Линклар

Исроил – Фаластин музокаралари бугун кечқурун қайтадан бошланади.


Рейтер ахборот агентлигининг Исроил сиёсий доираларига таяниб хабар беришича, Ташқи ишлар вазири Шимон Перес ҳамда ҳукумат аъзоси Дани Наве бошлиқ Исроил делегацияси Фаластин мухторияти бош музокарачиси Саэб Эракат билан учрашади. Бўладиган сўзлашувлар давомида Исроилнинг Фаластин ҳудудларида жорий этган ҳарбий ҳамда иқтисодий қамал холатларини юмшатиш масаласи кўрилади. Эслатиб ўтамиз, мазкур сўзлашувлар 11 исроилликнинг ўлимига сабаб бўлган чоршанба кунги террорчилик ҳаракатларидан сўнг тўхтатилган эди. Исроил махсус хизматлари ушбу террорчилик ҳаракатларини содир этганликда гумон этилаётган Фаластин жангариларининг қариндошларини сўроқ қилмоқда. Агар ҳақиқатан ҳам гумон этилаётган террорчиларнинг айби исботланса уларнинг қариндошлари Исроил тарафидан Ғазо секторига бадарға қилиниши мумкин. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, АҚШ ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар Исроилнинг бундай қарорини танқид остига олмоқда. Жумладан, "Ҳуқуқий жамият" деб номланувчи Фаластин инсон ҳуқуқлари ташкилоти террорчиларнинг қариндошлари бадарға қилиниши юзасидан Исроил олий судига арз-даво билан мурожаат этган.
XS
SM
MD
LG