Линклар

logo-print

Европа Иттифоқи. Тузилманинг янги раиси Дания олдида турган вазифалар ҳусусда


Бек Нормуҳаммад

Душанба куни Европа Иттифоқи президентлиги расман Испаниядан Данияга ўтмоқда. Дания расмийлари олдида турган долзарб вазифалар жумласига иттифоқни кенгайтириш, ҳамда
Яқин Шарқ можаросини ҳал этишда Европа мамлакатлари ролини ошириш кабилар киради.

Даставвал, данияликлар европаликлар орасида “евроскептиклар” лақабини орттирганларини эслатиб ўтиш жоиз, деб ўйлаймиз. Дарҳақиқат, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар орасида янги евро пул бирлигининг жорий этилишига энг қаттиқ қаршилик кўрсатганлар данияликлардир. Тўғри, кейинги пайтларда ўтказилган сўровлар, янги пул бирлигини қабул қилиш тарафдорлари бўлган данияликлар сони ортиб бораëтганини кўрсатмоқда. Бироқ шунга қарамай Дания ҳозирча евро зонасига кирмаган.


Даниянинг еврога муносабатини ҳозирча қўя турайлик. Маълумки, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларининг тузилмани кенгайтириш масаласида тутган ëндашувлари ҳам бир ҳил эмас. Дания иттифоқни собиқ коммунистик мамлакатлар ҳисобига кенгайтириш тарафдорлари жумласига киради.


Иттифоқни бошқариш жиловларини ўз қўлига олаëтган Копенгаген олдида шунингдек, тобора жиддий тус олаëтган, ноқонуний иммиграция муаммосини ҳал этиш вазифаси турибди. Июнь ойида Мадридда ўтган Европа Иттифоқи саммити, ноқонуний иммигрантлар масаласини ҳал қилишнинг умумий сиëсатини ишлаб чиқиш борасида илк қадам ташлади.


Консерваторлар етакчилигидаги Дания ҳукумати бу муаммони мамлакат ичкарисида ҳал этиш борасида кўраëтган чоралар ҳам Европа Иттифоқига аъзо давлатларни, ҳам БМТни ташвишга солаëтир.


Европанинг ягона пул бирлигига скептик муносабатда бўлган данияликларнинг иттифоқни кенгайтириш масаласига ижобий ëндашаëтганлари эътиборга моликдир.


Аҳоли орасида ўтказилган сўровлар, даниялиларнинг 62 фоизи Полша, Чехия ва Венгриянинг тузилмага қабул қилинишлари тарафдорлари эканини кўрсатган. Сиëсатшунос Рожер Бахнинг сўзларига кўра, данияликларнинг Европа Иттифоқи тарихидаги энг йирик иқтисодий дастур бўлмиш евронинг муомилага киритилиши билан ташкилотга янги аъзоларни қабул қилиш масаласига бўлган ëндашувларида ҳеч қандай зиддият йўқ. Экспертнинг фикрига кўра, данияликлар ташкилотнинг кенгайтирилишини, глобаллашув жараëнида Осиë мамлакатлари ва АҚШ билан рақобатда Европанинг позицияларини кучайтириш воситаси деб билади. “Данияликлар, дейди Бах, табиатан прагматикдирлар. Иттифоқнинг кенгайтирилиши улар учун ўз осойишталиклари ва хавфсизликларини кафолатлаш имконидир. Бунга эришиш учун улар мамлакат ичкарисида шарқдан келадиган янги муҳожирлар ҳисобига иш жойларининг қисқариши ëки бу мамлакатларда ишлаб чиқариладиган арзон маҳсулотларнинг экспорти натижасида зиëн кўришга ҳам тайëрлар”.


Дания ташқи ишлар вазирлигининг ҳулосаларига кўра, Иттифоқнинг кенгайтирилиши ҳар бир данияликка ўртача 16 еврога тушар экан. Агар иттифоқ кенгайганидан сўнг, Дания тузилмага қўшилишга интилаëтган ўн мамлакатга экспорт ҳажмларини кенгайтириш имконларига эга бўлиши инобатга олинадиган бўлса, буни ëмон инвестиция деб бўлмайди.

Ҳозир Дания фуқароларининг кўпчилиги евро зонасига кириш тарафдорларидир. Бундан икки йил олдин ўтказилган сўровларда уларнинг аксарияти европанинг ягона пул бирлигини қабул қилишга қарши эканларини билдирганлар.

Дания ҳукуматидаги саккиз партиядан тўрттаси евроскептиклар жумласига киради. Булар Халқ социалистлар партияси, собиқ коммунистик, ҳозир эса Бирдамлик рўйҳати, деб юритилаëтган партия, Христианлар партияси ва ўта ўнг қанот Дания халқ партияларидир.
Уларнинг барчаси Даниянинг олти ой давом этадиган президентлик муддати давомида Европа Иттифоқига қарши ташаббуслар билан чиқишни режалаштиришмоқда. Бу Дания бош вазири Расмуссен олида қатор муаммоларни юзага чиқариши мумкин. Унинг парламентдаги ягона иттифоқдоши - Дания халқ партиясидир. Бироқ бу партия ҳам, бош вазир Европа Иттифоқи билан боғлиқ масалаларда унинг таянчига умид қилмаслиги кераклигини олдиндан эълон қилган.


Олдинроқ айтилганидек, яқинда Дания ҳукумати ноқонуний иммигрантларга қарши қатор чоралар ишлаб чиқди. Европа иттифоқига аъзо уч мамлакат расмий Копенгагеннинг бундай қарори муносабати билан ташвишланиш билдирган. Апрель ойида Швеция, Франция ва Бельгия ҳозир Дания парламентида кўриб чиқилаëтган чет элликларга оид ҳуқуқий чоралар дастури муносабати билан чуқур ҳавотирда эканликларини эълон қилган эди.


Март ойида БМТнинг Ирқий дискриминацияга қарши қўмитаси томонидан эълон этилган ҳисоботда Дания ҳукуматининг иммиграция сиëсати қаттиқ танқидга тутилган.

Яқин Шарқ масаласига келганда, ўтган ҳафта жума куни Дания расмийлари Европа Иттифоқи минтақадаги тинчлик жараëнидаги ролини кенгайтириш чораларини кўриши зарурлигини баëн қилган.

Дания ташқи ишлар вазири Пер Стиг Моллернинг сўзларига кўра, бу тинчлик жараëнининг давом эттирилиши учун ўта муҳим бўлиб, Европа Иттифоқи бу борадаги дипломатик фаолиятини узлуксиз давом эттириши зарур.

Моллер 22 июлда ўтказилажак Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари йиғинида Яқин Шарқда дипломатик ташаббуслар дастури лойиҳасини тақдим этишини билдирди.
XS
SM
MD
LG