Линклар

"ЎЗБЕКИСТОН ИСЛОМИЙ ҲАРАКАТИ" ЖАНГАРИЛАРИ ПОКИСТОНДА

  • Ҳурмат Бобожон

Гувоҳларнинг маълумот беришларича, улар сўнгги икки ой давомида Покистондаги "Ал-Қоида" ва толибон гуруҳлари сафида Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларининг ҳам борлигини кузатишган. Жумладан, покистонлик журналист Ориф Жамолнинг (Arif Jamal) "Евроэйшанет"га (Eurasianet) ёзишича, Покистондаги радикал исломий гуруҳлар Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларини ўз панохига олган. Ориф Жамолга кўра, ўзбекистонлик жангарилар Покистон тасарруфидаги Кашмир минтақасидаги айирмачи гуруҳлар сафида ҳам кураш олиб боришмоқда экан.
Покистоннинг Афғонистон билан чегара ҳудудларида яқинда бўлиб ўтган икки қуролли тўқнашув, у ердаги исломий гуруҳлар таркибида кўплаб ҳорижлик жангарилар, шу жумладан Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларининг ҳам борлигини тўла исботлади. Жумладан, Афғонистон - Покистон чегара ҳудудида жойлашган Вазиристон минтақасида 26 июн куни бўлиб ўтган отишмалар давомида отиб ўлдирилган икки жангари чеченистонлик экани аниқланди. 3 июл кунги яна бир қуролли тўқнашув давомида эса Покистон хавфсизлик кучлари Пешаворда тўрт ислом жангарисини отиб ўлдиришади. Тўртталасининг ҳам келиб чиқиши ўзбек бўлгани тасдиқланди. Маълумотларга кўра, "Ал-Қоида", толибон ва Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари мазкур ҳудудларда қайтадан бирлашиб қўшни минтақаларга тарқалмоқда. Ўз исмини ошкор этишни истамаган покистонлик автомобил ҳайдовчисининг гувоҳлик беришича, у ўз машинасида бир қанча араб жангарисини Покистоннинг Эрон билан туташ ҳудудларига олиб ўтган. Гарчи, кўплаб араб жангарилари Покистонни тарк этишган бўлсаларда, қочишга имкони йўқ ўзбеклар ва чеченлар мамлакатнинг Панжоб ва Синд вилоятларида яшриниб ётгани ҳақида маълумотлар бор. Бунга аниқлик киритиш мақсадида покистонлик таҳлилчи Доктор Аҳмад Рашидга (Akhmad Rashid)телефон орқали боғландим.

(Мухбир) Жаноб Рашид, сўнгги пайтларда Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари Покистонда анча фаоллашиб қолгани ҳақида хабарлар бор. Сизнингча, бу хабарлар нақадар ҳақиқатга яқин ?

(Аҳмад Рашид) Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларининг "Ал- Қоида" ва толибон гуруҳлари сафида фаолият олиб бораётгани ҳақида хабарлар бизгача етиб келган. Январ ойида Афғонистоннинг Тора-Бора ва Шоҳи-кот ҳудудларида террорчиларга қарши олиб борилган шиддатли жанглар оқибатида улар Покистонга, аниқроғи Пешаворга қочиб ўтишга улгуришган. Ишончли манбалардан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчиси Тоҳир Йўлдош ҳам Покистон жангари гуруҳларининг бевосита кўмаги туфайли Пешавордан паноҳ топгани аниқ.

(Мухбир) Жаноб Рашид, август ойи яқинлашар экан, Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Марказий Осиёга ҳуружлари яна такрорланиши мумкинми, деган ҳавотирлар пайдо бўлмоқда. Жумладан, "Кришн Сайнс Монитор" ("Christian Science Monitor") газетасининг ёзишича, Ўзбекистон исломий ҳаракати Покистонда қайтадан бирлашиб, Афғонистон орқали Марказий Осиёга янги ҳуружларни ҳозирламоқда экан. Айтингчи, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Марказий Осиёга бу йил ҳам қуролли ҳужумлар уюштириш хавфи борми?

(Аҳмад Рашид) Марказий Осиёга хавф ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Бироқ бу таҳдид олдинги йиллардаги каби жангари гуруҳларнинг Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга қилган қуролли ҳужумлардан кўра, кўпроқ террорчилик кўринишида бўлиши мумкин. Таҳминимизча, Ўзбекистон исломий ҳаракати Марказий Осиёда ўзининг кучли тармоғига эга ва бу тармоқ ҳали ҳам ўз салоҳиятини йўқотмаган. Афғонистонда олиб борилган аксил – террор амалиётлари давомида уларнинг бу ердаги харбий истеҳкомларига анча талофат етди. Шунинг учун Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари тўғридан-тўғри ҳужумларни уюштиришга қодир дея олмайман. Ҳозир улар тарафидан қуролли ҳуружлардан кўра террорчилик ҳаракатлари содир этилиши хавфи бор. Террорчилик ҳаракатлари учун эса биринчи нишон Марказий Осиё давлатларида жойлаштирилган Америка ҳарбий базалари бўлиши мумкин.

Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Қозоғистон яқин кунлар ичида тўрт нафар Ўзбекистон исломий ҳаракати фаолини Тошкентга топшириши керак. Қозоғистон ички ишлар вазири Каирбек Сулаймоновга (Kairbek Sulaymonov) кўра, ушланганларнинг икки нафари Жума Намангоний гуруҳлари фаоли бўлишган. Гарчи олдинроқ, Намангонийнинг ўлгани ҳақида хабарлар тарқалган бўлсада, эндиликда унинг ҳали ҳам тирик экани,у ўз отрядини қайтадан бирлаштиришга уринаётгани ҳақида айтилмоқда. Жумладан, Кришн сайнс мониторнинг ёзишича, террорчи гуруҳларнинг радио сўзлашувлари илғаб олинганида Намангоний номи тез-тез тилга олингани бу таҳминлар ҳақиқатга яқинроқ экани кўрсатмоқда. Суҳбатдошим Аҳмад Рашидга кўра, то унинг суяги топилиб, қаерга кўмилгани аниқланмас экан, Намангоний ўлганидан кўра тирик экани ҳақида таҳмин этишга тўғри келади. "Намангонийнинг ўлгани ҳақида кўпчилик айтаяпти. Ҳатто қўлга олинган Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари ҳам сўроқ давомида унинг ўлганини тасдиқлашган. Бироқ, Ўзбекистон, Тожикистон ва Россия разведка хизматлари Намангоний тирик экани ҳақида маълумотларга эга эканликларини айтишмоқда. Шу пайтгача унинг жасади, қаерга кўмилгани ноаниқ экан, Наманганий қаерда бўлиши мумкин?", - қайд этади Аҳмад Рашид.
XS
SM
MD
LG