Линклар

Оқ Уйнинг Ироққа нисбатан сиёсатида келишмовчиликлар мавжудлиги аён бўлди


Фарангис Саид

Душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ президенти Жорж Буш Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан ағдариб, Ироқда янги режим ўрнатиш кераклигини яна бир бор таъкидлар экан, шундай деди: “АҚШ ҳукуматининг сиёсати Ироқ режимини ўзгартиришдан иборат эди ва шундайлигича қолаётир. Бу мақсадга эришиш учун биз барча воситалардан фойдаланамиз”.

АҚШнинг Ироққа нисбатан сиёсати 1991 йил, Форс кўрфази уруши арафасида шу йўсинда белгиланган эди. Ўша вақтдан бери Оқ Уйда Саддам Ҳусайнни қайси йўл билан ҳокимиятдан четлаштириш масаласи муҳокама этилади. Бир гуруҳ сиёсатчилар Ироқ армиясига қарши оммавий ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилиши керак, бу ўз-ўзидан Саддамнинг ҳокимиятдан кетишига олиб келади, деб ҳисобласалар, бошқа сиёсатчилар Ироқ режими мухолифатни қўллаб-қувватлаш орқали ағдарилиши мумкин, бу эса мухолифат қўшинларига ҳарбий ёрдам кўрсатиш орқали амалга оширилиши кераклигини англатади, деган фикр тарафдорларидирлар.

Икки гуруҳ ўртасидаги келишмовчиликлар бир неча йилдан бери давом этмоқда. Ўтган ҳафта АҚШнинг “Нью-Йорк Таймс” газетасида чоп этилган мақола эса бу рақобатда оммавий ҳарбий ҳужум тарафдорлари ютиб чиққанларидан дарак бераётган фактлар мавжудлиги исботидир. Мақола муаллифи исмини ошкор этишни истамаган бир шахсга таянган ҳолда Оқ Уй Ироқ мухолифати билан ҳамкорлик қилмасдан, Бағдодга қарши оммавий ҳарбий ҳужум уюштириш ниятида эканини ёзади ва бундай режаларни ишлаб чиқишда Буш маъмурияти замонавий ҳарбий технологиялар ва тактикани ҳисобга олмаётганлигини айтади.

Ушбу мақола 5 июлда чоп этилди. Ундан 8 кун олдин эса АҚШнинг аксил-террор кампаниясини мувофиқлаштираётган энг юқори мартабали ҳарбий
- генерал Уэйн Даунинг истеъфога чиққан эди. На Оқ Уй, на Даунингнинг ўзи истеъфога чиқишнинг сабабларини кўрсатдилар. “Нью-Йорк Таймс” газетаси мухбири эса бу ҳодиса билан АҚШнинг Ироққа қарши режалари орасида узвий боғлиқлик бор, деган фикр билдирган. Унинг ёзишича, генерал Даунинг “Бағдод режимини қароргоҳи Лондонда жойлашган мухолифат орқали ағдариш мумкин, уларга АҚШнинг оз сонли ҳаво ва маҳсус қўшинлари ёрдам беришлари керак”, деган ғояни илгари суриб келган. АҚШ ҳарбий расмийлари эса бу ғояга қарши чиққанлар.

Халқаро хавфсизлик масалалари бўйича мутахассис Леон Фуэрт “Афғонистондаги амалиётларда АҚШ Шимолий Альянсга таяна олган, чунки альянс катта ҳарбий тажрибага эга бўлган”, дер экан, “Ироққа келсак, мухолифат Саддам Ҳусайнга қарши кураша олмайди, шу сабаб бундай тактика самара бермаслиги мумкин”, деган фикр билдиради.

“Биз ютқиза олмаймиз. Илк қадамлар нимадан иборат бўлишидан қатъий назар, Бағдодга кириб борган биринчи аскарларнинг ортида кўп сонли қўшинлар туриши ва, зарурат тўғилса, ишга киришишга тайёр бўлишлари лозим,” – дейди америкалик мутахассис.

Фуэртнинг фикрича, “Нью-Йорк Таймс” газетасида эълон қилинган мақола Буш маъмуриятидаги зиддиятлар қанчалик кескин ва жиддийлигидан дарак беради.

Ҳарбий хавфсизлик масалалари бўйича мутахассис, АҚШ армиясининг истеъфодаги полковниги Кеннет Эллард бу фикрга қўшилар экан, газетага маълумот берган шахснинг асл ниятлари қандайлиги билан қизиқади.

“Ғоялар рақобатининг мавжудлиги яхши. Лекин бундай рақобатнинг матбуотда ошкор этилиши, бунинг эса, ўз навбатида, АҚШ ҳукумати режаларининг бузилишига олиб келиши салбий ҳолатдир,” – деб ҳисоблайди Кеннет Эллард.

Америкалик мутахассислар ҳодисанинг маънавий жиҳатлари юзасидан фикр алмашар эканлар, бизда туғилган савол – АҚШ Ироққа қарши амалиётларни ўзи эълон қилиб, якка ўзи амалга оширишга қанчалик ҳақлидир, деган савол бўлди. Халқаро хавфсизлик масалалари бўйича мутахассис Леон Фуэрт бунга жавобан Ироққа қарши ҳужум бир томонлама бўлмаслиги, ҳозирги президент кичик Жорж Бушнинг отаси Жорж Буш президентлик даврида Форс кўрфазидаги уруш БМТ қарорига биноан бошланганини айтди. Мутахассис Саддам Ҳусайн БМТ резолюцияларини бузиб келаётгани, резолюциялардан энг асосийси – оташкескин ҳақидагиси ҳам бузилгани, бундан ташқари Саддам мамлакатида оммавий қирғин қуролини ишлаб чиқариш устида иш олиб борилаётган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Қизиғи шундаки, БМТ фақат оташкесин эълон қилган, ҳолос. БМТ урушнинг тугаганини расман эълон қилмаган. Бу эса Вашингтонга Ироққа қарши урушни ҳар дамда бошлаш имконини беради. Бироқ “Нью-Йорк Таймс” газетасидаги мақолага кўра, ҳужум, Буш уни тасдиқлаган тақдирда, келаси йилда амалга оширилади.
XS
SM
MD
LG