Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:15

ЛОНДОНДАГИ ЎЗБЕКИСТОН ЭЛЧИХОНАСИ ХИЗБЧИЛАР УЧУН ЎЗ ЭШИКЛАРИНИ ЁПИБ ҚЎЙДИ


Ушбу хафтанинг чоршанба куни лондонликлар ғалати воқеа гувоҳи бўлдилар. Ўша куни кучли ёмғир бўлишига қарамай Британиядаги Ўзбекистон элчихонаси олдида "Хизбу-т-тахрир" ташкилотининг мингга яқин аъзоси норозилик намойишига тўпланиб, навбат ясашди. "Ўзбек мусулмон биродарларимизга тазйиқлар тўхтатилишини талаб этамиз" каби ёзувлар битилган плакатларни, қамоқхонада калтакланиб ўлдирилган Хизбу-т-тахрир аъзоси Фарҳод Усмонов мурдаси туширилган фотосуратларни кўтариб олган намойишчилар Ўзбекистонга бориш учун элчихонадан виза талаб этишган. Намойишчилар билан учрашишни истамаган Лондондаги ўзбек дипломатлари эса бунга жавоб тариқасида элчихона эшикларини қулфлаб олишади. Мен воқеа сабабларини ўрганиш мақсадида Британияда расман фаолият олиб бораётган "Хизбу-т-таҳрир ташкилоти" вакили доктор Имран Вахедга (Imran Waheed) бир неча савол билан мурожаат этдим.

Савол: Доктор Вахед, чоршанба куни Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси олдида пикет уюштирган экансизлар. Бундан мақсад нима эди?

Жавоб: Ҳа биз Ўзбекистон элчихонасига виза сўраб борган эдик. Эшитишимизча Ўзбекистондаги мусулмон биродарларимизга тазйиқлар кучайган. Биз уларни холидан хабар олиш, Ўзбекистондаги Хизбу-т-таҳрир аъзоларининг қийноқларга солинишлари, жумладан Фарҳод Усмоновнинг қамоқхонада ўлдирилгани, унинг рафиқаси қамоққа олингани сабабларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга боришни режалаштиргандик.

Cавол: Фарҳод Усмонов қамоқхонада қийнаб ўлдирилганига бир неча йил бўлди. Орадан шунча вақт ўтиб бу масалани ҳозир кўтаришнинг боиси нимада?

Жавоб: Элчихона олдида намойиш ҳозир ўтказилаётганига сабаб Ўзбекистонда тинч мусулмонларга босим кучаяётгани. Айниқса 11 сентябр воқеаларидан сўнг, Ўзбекистон ғарбнинг "террорчиликка қарши кураш" номи остида олиб бораётган кампаниясида стратегик ҳамкорига айланганидан сўнг, уларга тазйиқлар ниҳоятда кучайди. Ғарбнинг Ўзбекистонни стратегик шерик сифатида тан олгани Ислом Каримов учун мусулмонларга босимни кучайтиришда "яшил чироқ" маъносини англатмоқда. Шу йилнинг 14 апрелида марҳум Фарҳод Усмоновнинг беваси Мушарраф Усмонова 50 нафар ўзбек хавфсизлик ҳизмати ходимлари томонидан олиб кетиб қолинган. Ҳозирда унинг қаердалиги бизга номаълум. Биз эса Фарҳод Усмонов каби у ҳам қамоқхонада ўлдирилмасайди, деган хавотирдамиз.

Савол: Сизларни талабларингизга Ўзбекистон элчихонаси мулозимлари қандай муносабат билдиришди. Улар буни қандай қабул қилишди?

Жавоб: Афсуски Ўзбекистон элчихонаси ходимларининг бизга муносабати жуда қўпол бўлди. Улар элчихона эшикларини ёпиб, бизга виза бериш у ёқда турсин, ёмғирга қарамай навбат кутиб турган талабгорлар билан ҳатто суҳбатлашишни ҳам исташмади. Кейинчалик уларга телефон орқали чиқишга ҳам уриниб кўрдик, улар телефон гўшагини кўтариб яна жойига қўйиб қўйишди. Албатта, ўзбек дипломатларининг бундай муносабати бизни таажубга солгани йўқ, чунки биз шундай бўлишини олдиндан кутгандик. Биз Ўзбекистон ҳукумати мусулмон биродарларимизни қийноқларга солишни бас қилмас экан, норозилик кампаниямизни тўхтатмаймиз. Келажакда Ўзбекистоннинг бошқа Европа давлатларидаги, шунингдек Австралия ва Индонезиядаги ваколатхоналари олдида ҳам бу каби намойишларни ўтказишни режалаганмиз. Шу йилнинг 20 июлида эса Лондон кўчалари бўйлаб Ўзбекистон режимига қарши юриш ўтказамиз.

Cавол: Ўзбекистонда мусулмонларга тазйиқлар, уларга қарши репрессив сиёсат олиб борилаётгани сабаби нимада деб ўйлайсиз?

Жавоб: Биз Ислом давлати қуриш тарафдоримиз. Ҳоҳ Ўзбекистонда бўлсин ҳоҳ бошқа давлатда биз Ислом ғояларини тарғибот-ташвиқот йўли орқали одамлар онгига сингдиришга ҳаракат қиламиз. Ислом Каримов эса бизнинг ғояларимиз олдида ўзини кучсиз ҳис этмоқда, шунинг учун ҳам унинг мусулмонларга қарши босимни кучайтиришдан бошқа чораси қолмаяпти. Зеро куч ишлатиш, харбий мужодала биз учун ёт нарса. Биз фақат Оллоҳ тарафидан юборилган қонунларга ишонамиз. Инсонлар тарафидан қабул қилинган қонунлар биз учун куфр.

Савол: Ташкилотингизнинг Ўзбекистонда таҳминан қанча аъзоси бор. Бу ҳусусда бизга маълумот бера оласизми?

Жавоб: Ҳа албатта ташкилотимиз аъзолари Ўзбекистонда анчагина. Бироқ Ўзбекистондаги репрессив муҳит боис мен уларнинг сонини сизга айта олмайман.

Савол: Доктор Вахед, Сиз айтаяпсизки мақсадимиз Ислом халифалиги қуриш деб. Ваҳоланки, Ўзбекистонда ва бутун Марказий Осиёда аксар аҳоли дунёвий жамият тарафдори. Улар Исломнинг давлат ишларидан айри бўлишини исташади. Айтингчи, сизнинг ташкилотингиз у ерда Ислом ҳалифалигини қуришда қандай йўлни танлаган. Умуман қандай қилиб бунга эришмоқчисизлар?

Жавоб: Биз фақат тарғибот, ташвиқот ва ақл-идрок йўлини танлаганмиз. Шу кунга қадар ташкилотимиз аъзоларидан ҳеч бири аҳолига нисбатан қўл кўтармаган. Биз ҳеч қачон қўлга қурол олмаганмиз ва олмаймиз ҳам. Бизнинг асосий қуролимиз тарғибот. Куч ишлатиш, қурол олиш бизнинг фалсафамизга зид нарса. Биз фақат ислом ғояларини тарғиб қилиш орқали курашамиз ва бу курашимиз бундан буён ҳам давом этади. Биз ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр ва мафкурага қарши мафкура билан жавоб қайтарамиз. Гарчи Ислом Каримов режими ғояга қарши жаҳолат йўлини танлаган бўлсада, биз бунга фақат ақлий ёндашув йўли билан жавоб берамиз.

Бу Британияда расман фаолият олиб бораётган Хизбу-т-таҳрир ташкилоти вакили Доктор Эмран Вахед фикрлари эди. Ўзбекистонда Хизбу-т-таҳрир ташкилотига агрессив ташкилот сифатида қаралади. Кўп холларда эса уни ўзларини Ўзбекистон ислом ҳаракати деб атаётган жангари гуруҳларга қиёслашади. Умуман Ҳизбу-т-таҳрир ташкилоти жамият учун, жамият хавфсизлиги учун қанчалик ҳатарли? Мен ушбу савол билан Бўхронларни ўрганиш халқаро гуруҳи (International Crisis Group) таҳлилчиси Сания Сагнаевага (Sania Sagnaeva ) мурожаат этдим.

Жавоб: Тўғри, Марказий Осиё ва унинг ташқарисида Хизбу-т-таҳрир ҳусусида турли афсоналар мавжуд. Ўзбекистон ва Марказий Осиёда эса Хизбу-т-таҳрир хуфёна ташкилот бўлгани боис, уни кўпроқ Ўзбекистон исломий ҳаракати билан боғлашади. Бу эса Хизбу-т-таҳрир тўғрисида нотўғри фикрлар пайдо бўлишига сабаб бўлаётир. Аслида эса уларнинг мақсади Ислом ғояларини олға суриш орқали замонавий жамият қонунларини тинч йўл билан ўзгартириш ва Ислом ҳалифалигини қуриш. Бу йўлда эса улар фақат тарғибот-ташвиқот усулини танлаганлар халос.

Савол: Улар бу тарғибот ишларини қандай олиб борадилар?

Жавоб: Улар тарғибот ишларини оғзаки суҳбатлар ҳамда варақа тарқатиш орқали амалга оширадилар. Улар тарғибот ишларини нафақат оддий фуқаролар балки, турли даражадаги ҳукумат амалдорлари орасида ҳам олиб борадилар. Чунки хизбчилар ҳар бир шахс, ҳатто мамлакат президенти ҳам улар олға сураётган ғоялар тарафдори бўлишига ишонч билан қарашади.

Cавол: Агар "Хизбу-т-таҳрир" олиб бораётган Ислом халифалиги қуриш борасидаги тарғибот усуллари самара бермаса, улар қуролли мужодала йўлига ўтишлари эҳтимоли борми Cизнингча?

Жавоб: Биласизми, хизбчилар Ислом халифалиги учун курашишда тинч тарғибот йўли етарли деб ўйлашади. Уларни аҳолининг аксарияти дунёвий жамият тарафдори экани, дунёвий жамият қадриятлари мутлақо қизиқтирмайди. Улар учун Марказий Осиё халқлари ўзларини мусулмон деб ҳисоблашлари кифоя. Агар яҳши тарғибот олиб борилса, аксарият аҳоли "Хизбу-т-таҳрир" тарафига ўтишига улар ишонишади. Энди уларнинг қуролли кураш йўлига ўтишлари мумкинми, деган саволингизга келсам, улар буни бутунлай инкор этишади. Ҳатто "Ҳизбу-т-таҳрир" вакиллари Ўзбекистон ислом ҳаракати фаоллари билан учрашганларида ҳам уларнинг фикри бир жойдан чиқмаган. Чунки Ўзбекистон исломий ҳаракати қуролли кураш йўлини танлаган, хизбчилар эса буни исташмайди. Шунга қарамай "Хизбу-т-таҳрир" тарғибот усуллари самара бермаса, унинг аъзолари қўлларига қурол олмайди, дейиш қийин. Фақат бу борада таҳмин қилишга тўғри келади. Ҳозирча эса Тожикистонда ҳам Ўзбекистонда ҳам, "Ҳизбу-т-таҳрир" қуролли кураш йўлига ўтмаган. Албатта уларнинг кўпчилиги уйларидан қурол топилгани учун қамоққа олинган. Аслида эса булар хавфсизлик хизматларининг уйдурмалари. Асосий таҳлика эса уларга нисбатан тазйиқларнинг кучаяётгани, қамоққа олишлар авж олаётгани.

Савол: Ҳизбу-т-таҳрир дунёвий жамиятда агар расман рўйхатга олинса бошқа партиялар билан бирга яшай оладими? Яъни ташкилот аъзоларини хуфёна фаолиятдан чиқариш бу таҳликани йўқотмасмикан?

Жавоб: Биласизми, агар уларга дунёвий жамиятда расман фаолият олиб боришлари учун имкон берилса ҳам улар буни исташмайди, чунки уларнинг ўзлари рўйхатдан ўтишни ҳоҳлашмаяпти. Масалан Қирғизистонда "Хизбу-т-таҳрирга" яширин фаолиятдан воз кечиб, расман рўйхатдан ўтиш таклифи берилганида улар бунга рози бўлишмаган. Чунки "Хизбу-т-таҳрир" мавжуд қонунларни тан олмайди. Рўйхатдан ўтиш эса улар таъбири билан айтганда "куфр қонунлари"ни тан олиш демакдир. Шунинг учун дунёвий жамиятда улар расман яшай оладилар деяолмайман.

Cавол: Сания сўнги саволим, Марказий Осиё давлатлари ва бу ерда яшовчи тинч аҳоли учун "Хизбу-т-таҳрир" ташкилоти қанчалик ҳатарли?

Жавоб: Бу савол кўпларни ўйлантирмоқда. Ҳозирда Ҳизбу-т-таҳрир ва Исломий ҳаракатлар ҳусусида турлича хавотирли фикрлар юрибди. Ўйлашимча хавфли нарса исломий ҳаракатлар эмас, энг хатарлиси уларга кўрсатилаётган тазйиқлардир. Тинч мусулмонларни қамоққа олиш, уларга нисбатан олиб борилаётган реперессив сиёсат муаммонинг янада чигаллашувига олиб келмоқда, радикал исломий ҳаракатларнинг кўпайишига сабаб бўлаётир. Масалан Тожикистонда жазо колонияларининг бирида деярли барча махбуслар Хизбу-т-таҳрир ғояларини қабул қилган. Мен "Хизбу-т-таҳрир" тарафидан катта бир хавфни кўрмаяпман. Қамоққа олиш, тазйиқлар орқали эса улар иродасини букиб бўлмайди.
XS
SM
MD
LG