фонида. Қозоғистон ва Қирғизистонни демократик деб бўлмайди, дейсизми? Тўғри айтасиз. Келинг унда, Россияга бир назар ташлайлик. Ҳар бир мансабдор Президент Путин суратини ўз кабинети деворига осишни ўзи учун шарт деб биладиганга ўхшайди. Курсклик журналист Ольга Сушкованинг айтишича, бундай “путинизация”, яъни “путинлашиш” жараёни тадбиркорларни ҳам қамраган. “Матрёшка” деб аталадиган рус ўйинчоғи. Лекин жилмайиб турган аёл эмас, балки Путин тасвири билан. Ёғочдан ясалган Пасха тухумларида ҳам Путин суратлари. Челябинск шаҳрида “Путин” деб номланган ресторан очилибди. Путиннинг ҳокимиятни реструктуризация қилиш ғоясини қўллаб-қувватлашини намойиш қилмоқчи бўлганми, ресторан ҳўжайини у ерда тайёрланадиган кабобга “ҳокимият вертикали”, деган ном берган. Сутли ичимликни эса “Вова кичик бўлганида”, деб номлаган.

Қайта қуриш даврида “Горбачев” ароғи жуда машҳур бўлгани ёдингизда бўлса керак. У ароқ аслида Михаил Сергеевич Горбачев эмас, балки бошқа асрда яшаган, бу ароқни ишлаб чиқара бошлаган Горбачев номи билан аталгани кейинроқ маълум бўлган эди. Туркманистондаги “Сердар”, яъни “Сардор” ароғи эса мустақиллик даврида чиқарила бошлаган. Қозоғистонда икки хил – бири “Нур”, бошқаси эса “Султон” деб аталган ароқларни кўришингиз мумкин. Ўзбекистонда президент номи билан аталган ичимлик йўқ. Тўғри-да, ароққа “ислом” деган ном бермайсиз-ку?! Ҳа, дарвоқе, Россияда ҳам “Путин” деб номланган ароқ йўқ. Ҳозирча.

Икки ярим йил олдин ҳокимият чўққисига кўтарилган Владимир Путиннинг халқ орасидаги обрўси кунсайин ошиб бормоқда. Бунинг сабаби нимада?

24 июн куни Кремлда Путин 700 нафар журналист билан учрашди. Саволларга баъзида ҳудди ўқитувчи ўқувчиларга диктант ёздиргандек жавоб берар экан, президент икки соатдан кўпроқ вақт давомида барча журналистнинг эътиборини ушлаб туришга муваффақ бўлди. Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши масаласига алоҳида тўхталган Путин Россия ташкилот ташқарисида қолаётган ягона йирик мамлакатлигини айтиб, иқтисодий ўсишни таъминлаш ва қашшоқликни камайтириш - ташкилотга қўшилишнинг асосий шартлари эканини таъкидлади.

НАТО ташкилотининг кенгайиши ва унга Болтиқбўйи давлатларининг қўшилиши ҳақидаги саволга эса Россия раҳбари мана бундай жавоб қайтарди:

“Бизнинг ўйлашимизча, НАТОнинг кенгайиши ҳеч қайси тараф - на НАТОга қўшилмоқчи бўлган давлатлар, на ташкилот хавфсизлигининг яхшироқ таъминланишига олиб келади”.

Яқин Шарқ низосида йиллар давомида Фаластинни қўллаб-қувватлаган Россия Путин даврида позициясини ўзгартирдими? Бу саволга ёруғлик киритар экан, Путин терроризмни қоралаб, айни вақтда Исроил Ясир Арафатни ҳокимиятдан четлаштиришга уринмаслиги кераклиги, бу минтақадаги вазиятни янада кескинлаштириши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Ички сиёсат ҳақидаги саволлар сирасида энг муҳими - Чеченистон ҳақидаги савол бўлди.

“Чеченлар ҳақидаги салбий фикрларга келсак, чечен халқини ҳеч нарсада айблаб бўлмайди, - дея фикр билдирар экан Путин, - ҳа, афсуски, бундай фикрлар мавжуд. Бизнинг вазифамиз - чеченларни душман, террорчи деб ҳисоблайдиган фикрларни йўқ қилишдан иборатдир,” – деб қайд этди.

Нафақалар вақтида тўланмаётганлиги, аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласига ҳам етарли эътибор қаратилмаётганини тан олар экан, Путин совет даврида ГАИ номи остида танилган давлат автоназорати ходимлари орасидаги порахўрлик ҳақида ҳам гапирди. Бироқ, Путиннинг фикрича, порахўрликда нафақат автоназорат ҳодимлари, балки бу иллатга қарши курашмаётган жамиятни ҳам айблаш керак.

“Михаил Горбачев, сўнг Борис Ельцин ҳокимияти 15 йил давом этган бўлса, бу давр ичида Россияда тартиб йўқолган эди. Путин эса бир ярим йил ичида тартиб ва осойишталикни қайта ўрнатишга муваффақ бўлди”, - дейишади аксарият россияликлар. Бу - Путин обрўси ва нуфузининг бир сабабидир. Яна бири - унинг бошқа сиёсатчилардан фарқли ўлароқ, саволларга равон ва барча учун тушунарли қилиб жавоб бера олишидир. Одамлар билан алоқа ўрнатишни тез ўрганган Путин 24 июнги анжуманда бу қобилиятини жуда яхши намойиш қилди. Ёшлигида ота-онаси ҳоҳишига биноан аккордеон чалишни ўрганишга мажбур бўлганини айтиб берар экан, Владимир Путин ҳаётининг 30 йили – собиқ Ленинград, ҳозирги Санкт-Петербургдаги коммунал квартирада ўтганини айтиб, “оддий россияликлар қандай яшаётганини мен жуда яхши биламан”, - деди.

Россияда якка ҳокимлик ўрнатилиши мумкинлигидан хавотирланаётган журналистлар Путин портретларини ҳамма ёқда кўриш мумкинлиги ҳақида савол бердилар. Владимир Путин “давлатнинг байроқ ва мадҳия каби миллий сиймолари бор, президент ҳам миллий сиймо бўлиши мумкин, лекин шахс сифатида эмас, президентлик институти, ҳокимият сифатида”, - дея жавоб қайтарди. “Бироқ президент портретларини осишда меъёр бўлиши керак”, - деди Путин. Бу меъёрни қандай аниқлаш мумкинлиги ҳусусида у ҳеч нарса демади, журналистлар эса сўрамадилар.
XS
SM
MD
LG