Линклар

МАТБУОТ ВА АХБОРОТ СОҲАСИДА БОШҚАРУВНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ФАРМОНИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ


2002 йил 3 июл куни Ўзбекистон президентининг «Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Унда айтилишича, мазкур фармон мамлакат ижтимоий ҳаётини демократиялаштириш ва эркинлаштириш шароитида республика аҳолисининг ахборотга талаб-эҳтиёжларини янада тўлиқроқ қондириш, оммавий ахборот воситалари, ноширлик ишлари ва матбаачиликнинг кенг кўламда ривожланишига кўмаклашиш, ахборот хизматларининг замонавий бозорини шакллантириш мақсадида қабул қилинган.
Фармонга биноан, Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитаси Ўзбекистон Матбуот ва ахборот бошқармаси сифатида қайта ташкил қилинади. Маҳаллий журналистлар узоқ йиллар давомида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳамда ноширлик фаолияти назоратчиси вазифасини бажариб келган ташкилот тугатилганини олқишлашди. Аммо янги тузилажак бошқарма ҳусусида журналистлар ижобий фикр билдиришга шошилмаяптилар. Маҳаллий журналистларнинг бири Озодлик мухбирига айтишича, фармонда қатор тушунарсиз бандлар мавжуд. Унинг сўзларига қараганда, фармонда ноширлик фаолиятини лицензиялаш янги бошқарма зиммасига топширилиши кўзда тутилган. Бу эса назорат функцияларининг сақланиб қолинишидан дарак бермоқда. Шу билан бирга, журналистлар бошқа бандларда кўпгина ижобий янгиликлар кузатилаётганини қайд этишмоқда. Масалан, уларнинг фикрича, бошқарманинг таҳририят эълон қилаётган материалларни таҳрир қилиш, таъқиқлаш ёки цензурага тортишини ман этувчи банд оммавий ахборот воситаларига эркинлик берилганидан ва бу эркинлик расмий ҳужжат асосида тасдиқланганидан далолатдир.
XS
SM
MD
LG