Линклар

logo-print

ХАЛҚАРО ВАЛЮТА ЖАМҒАРМАСИ (ХВЖ) ЎЗБЕКИСТОНГА ЯНА ИККИ ОЙ МУҲЛАТ БЕРДИ

  • Ҳурмат Бобожон

Июн ойи охирлаб борар экан, Ўзбекистонда валюта конвертациясига чекловлар бекор қилинадими, деган савол яна ўртага чиқди. Чунки Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ Тошкент ҳукумати 1 июлдан бошлаб сўм конвертациясига чекловларни олиб ташлаш мажбуриятини олган эди. Ўзбекистонда пул ислоҳотларининг боришини кузатиш мақсадида яқинда Эрик Де Вриер (Erik De Vrijer) бошчилигидаги Халқаро валюта жамғармаси делегацияси мамлакатда бўлиб қайтди. Улар фикрича, Ўзбекистон ўзининг ўта марказлашган ва чигал иқтисодини ўнглаб олишда "сезиларли ўсиш"га эришган. Шунга қарамай, Тошкентда чиқиш қилган ташкилот вакиллари мамлакатда бошланган пул ислоҳотлари йўлида чекинишлар бўлиш – бўлмаслигини аниқлаш учун мазкур жараённи яна икки ой давомида кузатиб боришларини айтишган. Эрик Де Вриерга кўра мана шу икки ой, яъни қўшимча мухлат Ўзбекистон билан ХВЖ ўртасидаги ҳамкорлик истиқболини белгилаб беради. Эслатиб ўтиш жоизки, ўтган йили ХВЖ Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар кузатилмагани боис у ердаги ўз вакилини чақириб олган эди. Лондон Иқтисодий тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Дафне Тер-Сакарян (Dafne Ter-Sakarian) фикрича, Ўзбекистонда валюта конвертацияси борасидаги ислоҳотларни жонлантириш учун ХВЖ Тошкентга яна қўшимча икки ой муҳлат берди. Чунки, мамлакатда хорижий валюталарнинг эркин алмашинувини таъминлаш - Халқаро валюта жамғармаси дастурининг муҳим жиҳати ҳисобланади. Ўзбекистонда эса ҳанузгача сўмнинг хорижий валюталарга нисбатан турли курслари сақланиб қолмоқда. Булар ҳукумат тарафидан белгиланадиган икки давлат курси, яъни тижорат ва биржадан ташқари курси ва қора бозор курсларидир. Шунга қарамай, дейди Тер-Сакарян сўнгги икки ой ичида бу курслар ўртасидаги фарқ бироз камайган, ва шунинг ўзи ижобий холат.

"Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда валюта конвертацияси билан боғлиқ ижобий ўзгаришлар кузатилди. Дастур доирасида кўзда тутилганидек, валюталарнинг биржадан ташқари ва қора бозор курслари ўртасидаги тафовут бироз камайди. Гарчи сўмнинг хорижий валютага нисбатан давлат курси ва қора бозор курслари яқинлашишдан йироқ бўлсада, улар ўртасидаги фарқ ҳам аста-секинлик билан камаяяпти. Қолаверса, хорижий валюталарни сотиб олиш имкониятларининг кенгайтирилгани ҳам ижобий холат", - дейди таҳлилчи.

Ҳозирда ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан давлат курси 750 сўм 5 тийин қилиб белгиланган. Банклараро тижорат курси эса 990 сўмни ташкил этади. Қора бозорда эса валютафурушлар ҳар бир АҚШ доллари учун 1150-1200 сўмдан беришмоқда. Тер-Сакарян фикрича, бу курслар ўртасидаги фарқлар - июл ойига келиб йўқолиши мумкин бўлмаган нарса. Шунинг учун ҳам Халқаро валюта жамғармаси яна икки ой мобайнида бу жараённи кузатиб борадиган бўлди. Бироқ таҳлилчи, агар валюта конвертацияси борасида ҳукумат бошлаган ислоҳотлар шу йўсинда борса, икки ой ичида бунга эришиш мумкин эканини айтади. Шунга қарамай, дейди Тер-Сакарян, Ўзбекистон ҳукумати юргизаётган сиёсатда "шаффоф"лик етишмайди. Улар кўпинча сунъий йўллар билан бунга эришишга уринишади. Жараёнга ҳалақит бераётган омил ҳам бюрократик тўсиқлар эканини айтади таҳлилчи.

"Масалан, cиз биласиз хорижий валюта сотиб олиш жисмоний шахслар учун 1000 доллар миқдорида белгиланган. Бу гўё ижобий холатдай кўринади. Бироқ бу қулоғингизга қанчалик ёқимли эшитилмасин, фақат йилнинг ҳар чорагида бир марта уни сотиб олиш имконига эгасиз холос. Гўё ҳеч нарса ўзгармагандай".

Тер-Сакаряннинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги кўплаб ҳукумат амалдорлари давлат ва қора бозор ўртасидаги фарқдан анчагина пул қилишмоқда экан. Қолаверса, пахта иши билан боғлиқ айрим амалдорлар бу фарқларнинг сақланиб қолишидан анча манфаатдор. Сўмнинг хорижий валюталарга нисбатан белгиланган курслари ўртасидаги тафовутнинг йўқолиши эса ҳукуматнинг коррупционер амалдорлари нонини яримта қилади. Шунинг учун ҳам, улар бу жараённи қандай қилиб бўлмасин чўзишга ҳаракат қилмоқда. Иккинчи томондан эса Ўзбекистонда валюта конвертациясининг таъминланиши мамлакат учун катта пул, сармоя демакдир. 11 сентябр воқеаларидан сўнг собиқ Совет давлатлари қаторида биринчилардан бўлиб ўз ҳарбий базасини америкаликлар иҳтиёрига берган, халқаро аксил-террор кампаниясини қўллаб-қувватлаётган Ўзбекистонга иқтисодий ёрдамлар ваъда қилина бошланди. Бу ёрдамларга эришишнинг ягона йўли эса – ислоҳотлардир. Кузатувчилар фикрича, ҳозир Ўзбекистонда ислоҳотлар бошлаш учун айни палла. Бундан халқ ҳам, мамлакат ҳам манфаат кўриши мумкин. Бу йил Ўзбекистон иқтисодига анча сармоя ётқизган Европа ривожланиш ва қайта қуриш банки раҳбари Жан Лемьер (Jean Lemierre) ҳам шу фикрда.

"Аминмизки, Ўзбекистон бу йўлда илдамроқ қадам ташлайди. Чунки бундан биринчи навбатда мамлакатнинг ўзи манфаат топади. Ўзбекистонда сармоялар учун, бизнес учун имкониятлар талайгина. Ҳозир эса у ерда иқтисодни эркинлаштириш вақти-соати келди", - қайд этади Лемьер. Бунинг учун эса Европа ривожланиш ва қайта қуриш банки ушбу йилнинг ўзида Ўзбекистонга қарийб 200 миллион евро ажратишни кўзламоқда.
XS
SM
MD
LG