Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:13

ҚОЗОҚ МУХОЛИФАТИ ЕТАКЧИСИ ОЛТИ ЙИЛГА МАХКУМ ЭТИЛДИ


Пайшанба куни Қозоғистон олий суди мамлакатнинг собиқ энергетика ва саноат вазири ҳамда мухолифат етакчиси Мухтор Аблязовни ўз ҳизмат лавозимини суистеъмол қилганликда ва молиявий фирибгарликда айблаб, олти йилга озодликдан муҳрум этди. Маҳкама қарорида айтилишича, Аблязов 1997 йилнинг апрелидан 1998 йилнинг октябригача вазирлик лавозимидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланган ва ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланиб келган. 39 яшар Аблаязов олти йиллик қамоқ жазоси билан бирга давлатга келтирган зарарини ҳам қоплаши керак бўлади. Қарорда айтилишича, у келтирган зарар 556 миллион тангани яъни таҳминан 3.6 миллион долларни ташкил этади.

Деярли бир ойдан кўпроқ вақт давом этган маҳкама жараёнида Аблязов ўзининг айбдор эмаслигини исботлашга ҳаракат қилиб келди. Аблязов ва унинг тарафдорлари бу айбловлар ортида сиёсий сабаблар борлигини айтишмоқда. Қозиғистоннинг собиқ энергетика ва саноат вазири Мухтор Аблязов ўтган йилнинг ноябр ойида Қозоғистон демократик танлови партиясига асос солганидан сўнг, унга нисбатан тазйиқлар кучая бошлади. Ушбу партиянинг яна бир асосчиси, Павлодарнинг собиқ хокими Ғалимжон Жакиянов устидан ҳам жиноий иш қўзғатилган. Унинг иши юзасидан маҳкама душанба куни бошланди. Сиёсий мухолифат вакилларига бу каби тазйиқлар нафақат уларнинг оила-аъзоларига, балки мамлакатда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар жонлантирилишини талаб қилаётган Қозоғистон демократик танлови партиясига кучли зарба бўлди. Эслатиб ўтиш жоизки, айнан Қозоғистон демократик танлови партияси президент Нурсултон Назарбоевнинг Швецария банкида махвий жамғармаси борлигига жамоатчилик эътиборини қаратган эди. Аблязов тарафдорлари маҳкама қарорига нисбатан ўз норозилигини билдиришмоқда. Жумладан, парламент депутати ва айни пайтда Қозоғистон демократик танлови партияси кенгаши аъзоси Серикбўлсин Абдилдин Озодлик мухбирига берган интервьюсида Аблязов ва Жакияновлар жиноий ишлардан йироқ бўлишганини айтади.

"Биз яна бир бор қайтариб айтамиз, эндиликда миллий қаҳрамон бўлиб улгурган бу икки мард йигит устидан қилинаётган бемани ишлар сиёсий буюртмадан бошқа нарса эмас". Аблязовга нисбатан суд ҳукми ўқилар экан у залда ўтирган турмуш ўртоғига тез-тез жилмайиб қарар уни овунтиришга ҳаракат қилар эди. Ниҳоят маҳкама ўзининг сўнгги сўзини ўқиди. Аблязов мол-мулки давлат хисобига мусодара этилиб, олти йилга махкум этилди. Шунингдек у қамоқ жазосини ўтаб бўлганидан кейин икки йил давомида давлат лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам махрум бўлди. Ҳеч қандай шикоят ва арз-даволарга ўрин йўқ.

Аблязов деярли бир ой давомида ҳукумат қурбони бўлганини таъкидлаб келди. Унинг айтишича, энергетика ва саноат вазири лавозимини эгаллаб турган пайтда Қозоғистон иқтисодини кўтаришда ва мамлакатда демократик институтларнинг қарор топишига кўп ҳисса қўшган. Аблязов Қозоғистон Президенти Назарбоевни демократик ислоҳотларни пайсалга солаётгани учун танқид қилиб келди. Ҳозирча, Мухтор Аблязов адвокатлари суд ҳукми юзасидан ўз сўзларини айтишгани йўқ. Чунки суд ҳукмини ўзгартиришга уринишлар бефойда эканини улар тушунишида. Адвакат Галина Немировскаяга кўра, маҳкама қарори ўқилиши билан суд хукми ижро этилади. Бироқ инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи қатор халқаро ташкилотлар, ғарб давлатлари Қозоғистондаги сўнгги жараёнлар, жумладан Аблязов ва Жакияновлар устидан бўлаётган маҳкама юзасидан ташвишланиш билдиришмоқда. Пайшанба куни Вашингтонда чиқиш қилган АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Ричард Бoучер (Richard Boucher) Қозоғистонда сиёсий мухолифатга босимлар кучайтирилаётгани бу ердаги демократик жараёнларни хавф остига олишидан огоҳлантирди.

"Қозоғистондаги сўнгги жараёнлар бизни ниҳоятда ташвишлантирмоқда. Айниқса сиёсий партиялар фаолиятини чекловчи қонунларнинг қабул қилингани таажубланарли холдир. Мамлакатда мухолифат вакилларига ва мустақил матбуотга тажоввузлар ҳамон давом этяпти. Бундай тазйиқлар Қозоғистонда демократик жараёнларга жиддий путур етказиши мумкин", - деб таъкидлади Баучер.

Жакиянов устидан маҳкама шу ойнинг оҳирларига қадар давом этиши мумкин. Бироқ унга қамоқ жазоси белгиланиши даргумон. Чунки шу йилнинг март ойида Франция элчихонасига қочиб кириб олганида у қамоққа тортилмаслик шарти билан элчихонадан чиқариб олинган эди. Бироқ, кузатувчилар, Қозоқ ҳукумати расмийлари ваъдаси устидан чиқишига ишончсизлик билан қарашмоқда. Чунки Павлодарда уй қамоғида ўтирган Жакиянов шу йилнинг апрель ойида махсус полиция тарафидан хибсхонага олиб ўтилган эди.
XS
SM
MD
LG