Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:44

АҚШ БИЗНЕССИДАГИ СЎНГГИ ҒАВҒО ХАРИДОРЛАР ИШОНЧИ КАМАЙИШИГА ОЛИБ КЕЛИШИ МУМКИН


Адолат Малик

Қўшма штатлардаги кузатувчилар мамлакатдаги йирик компаниялардан бири молиявий соҳада қатор ноқонуний амалиëтларни содир этгани америкалик сармоядорлар ва харидорларнинг мамлакат иқтисодиëтига нисбатан ишончига кучли зарба беришини қайд этишмоқда. АҚШнинг телекоммуникациялар соҳасидаги етакчи компаниялардан бири, УорлдКом ширкати атрофида бошлаган жанжал ким, қандай қилиб, қачон ва шунга ўхшаш яна кўплаб саволларни ўртага чиқармоқда.

Сешанба оқшом УорлдКом ширкати 2001 йил ҳамда жорий йилнинг биринчи уч ойида ўз амалиëтларига уч миллиард саккиз юз миллион доллар сарфлаганини яширганини маълум қилди. Бу йўл орқали компания қайд этилган вақт ичида бир ярим миллиард долларлик даромад кўрганлигини баëн қилишга муваффақ бўлган. Аммо эндиликда ширкат раҳбарияти ўтган ўн беш ой давомида даромад у ëқда турсин, каттагина зиëн кўрганини эътироф этмоқда.

Бош қароргоҳи АҚШ жанубидаги Миссисипи штатида жойлашган УордлКом ширкати ўтган ўн беш йил давомида кичик бир ширкатдан штатлараро ва халқаро миқëсдаги телефон ҳизматларини кўрсатувчи АҚШдаги иккинчи энг йирик компанияга айланишга муваффақ бўлган эди. Аммо шу йил бошида УоркдКомнинг омади кета бошлади. Компанияни кенгайтириш мақсадида унинг рахбарияти ўзига кичикроқ ширкатларни қўшиб олиш ишларига анча катта пул ишлатгани ва яна бир қатор молиявий операциялар ўтказгани оқибатида Уорлдком қарзи ўттиз икки миллиард долларга етди. Ўз пайтида уддабуролиги учун мақтовларга сазовор бўлган компания ижрочи раҳбари Бернард Ебберс бундан икки ой олдин истъфо беришга мажбур бўлди. Чоршанба куни эса компаниянинг молиявий операциялар учун маъсул вакили вазифасидан озод этилди. Катта молиявий зиëн туфайли компания раҳбарияти саксон минг ҳизматчисидан ўн етти мингга яқин нафарини ишдан бўшатишга мажбур бўлишини эълон қилди. Айни пайтда, УорлдКом ширкати акциялари нархи ўн саккиз доллардан бир неча центга тушиб кетди.

УорлдКом ширкати билан боғлиқ ғавғо АҚШда йирик ширкатлар ëмон бошқарилаëтганидан дарак берувчи иккинчи ҳодисадир. Ўтган йил сўнггида энергетика соҳасидаги етакчи компания- Энрон корпорацияси ҳам, молиявий соҳадаги фирибгарлик ҳаракатлари натижасида банкротликка учраган эди. Энрон ҳужжатларини тафтиш қилиб борган Артур Андерсен аудит компанияси Энроннинг хақиқий молиявий аҳволи тўғрисидаги маълумотларни яширгани учун жиноий жавобарликка тортилмоқда. Энрон жанжалидан кейин, у билан боғлиқ яна бир неча йирик ширкат фаолияти ҳам текширила бошланди ва уларнинг ҳам раҳбарлари ўзларини бойитиш мақсадида лавозимларини суиистеъмол қилганлари тўғрисида маълумотлар пайдо бўла бошлади.

АҚШ иқтисодиëти пойдеворини ташкил қилувчи йирик компанияларнинг фирибгарлик ҳаракатлари ва қонунбузишлар натижасида бирин-кетин банкротликка учраëтгани Оқ уй маъмуриятини ҳам ташвишга солган кўринади. Бироқ, Президент Буш рўй берган ҳодисларни Америка йирик бизнесида кузатилаëтан жараëнлар деб умумийлаштирмаслик лозимлигига урғу бермоқда. Канаданинг Кананаскис дам олиш масканида бўлиб ўтаëтган саккизлик гуруҳи саммитида иштирок этаëтган президент Буш УорлдКом ширкати билан боғлиқ жанжалга муносабат билдириб: "Баъзилар Америка ширкатлари ҳисоб-китобларини акс эттирувчи ҳужжатларининг қай даражада тўғри эканлиги юзасидан хавотирлар билдиришяпти ва мен бунинг сабабларини тушунаман. Биз жуда кўп одамларнинг ўз лавозимларини суиистеъмол қилаëтганларининг гувоҳи бўляпмиз. Биз қонунларимиз доирасида маъсулиятсизликка йўл қўйган шахслар ҳаракатларини текширамиз. Шу билан бирга, мен мамлакатимиз иқтисодиëти кучлилигига ишонаман", - деб таъкидлади.

Аммо ҳамма ҳам Буш фикрига қўшилмайди. Мисол учун аудит билан шуғулланувчи Прайс Уотерхаус компанияси мутахассиси Розмери Редклиф Уорлдком ширкати билан боғлиқ ходисалар Америка иқтисодиëти барқарорлигини савол остига қўйишини қайд этади. "УорлдКом билан боғлиқ муаммолар иқтисодиëтнинг ҳақиқий аҳволи атрофидаги гумонларни янада кучайтирмоқда. Бу- сармоядорлар ишончига ҳам таъсир қилувчи масаладир", -дейди Редклиф. Унинг фикрига кўра, америкалик сармоядорлар ва харидорлар ишончисиз Қўшма Штатлар ҳозирда кузатилаëтган иқтисодий таназзулдан чиқишда анча қийналади. Бу фикрга АҚШдаги Жоржтаун Университетининг иқтисодиëт бўйича профессори Фредрик Ютс ҳам қўшилади. Аммо унинг Озодлик мухбирига айтишича, АҚШ компанияларининг нотўғри молиявий сиëсати билан боғлиқ ходисалар Европа мамлакатлари ҳамда Америка билан яқин иқтисодий алоқалар ўрнатган ҳорижий мамлакатларга у қадар таъсир кўрсатмайди. Ютс Европа мамлакатларини кўпроқ ўз иқтисодиëтлари билан боғлиқ муаммолар қизиқритишини қайд этади. "Европага оид масала бу европаликларнинг жорий иқтисодий вазиятини қай даражада яхшилашга қодир эканликлари билан боғлиқ. Менимча, АҚШга қараганда, у ерда иқтисодий юксалиш секинроқ кечмоқда", -дейди профессор Ютс.

Яна бир мутахассис, Вашингтондаги Брукинс тадқиқотлар институти иқтисодчиси Маргарэт Блеир Энрон ва УорлдКом ширкатларининг қулаши дунë иқтисодиëтини қийин замонлар кутаëтганининг даракчиси эканини таъкидлайди. "Кейинги беш йил ичида Европа ва Осиë иқтисодиëтлари у қадар кучли бўлмади. Уларни АҚШ иқтисодиëти кучли бўлгани сақлаб келди. Шундай экан, дунëда иқтисодий юкслашини таъминловчи бошқа бир манба топилмаса, Америкадаги ходисалар бутун дунëга таъсирини ўтказади".

Маргарет Блеирга кўра, Америкада Энрон ва УорлдКом сингари, молиявий ишларида фирибгарликни қўллаган бошқа компаниялар ҳам бўлса керак. Шунинг учун, мутахассис назарида, Конгресс ва биржалар фаолиятини назорат қилувчи махсус қўмита бизнесс соҳасида қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ва қонунларни кучайтириши лозим.
XS
SM
MD
LG