Линклар

СРЕБРЕНИЦА ФОЖЕАЛАРИ: ОРАДАН ЕТТИ ЙИЛ ЎТИБ

  • Ҳурмат Бобожон

Босния-Герцеговинадаги Сребреница фожеаларига 7 йил тўлди. 1995 йилнинг 11 июлида босниялик серб жангарилари Сребреницадаги БМТтинчлик сақловчи кучлари блок постларини четлаб ўтиб, минглаб мусулмонларни қатлом қилишган эди. Ўшандан буён Сребреница мусулмонлари ўз уйларига қайтиб боришдан қўрқиб, қочқинликда кун кечирмоқда. Қотилликни содир этганлар, уларнинг раҳнамолари - Радован Каражич (Radovan Karadzic) ва серб генерали Ратко Младичлар (Ratko Mladic) ҳанузгача ушланиб, адлия қўлига топширилгани йўқ. Ўтган жума пойтахт Сараеводан 80 чақирим шимолий-шарқда жойлашагн Сребреницада 100га яқин мусулмон Оқ масжидда ибодатга тўпландилар. Бу 1995 йилги оммавий-қирғиндан сўнг Сребреница мусулмонларининг жума намозига биринчи марта чиқиши эди. Намоз тинч вазиятда ўтишини таъминлаш учун эса у ердаги халқаро кучлар ва маҳаллий полиция маросимни кузатиб борди. Етти йил олдин рўй берган қирғин-баротлардан сўнг жуда оз сонли сребреницалик мусулмонлар ўз уйларига қайтиб келишган холос. Уларнинг кўпчилиги ҳозирда Сребреница атрофларида қочқин сифатида кун кечирмоқда. Ўтган душанба куни АҚШ ҳукумати ҳамда Босниянинг Инсон ҳуқуқлари ва қочқинлар масалалари билан шуғулланувчи вазирлиги 4000 мусулмон-қочқинини ўз уйларига қайтариш учун 2.5 миллион долларлик лойиҳани эълон этдилар. Расмий маълумотларга кўра, 1995 йилги фожеалардан олдин Сребреницада 28 минг босниялик мусулмон яшаган. Вазир Кресимир Зубакнинг таъкидлашича, ҳозирда қочқинларни ўз уйларига қайтариш учун имкон туғилган. Ишлаб чиқилган лойиҳа эса мусулмонларга мол-мулкларини қайтариб бериш, уларни уй-жой билан таъминлаш, яшашлари учун шароит яратиб бериш каби ишларни ўз ичига олади. Сараевода мазкур лойиҳа протоколини имзолаш маросимида чиқиш қилган АҚШ элчиси Клифорд Бонд (Clifford Bond) жумладан: "Албатта, биз биламиз, Сребреницада қочқинларни ўз уйларига қайтариш жараёни айрим сабабларга кўра секин кечмоқда. Умид қиламанки, ушбу лойиҳанинг имзоланиши ва унинг рўёбга ошиши бу жараённи тезлаштиради, қочқин сифатида кун кечираётган мусулмонларда уйга қайтиш ҳиссини уйғотади", - деб қайд этди.

Душанба куни Босниядаги НАТО кучлари босниялик серб Мирослав Деронжични БМТнинг собиқ Югославия бўйича халқаро ҳарбий трибуналига топширди. Трибунал қораловчисининг айтишича, Деронжич ўша пайтда Сребреница маъмуриятининг бошлиғи сифатида серб жангариларининг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган. Шу пайтгача қаердалиги номаълум бўлган Деронжич ниҳоят ўтган ҳафта НАТО кучлари томонидан ушланди. Бироқ, бош қотиллар, 1992-1995 йиллардаги Босния уруши давомида тинч аҳолига нисбатан қатор жиноятларни содир этган Каражич ва Младичларнинг қаердалиги ҳозирча номаълум. Айрим таҳминларга кўра, Каражич шарқий Босниядан панох топган бўлиши мумкин. НАТО мулозимларининг айтишларича, келгуси ҳафтада Радован Каражични ушлаш бўйича қатор амалиётлар режалаштирилган.

Сребреница фожеаларидан сўнг Холландия ҳукумати раҳбари Вим Кок (Wim Kok) тинчликни сақловчи холланд қўшинларининг ҳатосини тан олиб истеъфо беришдан бошқа чораси қолмаган эди. Апрель ойи Холландияда Сребреница фожеалари билан боғлиқ кўплаб мубохасаларга сабаб бўлган. Уруш ҳужжатларини ўрганиш бўйича Холланд Миллий институти Сребреницадаги қотилликлар юзасидан батафсил ҳисоботни чиқаришидан орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Бош вазир Вим Кок ва унинг ҳукумати истеъфо беради. Сайловлар арафасида эса ўзининг популистик чиқишлари билан ном қозонган холланд сиёсий етакчиси Пим Фортуинга (Pim Fortuyn) суиқасд уюштирилади. Гўё буларнинг ортида қандайдир сабаблар бордай. Бироқ, Холланд радиосининг халқаро таҳририяти муҳаррири Ханс де Врейе (Hans de Vreij) бу ҳаракатлар жамоатчилик фикрини чалғитиш учун қилинганини айтади. Телефон орқали Озодлик мухбирига берган интервьюсида Де-Врейе Пим Фортуин ўлдирилганидан сўнг Холландияда жамоатчилик ва сиёсий доиралар эътибори Сребреница фожеаларидан, суиқасд билан боғлиқ воқеаларга қаратилганини айтади.

"Ўйлашимча, Пим Фортуинга суиқасд уюштирилиши билан жамоатчилик фикри ва сиёсий доираларининг Сребреница фожеаларига эътибори бир оз камайди", - деб қайд этади Де-Врейе.

Апрел ойида Кок ҳукумати истеъфога чиққанида уни ҳам маҳаллий, ҳам дунё жамоатчилиги жавобгарликдан қочиб бундай қарор берган, дея қоралаганди. Холланд радиоси мухаррири ҳам бу фикрга қўшилади. Деврие ҳақиқатан ҳам Кок ва унинг вазирлари жавобгарликдан қутилиш учун истеъфо берган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.
"Бу борада парламент расмий текширув ўтказишини ҳам, бу жараён анча чўзилишини ҳам улар олдиндан билишгани аниқ эди", - дейди Деврие. Бироқ, Сребреница фожеаларининг ҳали очилмаган саҳифалари ҳам борки, бу борада суриштирувлар ҳамон давом этаётган кўринади.
XS
SM
MD
LG