Линклар

Америкалик журналист Дэниэл Пёрлни ўғирлаб, ўлдирганликда айбланаётган Сайид Шайҳ ўлим жазосига ҳукм этилди


Фарангис Саид

Покистоннинг Ҳайдаробод шаҳар суди АҚШнинг “Уолл Стрит Жорнэл” журнали мухбири Дэниэл Пёрлнинг қотили деб тан олинган шахс, Британия фуқароси Аҳмад Умар Сайид Шайҳни ўлим жазосига ҳукм этди. Қотилликни уюштиришда Сайид Шайҳга кўмаклашган Салман Соқиб, Фаҳад Насим ҳамда Шайҳ Одилни эса умрбод озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бош прокурор Ража Қурайша маҳкама жараёни тугаганидан сўнг журналистлар саволларига жавоб берар экан, ҳукмни мана бундай шарҳлади:

“Суд бирламчи жавобгар, жаноб Умар Сайид Шайҳга ўлим жазоси, қолган уч нафар жавобгарга эса умрбод озодликдан маҳрум этилиш жазосини белгилади. Уларга қўйилган айбларнинг асосийлари конспирация, эвазига пул ундириш мақсадида одам ўғирлаш, қотиллик ва ашёвий далилларни йўқ қилишлардан иборатдир”.

Эслатиб ўтамиз, “Уолл Стрит Жорнэл” журналининг Бомбайдаги мухбирлик бўлими раҳбари, ўша даврда учқичга пойафзалида портловчи модда олиб ўтиб, портлатишга уринган Ричард Рид ишини ўрганаётган Дэниэл Пёрл 23 январ куни ўғирлаб кетилган эди. Электрон почта орқали Покистон ва Ғарб ахборот агентликларига юборган мурожаатномаларида ўғрилар ўзларини Покистон суверенитетини тиклаш миллий ҳаракати аъзолари, деб таништирган эдилар. Уларнинг талабларидан бири Толибон ҳаракати ва “Ал-Қоида” ташкилотининг Кубадаги Гуантанамо ҳарбий базасида ҳибсхонада сақланаётган вакилларига яхши шароитлар яратиб беришдан иборат бўлган.

Февралда АҚШнинг Карачи шаҳридаги консуллигига Пёрлнинг ўлдирилганини исботлайдиган видеокассета юборилган эди.

Сайид Шайҳ ва унинг маслакдошлари Пёрлни ўғирлаб кетганлари ва ўлдирганларини инкор этиб, прокуратурани ашёвий далилларни сохталаштирганликда айблаб келганлар. Сайид Шайҳ Пёрлни ўғирлаганлигини бир тан олиб, сўнг яна инкор эта бошлаган.

Маҳкама жараёни 22 апрел куни Карачида бошланган, бироқ кўп ўтмай Карачи прокурорига номаълум шахслар томонидан дўқ-пўписалар қилинганидан сўнг, ишнинг кўрилиши Ҳайдаробод шаҳар судига ўтказилган эди.

Аниқланишича, 23 январ куни Британия фуқароси, Лондоннинг машҳур Иқтисодиёт мактабини тугатган Сайид Шайҳ Пёрлни Карачидаги ресторанларнинг бирига таклиф қилган, сўнг исломий экстремистлар етакчиси билан учрашувга олиб кетган. Ундан сўнг “Уолл Стрит Жорнэл” журнали мухбирини ҳеч ким кўрмаган.

Уч ой давом этган маҳкама ўз ниҳоясига яқинлашган сари жавобгарлар адвокатлари ҳамда Ҳайдаробод аҳолиси орасидаги хавотирлар кўчайиб борди. Суд ҳукм чиқарадиган куни эса суд биноси рўпарасида юзлаб одамлар
тўпланди, тартибни сақлаш учун полиция чақирилди.

Суд ҳукми эълон қилинганидан сўнг бош прокурор Сайид Шайҳнинг уч маслакдошига ҳам ўлим жазосини ҳукм этишни талаб қилажагини баён этди.

“Уолл Стрит Жорнэл” журнали мухбири Дэниэл Пёрлнинг собиқ бошлиғи Стивен Голдстейн маҳкама юзасидан шарҳ берар экан, суд чиқарган ҳукмни “тўғри йўналишда қўйилган қадам”, дея баҳолади. “Дэниэл Пёрл хотирамизда абадий қолади. Уни ўғирлаб, ўлдирганларнинг бари адолатли равишда жазоланишига умид қиламиз”, - деди Голдстейн.

Сайид Шайҳ адвокатлари эса ишни апелляция, яъни қайта кўриб чиқишга бериш ниятини билдирар эканлар, бунинг учун уларда 7 кун борлигини айтдилар.

Шайҳ адвокати Ража Башир АҚШ ҳукуматини мусулмонларга қарши сиёсат олиб бораётганликда айблаб, жиноий ишда келтирилган ашёвий далиллар ишончли бўлмаганини таъкидлади. Айни вақтда адвокат “Покистон Президенти Первез Мушарраф Ҳайдаробод судига босим кўрсатган”, деб, судни “Мушарраф қўғирчоғи”, деб атади.

Бош прокурор Қурайша эса “маҳкама жараёни адолатли бўлганига шубҳа йўқ”, дер экан, барча келтирилган далиллар асосли бўлганини таъкидлади.

Судья Ашраф Али Шоҳ Пёрл қотилларини 2 миллион рупия (қарийб 33 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима тўлашлари ҳақида қарор чиқариб, бу пуллар Пёрл беваси Мэриэнга берилажагини маълум қилди.

Покистон ҳукумати эса исломий экстремистлар томонидан норозилик намойишлари уюштирилишидан хавотирланиб, Ҳайдарободда хавфсизликни таъминлашга ҳаракат қилди. Масалан, 2000 маҳбус сақланаётган қамоқни қўриқлашга 500 полициячи жалб этилди.
XS
SM
MD
LG