Линклар

“Афғон қўмондонларининг АҚШ ҳарбийларига нотўғри разведка маълумоти бергани тинч аҳоли ўртасидаги талофатларга сабаб бўлди”.

  • Ҳасанжон

Афғонистоннинг жанубий қисмидаги қабила бошлиқлари декабр ойида янги сайланган муваққат ҳукумат бошлиғи Ҳамид Карзай билан учрашиш учун Кобулга кетаётган пайтида АҚШнинг Б-52 русумидаги учқичлари уларни бомбардимон қилганидан хабарингиз бор. Ўшанда расмийлар, қабила оқсоқоллари кетаётган автомобил карвонида “Ал-Қоида” ва толиблар жангарилари ҳам борлигига ишонган эдилар. Ушбу воқеада омон қолганларнинг айтишича, бомбардимон бошланишидан бир неча дақиқа олдин азалий душманлари бўлган паштун миллатига мансуб қўмондон Подшоҳ Хон Задраннинг одамлари текширув пунктида уларни тўхтатган. Ўша пайтда Задран Афғонистоннинг жануби-шарқий қисмидаги АҚШ иттифоқчиларидан бири бўлган. Бомбардимондан тирик қолганлар, Задран ўз душманларидан ўч олиш мақсадида автомобил карвонида толиблар ва “Ал-Қоида” аъзолари бор эканини айтиб, АҚШ учқичларини атайлаб хужум қилиш учун чақирганини даъво қилдилар.

АҚШ расмийлари, ўша пайтда нотўғри разведка маълумоти келган бўлиши мумкинлигини тан олдилар. Машъум воқеадан кейин ўтган ойлар ичида Задран Пактия вилояти маркази Гардез шаҳрида яшовчи аҳолини бир неча бор ракета ва тўплардан ўққа тутиб жанжални давом эттирди. Бунинг оқибатида Вашингтон расмийлари очиқдан-очиқ Задран билан ҳамкорлик қилишдан йироқлашди. Ҳозир Задран АҚШнинг иттифоқчиси ҳисобланмайди. У қаердадир яшириниб юрибди ва халқаро коалиция кучлари бир пайтлар муҳим иттифоқчи бўлган Задранни таъқиб қилмоқда.

АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция кучлари бир неча ойдан бери Афғонистонда аксил террор кампаниясини олиб бормоқда. Бироқ Подшо Хон Задран воқеаси, қўмондонларнинг ўзбошимчалиги коалиция кучларининг афғон халқи руҳи ва қалбига кириб бориш йўлидаги уринишига таҳдид солиши мумкинлигига ёрқин мисол бўла олади.

19 июл куни Британия аскарлари 6 ойга мўлжалланган Афғонистондаги вазифани муваффақиятли бажариб ўз ватанларига қайтдилар. Британия қуролли кучлари офицери лейтенант Дан Венаблес Кобул шаҳрида: “Биз бу ерга жанг қилишга тайёр бўлиб келган эдик. Аммо бундай хол юз бермади. Биз бу ерда кўпроқ гуманитар мақсадлардаги вазифани бажариб, уни муваффақиятли тугатдик”,-деди.

Афғонистонда АҚШнинг чекланган сондаги махсус ҳарбий кучлари ҳаракат қилгани сабабли толиблар ва “Ал-Қоида” жангариларини таъқиб қилишда коалиция кучлари асосан маҳаллий қўмондонларга таяниб иш тутди. Ушбу қўмондонларга пул тўланди, улар тайёргарликдан ўтказилди ва баъзи холларда АҚШ хатто уларни қурол билан ҳам таъминлади. Бироқ афғон қўмондонлари қуруқлик нишонлари ҳақида АҚШ харбийларини нотўғри разведка маълумотлари билан таъминлагани воқеалари фош бўлмоқда. Ўзаро душман афғон қўмондонлари шахсий манфаатлари йўлида коалиция кучларига ёлғон разведка маълумотлари бериб бир-бирлар билан ҳисоб-китоб қилганлари маълум бўлди.

Бунга мисол қилиб, шу ой бошида юз берган воқеани келтириш мумкин. Ўшанда Ўтиш даври ҳукумати бошлиғи Ҳамид Карзайнинг яқин дўсти ва қабиладоши хонадонида тўй олди маросими бўлаётган пайтда АҚШга қарашли вертолетлар ва АС-130 русумидаги тўплар уларни ўққа тутган. Натижада 50дан ортиқ тинч аҳоли нобуд бўлган. Ўрузгон минтақасида рўй берган ушбу воқеага ҳам афғон қўмондонларининг нотўғри разведка маълумоти бергани сабаб бўлган. АҚШ расмийлари ушбу кўнгилсиз воқеа юзасидан текшириш олиб бормоқда.

Карзай “Озод Европа - Озодлик” радиосига берган интервьюсида, хонадони ўққа тутилган ўша дўсти бир қанча вақт олдин ўз ҳаётини сақлаб қолганини, ҳужум уюштиришга чақирган қуруқликдаги афғон қўшинлари Карзайнинг Папалзай қабиласига душман гуруҳ эканини айтди.

“Нью Йорк таймс” газетаси ўтказган текширувга кўра, сўнгги олти ой давомида 11та нишонга қарши уюштирилган ҳужум натижасида 400дан ортиқ тинч аҳоли қурбон бўлган.

Ҳамид Карзайнинг матбуот котиби Тайиб Жавад АҚШ ҳарбийлари стратегияси хусусидаги танқидларни рад этди ва нотўғри разведка маълумотлари тинч аҳоли ўртасида қурбонлар сони ортишига сабаб бўлишини айтди.
XS
SM
MD
LG