Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:58

Марказий Осиёда Ўзбекистон: АҚШнинг номуносиб ҳамкорими?<br>(I қисм)


Фарангис Саид

Ассалому алайкум! “Озодлик” радиосининг Прага қароргоҳи тўртинчи студиясида Фарангис Саид.

7 июл куни “Озод Европа – Озодлик” радиосининг Прагадаги бош қароргоҳига илгари ҳам тўртинчи студиямиз меҳмони бўлган, Марказий Осиё масалалари бўйича таниқли мутахассис, АҚШнинг Харвард университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ дастури директори Жон Шоберлайн ташриф буюрди. Биз эса бу имкониятдан фойдаланиб, уни тўртинчи студиямизга яна бир бор таклиф этдик. Таниқли мутахассис билан суҳбатимиз мавзуини “Марказий Осиёда Ўзбекистон: АҚШнинг номуносиб ҳамкорими?” деб белгилашга қарор қилдик.

Деярли 11 йил олдин совет империясидан озод бўлиб чиққан, катта табиий бойликлар ва кўп сонли, маълумоти ва малакаси жиҳатидан юқори даражада бўлган аҳолига эга Марказий Осиё республикалари ҳамон қийинчиликларга юз тутмоқдалар. Мамлакатлар иқтисодиётларида ўсиш кузатилмаяпти, аксинча, иқтисодий ва ижтимоий қийинчиликлар тобора чуқурлашиб, ишсизлик, нарҳлар ошишининг суръатлари, инфляция каби кўрсаткичлар йилдан-йилда ўсиб бораётир. Бунинг сабаблари нимада? Жон Шоберлайн билан суҳбатимизни айнан шу саволдан бошласак.

Жон Шоберлайн:

Фикримча, муаммоларнинг асосийлари сиёсий бўлиб, улар сиёсий ислоҳотларнинг амалга оширилмаётганлиги ёки самара бермаётган сиёсатнинг олиб борилаётганлигидан иборатдир. Албатта, бу ерда гап раҳбарлар олиб бораётган, улар танлаган сиёсат ҳақида кетяпти. Раҳбарлар эса халқ фаровонлиги ёки иқтисодий ўсишни ўйлаб эмас, балки бошқа мақсадларни кўзлаган ҳолда қарорлар қабул қиладилар. Масалан, Ўзбекистонда миллий иқтисодиётнинг ўзаги бўлмиш реал иқтисодиёт ислоҳ қилинмаяпти. Гап шундаки, Ўзбекистон раҳбарияти иқтисодиётдан сиёсий мақсадларни кўзлаб фойдаланади, бу эса жуда хавфлидир. Бошқа мамлакатлар, масалан, Қирғизистонда иқтисодий ислоҳотлар катта суръатлар билан амалга оширилди, лекин бу республиканинг баъзи қисмларида хавфли вазиятни вужудга келтирди. Тоғли ҳудудларда реал иқтисодиёт йўқ, аҳоли шаҳарларга иш излаб кетаётир.


Фарангис Саид:

Жон Шоберлайн фикрларини тинглар экансиз, нефт, газ, пахта, олтин ва бошқа рангли ҳамда қора металлар каби заҳираларни жаҳон бозорида сотиш эвазига бойиш, айни вақтда иқтисодиётнинг саноат ва маиший хизмат секторларини ривожлантириш ва тайёр молларни ишлаб чиқариш учун қайта таъмирлаш билан шуғулланиши мумкин бўлган республикалар ҳамон жаҳон ҳамжамиятининг энг қолоқ мамлакатлари бўлиб қолаётирлар, деб ўйлайсиз беихтиёр. Жон Шоберлайннинг фикрича, бунинг сабаби - МО мамлакатлари ҳукуматлари олиб бораётган сиёсатда, улар амалга оширмаётган ислоҳотларда, яъни сабаб ҳукуматларда. Бироқ, ҳукуматлар сўнгги 11 йил давомида минтақанинг ноқулай жўғрофий жойлашуви, совет империясидан мерос қолган иқтисодий, ижтимоий ва бошқа муаммолар, қолаверса, қўшни мамлакатлардаги беқарорликни қийинчиликлар сабаблари сифатида кўрсатиб келмоқдалар. Жаноб Шоберлайн, бу гапларда жон борми? Келинг, ҳукуматлар олиб бориши лозим бўлган, бироқ олиб бормаётган сиёсат, амалга оширмаётган ислоҳотлар сирасида яна бошқа сабабларни ҳам аниқлашга ҳаракат қиламиз.

Жон Шоберлайн:

Бундай сабаблар сирасида, биринчи навбатда, Марказий Осиёнинг жўғрофий жойлашувини кўрсатиш мумкин. Бир тарафда минтақа республикалари узоқ вақт давомида қарам бўлган Россия, жанубда – муаммоларга тўла мамлакатлар. Натижада Марказий Осиё республикалари на ўзга ғоялардан бохабар бўла олганлар, на жаҳон бозорига чиқиш имкониятларига эга бўлганлар. Бу эса уларни Россияга қарам қилиб қўйган. Жўғрофий жойлашувнинг ноқулай бўлгани баробарида республикалар бир-бирларининг бошқа мамлакатлар билан алоқаларига тўсиқлар яратмоқдалар. Масалан, тожикистонликлар Россияга бориб, кун кечириш учун пул топишга мажбурлар, бироқ бу йўлда улар Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан яратилган қонуний ва ноқонуний тўсиқларга дуч келмоқдалар. Нефтга бой Қозоғистон эса ўз заҳираларини жаҳон бозорига олиб чиқишда қийналмоқда. Сабаб – газ ва нефт қувурларининг йўқлигида, уларни қуриш ҳақида лойиҳалар бўлса-да, бу лойиҳалар қачон амалга ошиши ҳамон номаълум.
Яна бир омил – Совет Иттифоқидан қолган мерос. Совет иқтисодиёти нуқсонларга тўла бўлган бўлса-да, унинг ижобий тарафлари ҳам бўлган. Масалан, совет даврида Марказий Осиё аҳолисининг таълим даражаси жуда юқори бўлган. Бугунги кунда Тожикистон ва Қирғизистон каби камбағал мамлакатларда қишлоқ болалари мактабларга бормай қўйган. Ўзбекистоннинг таълим соҳасига катта эътибор қаратаётган бўлишига қарамай, унда сиёсат устувор бўлиб қолаётир, масалан, рус тилида таълим олиш имкониятлари чекланган. Бу ўз-ўзидан салбий ҳолат бўлмаса-да, бироқ ҳозиргача ўзбек тилида берилаётган таълим даражаси рус тилида берилган таълим билан бир ҳил эмас. Лекин ҳозирга қадар уларнинг орасидаги тафовут сезиларли бўлиб қолаётир. Бундан ташқари, таълим соҳасида порахўрлик авж олган. Имтиҳонларни топшириб, университетларга кириш учун пул тўлаш кифоя, билимга эга бўлиш зарурати йўқ. Туркманистонда вазият энг ёмон бўлиб, Ашхобод раҳбарияти халқ саводсиз бўлишидан манфаатдор кўринади.
Тараққиётнинг яна бир омили – барқарорликдир. Афғонистон, сўнг Тожикистондаги вазиятнинг минтақа тақдиридаги роли жуда катта бўлди.


Фарангис Саид:

Албатта, барқарорлик – тараққиётнинг асосий омилларидан биридир. Чунки маълум бир мамлакат иқтисодиётига сармоялар ётқизмоқчи бўлган компания биринчи бўлиб айнан барқарорликни эътиборга олади.
Сўнгги 10-11 йил давомида кўплаб мамлакатлараро келишмовчиликлар, чегара низоларига қарамай, МОда барқарорлик сақлаб қолинди.
Сармоядор эътиборга оладиган яна бир омил – сиёсий ҳамда иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилаётганлигидир. Бу борада МО республикаларида жиддий силжиш йўқ, олиб борилаётган сиёсат самара бермаяпти. Демак, сармоялар ётқизилмаяпи, ислоҳотлар амалга оширилмаяпти, жўғрофий жойлашув ноқулай. Россия, Афғонистон, Эрон ва бошқа қўшнилар салбий таъсир кўрсатмоқдалар. Муаммолар кўп. Лекин нима сабабдан МО республикалари ўзаро савдо-сотиқнинг ривожланишига йўл қўймаяптилар? Аҳолининг бир ҳудуддан бошқасига ўтиб, савдо билан шуғулланишига тўсиқлар, сунъий тўсиқлар яратяптилар, виза режимлари жорий этдилар, чегараларда миналар ўрнатдилар?
Сўз яна Харвард Университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ дастури директори, “Озодлик” радиосининг тўртинчи студияси меҳмони Жон Шоберлайнга.

Жон Шоберлайн:

Бу масалада Ўзбекистон ўрни жуда муҳимдир, чунки у минтақанинг ўртасида жойлашган, МОнинг бошқа мамлакатлари Ўзбекистон билан чегарадош. Барча транспорт коридорлар Ўзбекистон ҳудудидан ўтган. Ҳамон миллий валюта конвертациясини таъминлай олмай келаётган расмий Тошкент савдо-сотиқ борасида тўсиқлар яратмоқда, чунки АҚШ долларининг расмий курси билан қора бозор курси орасидаги тафовут мавжудлиги барча савдо операцияларининг тадбиркорлар учун зиёнли бўлишига сабаб бўлаётир. Савдо фақат ҳукумат томонидан конвертацияни амалга ошириш имтиёзи берилган компаниялар ва идоралар учун фойдали бўлиши мумкин. Пахта – Ўзбекистон валюта заҳирасининг асосий манбаси. Уни сотиш ҳуқуқи ҳам айрим идораларга берилган. ҳолос Бундай амалиёт натижасида эса ушбу идоралар ва баъзи шахслар бойишяпти. Бу Ўзбекистон молиявий тизимининг инқирозга учраганидан дарак беради. Бироқ, шуни айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон бундай сиёсат олиб бораётган ягона давлат эмас. Минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам ҳукуматлар валюта заҳиралари манбаси бўлмиш товарлар ёки хом-ашё савдосини назорат қиладилар. Савдодан олинадиган фойда айрим мансабдорлар чўнтакларига тушар экан, бу бозор иқтисодиётининг барпо этилишида тўсиқ бўлаётир. Раҳбарлар эса халқ ҳақида эмас, ўз чўнтаклари ҳақида қайғурадилар. Шундай қилиб, сиёсий элита манфаатлари оддий халқ манфаатларига зиддир. Асосий муаммо айнан шу бўлиб, унинг сабаби демократиянинг йўқлиги, яъни халқ учун раҳбарлардан ислоҳотларни амалга оширишни талаб қилиш имконлари йўқлигига бориб тақалади.


Фарангис Саид:

Вазиятни қайси йўл билан ўзгартириш мумкин? МО мамлакатлари орасида ҳамкорлик ва сиёсий-иқтисодий интеграцияни амалга ошириш орқали ҳозирги иқтисодий-ижтимоий қийинчиликларни бартараф этиш мумкинми? Бу энг қулай йўл эмасми?

Жон Шоберлайн:

Ҳа, менинг фикримча, иқтисодий интеграция иқтисодий ўсиш ва фаровонликнинг асосий омилидир. Мисол учун, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудларида жойлашган Фарғона водийсини оладиган бўлсак, бу мамлакатлар иқтисодиётлари бир-бирига боғлиқ бўлиб, у ерда яшовчи одамлар азалдан водийнинг бир қисмидан бошқа қисмига бориб, ишлашга, савдо қилишга одатланганлар. Маҳаллий савдо, иш кучи миграцияси яхши ривожланган бўлган. Ҳозир эса виза режимлари ва бошқа тўсиқлар мавжуд. Ўз мамлакатида иш топа олмаган ўзбекистонлик қўшни республикага боришни истайди ва бунга ҳаракат қилади, лекин расмийлар томонидан таъқиб қилинади. Чегарасиз савдо миллий иқтисодиётларга катта фойда келтириши мумкин.
Мустақилликнинг илк йиллариданоқ МО лидерлари бирга йиғилиб, турли соҳалардаги ҳамкорлик ва интеграция ҳақида гапиришга одатланганлар. Бу баёнотлар қоғозда чиройли кўринса-да, амалда вазият бутунлай бошқача бўлиб қолаётир. Уларнинг ҳохишлари ҳақиқатдан ҳам самимийлигига ишониш қийин, чунки республикалар орасида тўсиқлар яратилганидан фойда олаётган расмийлар йўқ эмас. Мамлакатлар эса бундан азият чекмоқдалар.


Фарангис Саид:

Жаноб Шоберлайн, “Озодлик” радиосининг азиз мухлислари, энди эса тўртинчи студияда бўлиб ўтаётган суҳбатимизни сўнгги пайтларда кўп муҳокама этилаётган бир мавзуга бурсак. У ҳам бўлса АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлардир. АҚШ қўшинлари Ўзбекистон ҳудудида жойлаштирилганлар. Мени қизиқтираётгани - бу қанча вақт давом этишидир.

Жон Шоберлайн:

Мен ҳам бу саволга жавобни билишни истардим. Қўшинлар Ўзбекистонга киритилганида, бу узоқ вақт давом этмаслиги, фақат Афғонистондаги амалиётлар даври мобайнида бўлиши айтилган эди. Лекин бу аслида узоқроқ давом этиши аниқ. Менинг ўйлашимча, АҚШ қўшинларининг МО мамлакатлари ҳудудларида жойлаштирилишининг сабаби Афғонистондаги амалиётлар бўлмаган. Асл сабаб – турли мамлакатларда ҳарбий базаларга эга бўлиб, келажакда зарурат туғилганида, улардан фойдаланиш имконига эга бўлишдадир. АҚШда бундай режалар устида ишлаётган одамлар илгари ҳам бўлган. Улар аксил-террор кампанияси даврида пайдо бўлган имкониятдан фойдаландилар, ҳолос. Бу қанча давом этиши бир неча омилга боғлиқ бўлиб, энг муҳими минтақада кузатилаётган жараёнлар эмас, балки дунёнинг бошқа қисмларидаги вазиятдир. Агар бошқа мамлакатларда ҳам ҳарбий амалиётларни амалга ошириш зарурати туғилса, АҚШ МОдан қўшинларини олиб чиқиши мумкин. Лекин бу қачон рўй беришини айтиш қийин.


Фарангис Саид:

Сўнгги 10-11 йил давомида Вашингтоннинг Марказий Осиёга нисбатан маълум бир стратегик режаси бўлмаган. Жаноб Шоберлайн, “Тўртинчи студия. Экспертлар минбари” дастуримизнинг Марказий Осиё минтақавий хавфсизлигига бағишланган сонида қатнашганингизда, сиз ҳам, дастуримизнинг яна бир меҳмони, покистонлик мутахассис Аҳмад Рашид ҳам, бу фикрга қўшилган эдингиз.

Жон Шоберлайн:

Дарҳақиқат, АҚШнинг бу минтақага нисбатан маълум бир стратегияси ҳақида гапириш қийин. Вашингтонда МОга нисбатан аниқ позиция йўқ ва яқин келажакда бу ҳусусда муросага эришилиши ҳам амри маҳол. АҚШ Давлат Департаменти ва Мудофаа департаментида бу борада 11 сентябрга қадар ҳам, ҳозирги кунда ҳам ҳамфикрлик йўқ ва бўлмаган. Мудофаа департаменти қўшинлар жойлаштирилиши тарафдори бўлган бўлса, Давлат департаментининг мақсадлари кўп томонлама ёндашувга асосланган. Лекин 11 сентябр ҳодисалари Давлат департаментининг сиёсий таъсирини камайтирди. МО минтақасига нисбатан сиёсатнинг ишлаб чиқилишида Давлат департаментининг иштироки ҳам анча сустлашди. Келажакда бу борада катта ўзгаришлар бўлиш-бўлмаслигини айтиш қийин, чунки президент фақат 4 йилга сайланади. Келаси президент мутлақо бошқача сиёсат олиб бориши мумкин. АҚШнинг ҳозирги сиёсатини бир томонлама, фақат мудофаани эътиборга олаётган хавфли сиёсат, дея баҳолаб, бундай сиёсат АҚШ манфаатларини таҳлика остига қўймоқда, деб таъкидлаётган ва бу сиёсатни кескин танқид қилаётганлар АҚШнинг ўзида ҳам жуда кўп. Бундай фикр тарафдорларининг таъсири тобора ошиб бораётир. Келажакда улар катта кучга эга бўладилар, деб умид қилиш мумкин.


Фарангис Саид:

2 йилдан сўнг АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Уларда ким иштирок этиши ва ким ғалаба қозониши ҳали номаълум, бу ҳақда гапириш ҳам эрта бўлса керак. Ҳозирги Оқ Уйни, Жорж Буш маъмуриятини оладиган бўлсак, у Ўзбекистон президентини қўллаб-қувватламоқда. Ислом Каримовнинг Оқ Уй таянчига эга бўлганига ишончи комил бўлса керакки, сўнгги пайтларда унинг ўзини тутиши ҳам ўзгарган кўринади. Масалан, 7 июн куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида у ўзини ҳудди АҚШнинг энг яқин ҳамкори ва, қолаверса, Оқ Уй ишончини қозонган ва у белгилаган миссияни бажараётган шахсдек тутди. Кўп ўтмай Тошкент расмийлари Ўзбекистон ГУУАМ ташкилотидан чиқишини эълон қилдилар. Халқаро ҳамжамият бу хабарни ҳазм қилишга улгурмасидан, Тошкент “йўқ, йўқ, сиз бизни нотўғри тушундингиз, биз ГУУАМдан чиқмоқчи эмасмиз, ташкилотдаги иштирокимизни шунчаки, вақтинча тўхтатмоқчимиз, ҳолос” қабилидаги баёнотлар қилди. Кузатувчилар эса “бунда Вашингтон қўли борлиги сезилиб турибди, Оқ Уйдаги “катта ака” Каримовга қараб, “шошмашошарлик қилибсизлар-да, ундай қилманглар”, деб кўрсаткич бармоғини силкитгандек бўлди”, деган фикрлар билдирдилар. Жаноб Шоберлайн, сиз Президент Каримов хулқидаги ўзгаришларни сезяпсизми?

Жон Шоберлайн:

Дарҳақиқат, сўнгги пайтларда бундай рақсга тушишлар кузатилмоқда. Ўзбекистон Вашингтоннинг муносабатига катта эътибор билан қарайди. Москва ҳақида ҳам айнан шуни айтиш мумкин. Ўзбекистон Россия сиёсатидан мутлақо мустақил, деб бўлмайди. Расмий Тошкент ўз мустақиллигини ҳар дамда намойиш қилишга уринса-да, аслида, ҳам АҚШ, ҳам Россиянинг Ўзбекистонга таъсири жуда сезиларлидир. АҚШ баъзи ҳолларда бундай аҳволни инобатга олади ва ундан ўз мақсадларида фойдаланишга ҳаракат қилади, баъзида эса бунга етарли эътибор қаратилмайди. Вашингтоннинг энг катта камчилиги– унинг барча муаммоларга эътибор қаратишга қудрати етмаслигидадир. Яқин Шарқ, Ироқ атрофидаги вазият Оқ Уй эътиборини ўзига тортар экан, Ўзбекистон АҚШ ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлмай қолди.


Фарангис Саид:

Оқ Уй Ислом Каримовни қўллаб-қувватламоқда. Бу қанча давом этади? Қирғизистон Президенти Асқар Ақаевни оладиган бўлсак, у Каримовга қараганда анча эҳтиёткор. АҚШ қўшинлари Қирғизистон авиабазаларидан фойдаланмоқдалар, америкалик аскарлар Бишкек кўчаларида бемалол юришяпти, лекин Ақаев ҳар бир фурсатдан фойдаланиб, Россия раҳбари Владимир Путин ва Хитой раҳбариятига ҳурмат ва эҳтиром намойиш қилади, мулозамат кўрсатади, рус тилига давлат тили мақомини берди, Ҳитойга Қирғизистон ҳудудларининг бир қисмини ҳам бермоқчи, бу мамлакат ичидаги намойишларга олиб келди ва Ақаев ҳокимиятини реал таҳлика остига қўйди. Тўғри, Қирғизистон билан Ўзбекистон аҳволини солиштириб бўлмайди. Расмий Бишкек кўп сонли рус ва русийзабон диаспора, Хитой билан бевосита қўшничилик ҳақида ўйлашга мажбур. Ўзбекистон эса Хитойнинг ҳарбий ҳужумидан хавфсирамаса ҳам бўлади. Каримов мустақилликнинг илк кунлариданоқ Россиядан узоқлашиш ва ўзбекистонлик сиёсатчилар сўзлари билан айтганда, “тенг ҳуқуқли ҳамкорликни ривожлантириш” тарафдори бўлиб келган. Оқ Уй ўз эътиборини Ироқ ёки бошқа ҳудудларга қаратиб, Тошкентни асосий ҳамкор деб ҳисобламай қўйса ва қўшинларини Ўзбекистондан олиб чиқиб кетса, бу Каримовнинг позициясига қандай таъсир қилиши мумкин? Ўзбекистон раҳбари эртага “эски ҳаммом, эски тос” билан қолмайдими?

Жон Шоберлайн:

Оқ Уйнинг ҳозирги маъмурияти, яъни Буш маъмурияти Каримовни минтақадаги асосий ҳамкор этиб ҳисоблашда давом этади. Президент ўзгарганида, сиёсат қайси томонга ўзгариши номаълум. Буш ҳукумати эса муаммонинг энг содда ва осон ечимини топишга ҳаракат қилаётир. МОда ҳеч бўлмаса битта ҳамкор топишга уринар экан, Оқ Уй унинг бу мамлакат билан ҳамкорлиги минтақа мамлакатлари орасидаги муносабатларга қандай таъсир қилиши, яъни мамлакатлараро ҳамкорликка салбий таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида ўйламайди. Лекин Вашингтон олиб бораётган сиёсат салбий натижалар берса, у тезда ўзгартирилади, деб умид қилиш мумкин. Ҳозирга қадар АҚШ расмийлари минтақа билан муносабатлари қандай ривожланаётганидан мамнунлар, салбий оқибатлар ҳақида ўйламаяптилар.


Фарангис Саид:

Тошкент АҚШ қўшинларини қучоқ очиб кутиб олди ва бағрига босди. Бунга жавобан Вашингтон Ўзбекистонга 600 миллион АҚШ доллари миқдорида ёрдам ажратди. 2002 йилда эса ёрдам миқдори уч баробар кўпайтирилиши ҳақида маълумот тарқалди. Мени қизиқтираётган масала - бу пуллар қайси мақсадларда ишлатилаётганидир. Жаноб Шоберлайн, сиз буни биласизми?

Жон Шоберлайн:

Буни ҳеч ким билмаса керак. Расмийлар бу борада маълумот бермаяптилар. Ёрдамнинг аксарият қисми армия эҳтиёжларини қоплаш учун ишлатилаётган бўлса керак. Мен бу ерда ҳарбий техникани сотиб олишни эмас, балки армия жанговар шайлигини таъминлашни назарда тутяпман. Ёрдамнинг қолган қисмидан эса, одатдагидек, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва эҳтимол, исломнинг хавфли, эктремистик эмас, балки мўътадил шаклларини қўллаб-қувватлаш мақсадида фойдаланилади. Буни нотўғри сиёсат, деб бўлмайди, албатта. Одатта иқтисодий ва ижтимоий эҳтиёжлар учун ажратилган ёрдам қайси мақсадларда ишлатилаётгани назорат қилинади.


Фарангис Саид:

Пул бераётганда, маълум талабларни илгари суриб, улар бажарилаётганини назорат қилиш амалиёти қўлланилмайдими? Масалан, 600 миллиондан 100 минг доллари 10 ёки 100 нафар сиёсий маҳбуснинг озод этилганидан сўнг берилади, кейинги 100 минг – инсон ҳуқуқлари ташкилоти рўйхатдан ўтказилганидан сўнг ва ҳоказо. Вашингтон Тошкентга бундай талаблар қўйса бўлмайдими?

Жон Шоберлайн:

Йўқ, бўлмайди, чунки бу ёрдам – дўстлик рамзи бўлиб, одатда, дўстларга совға берилаётганида, ҳеч қандай талаблар қўйилмайди. Ҳолбуки, инсон ҳуқуқлари масаласи ҳар доим кўтарилади, Ўзбекистон ҳукумати эса ёрдам ва инсон ҳуқуқлари вазияти орасида узвий боғлиқлик борлигини тушунади. Тошкент расмийлари инсон ҳуқуқлари поймол этилаверса, улар бошқа ёрдам ололмасликларини яхши тушунадилар.


Фарангис Саид:

Муҳтарам муҳлислар¸ сиз “Тўртинчи студия: Экспертлар минбари” рукнимиз доирасида ҳозирланган “Марказий Осиёда Ўзбекистон: АҚШнинг номуносиб ҳамкорими?” мавзуидаги эшиттиришимизни тингладингиз. Унда Марказий Осиё масалалари бўйича таниқли мутахассис, АҚШнинг Харвард университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ дастури директори Жон Шоберлайн иштирок этди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG