Линклар

ТУРКИЯДА ҲУКУМАТ ИНҚИРОЗИ

  • Ҳурмат Бобожон

Туркияда бош вазир Булент Эжеветнинг (Bulent Ecevit) бетоблиги билан боғлиқ сиёсий инқироз коалицион ҳукуматдаги олти вазир, шу жумладан давлат вазири Хусомаддин Ўзкан (Husametdin O'zkan) истеъфосидан сўнг критик нуқтага етди. Эжеветнинг Демократик сўл партияси – DSP дан депутатликка сайланган яна 30 вакили истеъфоси эса мамлакат парламентида тартибсизликларни келтириб чиқарди. Ушбу воқеалардан сўнг сешанба куни мамлакат телевидениеси орқали чиқиш қилган Туркиянинг коалицион ҳукумати таркибидаги "Она ватан партияси" (ANAP) етакчиси ва бир вақтнинг ўзида бош вазир ёрдамчиси лавозимини эгаллаб турган Месут Йилмаз (Mesut Yilmaz) Туркия сиёсий инқирозга юз тутганини ва куз ойларида муддатидан илгари парламент сайловлари ўтказилажагини расман эълон қилди. Туркиянинг Канал-7 телеширкати мухбири Осман Сертнинг (Osman Sert) бизга айтишича, юзага келган инқирозга қарамай, Эжевет ҳукумати фаолиятини давом эттирмоқда. Чоршанба куни Туркия Вазирлар маҳкамаси Анкарада фавқулодда мажлисга тўпланиб, юзага келган сиёсий вазиятни муҳокама этди. Унга бош вазир Эжевит раҳбарлик қилгани айтилмоқда.

Шундай қилиб Буюк миллат мажлисида асосий кўпчиликни ташкил этувчи DSPнинг 30 аъзоси истэъфо бергани боис, парламентда улар иккинчи поғонага тушиб қолдилар. Ҳозирда парламентдаги жами 550 ўриндан 127 ўринни эгаллаб турган Миллатчи халқ партияси (MHP) кўпчиликни ташкил этмоқда.

Туркияда юзага келган ҳукумат инқирози мамлакат иқтисодига таъсир этмай қолмади. Сешанба куни Туркиянинг миллий валютаси – лиранинг долларга нисбатан қиймати 24 соат ичида 1.7 миллионга кўтарилган. Туркиядаги сўнгги воқеалар мамлакатда аҳоли орасида турли саросималарнинг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлди. Турк халқининг бундай саросимага тушиши табиий, чунки сўнгги қисқа давр ичида Туркия бир нечта инқирозни бошидан кечирди. Бир вақтлар Туркия ташқи ишлар вазирлигида бош донишманд бўлиб ишлаган, ҳозирда Анкара университети профессори Меҳмет Сарай (Mehmet Saray) биз билан суҳбатда Туркияда юзага келган сиёсий ва иқтисодий инқирозга узоқ йиллардан буён давом этаётган иқтисодий мураккабликлар сабабчи бўлаётганини айтди. Яъни, мамлакатдаги иқтисодий қийинчиликлар критик нуктага бориб етгани сиёсий таназзулни ҳам келтириб чиқарди.

"Бунда бош вазир Эжевет ёки унинг ёрдамчиси Йилмаз, (MHP) етакчиси Бохчелини (Devlet Bahceli) ёки бўлмаса мухолифат лидери Тансу Чиллерни (Tansu Ciller) айблаш нотўғри бўларди. Фақат Эжевитнинг бетоблиги бу жараённи тезлаштириб юборди холос," – қайд этади Сарай.

Профессор Меҳмат Сарайга кўра, Туркиядаги сиёсий партиялар ичкарисидаги фитналар, қариндош-уруғчилик анъаналари уларнинг конструктив фаолиятига ҳалақит бермоқда. "Яна бир муаммо эса, - дейди кузатувчи, - Туркиядаги раҳбарлик лавозимларини кекса авлод вакиллари эгаллаб олгани".

"Биласизми, Туркия давлатчилигининг оғриқ нуқтаси – бу, менинг назаримда, бутун ҳокимият тизимларини кекса авлод вакиллари эгаллаб олгани. Улар ўз ўрнини ёш авлодга бўшатиб беришни исташмаяпти. Ҳозир Туркияни бошқараётганларнинг аксари 60-70 йиллар вакиллари . Биз 21 асрга қадам қўяр эканмиз, улар ўз курсиларини ёш авлодга бўшатиб беришлари керак. Собиқ президент Сулаймон Демирел (Suleyman Demirel) ўз ҳурмат-эътиборида сиёсий саҳнадан кетди. Эжевет ҳам шундай қилиши керак эди.

Ҳозир Туркияда ёш, ҳаракатчан, ислоҳотчи раҳбарларга эхтиёж катта. Туркиядаги ҳукумат инқирози эса бунинг учун янги умидларни очиб бермоқда. Давлатчилигимиздаги яна бир катта муаммолардан бири - партия лидерларининг ўзларини диктатор каби тутишлари. Улар нима деса шу бўлади. Гўё ҳукумат сиёсати фақат уларнинг қарашларига боғлиқдай. Сиёсий етакчиларимиз танқидни кўтаролмайди. Партиянинг бошқа аъзолари фикрлари кўп ҳолларда эътибордан четда қолиб кетади. Булар демократияга мутлақо зид. Ўйлайманки, Туркиядаги сўнгги воқеалар бу каби эскилик сарқитларига чек қўйиш вақти келганидан далолат бермоқда", - қайд этади Мехмет Сарай.
XS
SM
MD
LG