Линклар

ҲАРБИЙ ЖИНОЯТЛАР БЎЙИЧА ХАЛҚАРО МАҲКАМА ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ

  • Ҳурмат Бобожон

Америка Қўшма Штатларининг кескин қаршилигига қарамай душанба кунидан эътиборан Гаагада ҳарбий жиноятлар бўйича халқаро маҳкама (International Criminal Court - ICC) ўз фаолиятини расман бошлади. БМТ Халқаро трибунали ва собиқ Югославия бўйича Гаага маҳкамасидан фарқли ўлароқ янги тузилган халқаро суд идораси мустақил равишда 2002 йил 1 июлдан эътиборан, қаерда бўлишидан қатъий назар, уруш жиноятларида гумон этилаётган шахсларни, инсониятга қарши геноцид уюштирган харбий жиноятчиларни, агар уларни ўз давлати жавобгарликка тортмаса, суд қилиш ваколатига эга бўлади. Шунингдек, ICC жиноий жавобгарликка тортилмаган ва жиноятлари фош этилмаган сиёсатчилар, харбий етакчилар ва полициячилар ишини ҳам кўриб чиқиш билан шуғулланади. Умрбод қамоқ жазоси ICC томонидан қўлланиладиган энг олий жазо сифатида белгилаб қўйилди. Гарчи, ICCни ташкил этиш бўйича ратификация ёрлиқларини жаҳоннинг 69 давлати топширган бўлсада, АҚШ, Россия, Хитой ва бошқа бир қатор ривожланаётган давлатлар бунга қарши чиқишмоқда. ICC ишчи гуруҳи раиси бўлган, ҳозирда Канаданинг Швециядаги элчиси сифатида фаолият олиб бораётган Филип Кирч (Philippe Kirsch) фикрича, Вашингтонни бошқа нарса безовталамоқда.

"Америка Қўшма Штатлари ICC тузилишига қарши чиққан давлатлардан. Гарчи БМТга аъзо бошқа давлатлар, шу жумладан Хитой ва Россия ҳам бу борадаги ҳужжатни ратификация этмаган бўлсаларда, халқаро маҳкама билан ҳамкорлик қилишга ҳоҳиш билдиришмоқда", - деб таъкидлайди Филип Кирч.
Вашингтон ўзининг бошқа давлатлардаги ҳарбийлари бирон қилмишлари учун ICC қора курсисида пайдо бўлиб қолишидан хавотирда. Шу боисдан АҚШ агар Босниядаги тинчликпарвар қўшинларга ҳуқуқий дахлсизлик мақоми берилмас экан, уларнинг Болқонда бўлиш муддати тугатилишини маълум қилган эди. Душанба куни эса БМТ Вашингтоннинг бу ҳақдаги талабини рад этди. Шундан сўнг АҚШ ҳам БМТнинг Боснияда тинчликни сақлаш амалиётлари муддатини узайтириш тўғрисидаги резолюциясини вето қилди. Хуллас, янги тузилган халқаро маҳкама дунё сахнасида янги тортишувларни келтириб чиқарган кўринади.

Шу ўринда янги иш бошлаган ICC вужудга келиш тарихи ҳақида қисқа тўхталиб ўтсак. Илк бор мазкур маҳкамани тузиш бўйича ташаббус 1872 йилда Халқаро Қизил хоч ташкилоти асосчиси Густав Мойниер (Gustav Moynier) тарафидан ўртага ташланганди. Кейинчалик бир неча йиллар давомида бу ғоя амалга ошмай қолди. Биринчи Жаҳон урушидан кейин Миллатлар лигаси доимий Халқаро жиноят судини тузиш бўйича ҳужжатни қабул қилади, бироқ ўшанда ҳам бу ғоя фақат қоғоздагина қолади. Иккинча жаҳон урушидан кейин эса Бирлашган Миллатлар Ташкилотида АҚШ ва собиқ Совет Иттифоқининг кескин қаршилиги туфайли Халқаро жиноят судини барпо этиш ғояси бутунлай барбод бўлади. Ниҳоят, 1990 йилларда Болқонда фуқаролар уруши, Руандада қирғинбаротлар бошланиши билан холис маҳкама тузиш масаласи яна ўртага чиқади ва 1998 йилги Рим Конференциясида бу борада бир тўхтамга келинди.

Халқаро Амнистия ташкилоти (Amnesty International) ICC уставини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этган ташкилотлардан. Қароргоҳи Лондонда жойлашган мазкур ташкилот ҳуқуқий маслаҳатчиси Кристофер Хол (Christopher Hall) фикрича янги тузилган маҳкаманинг энг муҳим жиҳати бу унинг холислигидир. Халқаро жиноятлар бўйича маҳкама 2003 йилнинг биринчи ярмидан тўла фаолиятини бошлайди. Унинг ташаббускорлари фикрича, дастлабки қийинчилик ва қаршиликларга қарамай, мазкур муассаса дунёда геноцид, айрим сиёсий етакчиларнинг жиноятларини олдини олишда муҳим рол ўйнаши мумкин.
XS
SM
MD
LG