Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:42

Исроил томонидан қилинган ҳаво ҳужуми оқибати Хамас гуруҳининг лидери ва бошқа 10 дан ошиқ одам ҳалок бўлди.


Акрам Файзулло

Ўтган ҳафтада икки фаластинлик ўзларини бомба билан портлатиб ҳужумлар қилишганидан кейин сешанба куни Исроил томонидан амалга оширилган ракета хужуми минтақада бир ой давом этган нисбий осойишталикни бузди. Исроил бош вазири Ариэл Шарон ўз кучларини сешанба кунги ҳаво ҳужуми муваффақиятли бўлгани билан табриклади. Ҳужум оқибатида фаластинликларнинг радикал Хамас гуруҳи ҳарбий лидери Шайҳ Салоҳ Шеҳода ва бошқа камида 13 одам ҳалок бўлди. Исроил учқучи Ғазо шаҳрида Шеҳода яшаган турар-жой биносига ракета отди, натижада унинг рафиқаси ва қизи ҳам нобуд бўлди. Фаластин шифохонаси ходимларининг айтишларича, сешанба эрталабки ҳаво ҳужуми оқибатида 8 бола ва кўплаб фуқаро нобуд бўлган ва яна камида 145 кишига тан жароҳати етган. Аммо Шарон ўз кабинети учрашувида амалиëт буюк муваффақият бўлганини айтди.
“Биз фуқароларга ҳужум қилишни истамаймиз ва фуқароларга зарар етгани хақда ҳар доим афсусланамиз. Аммо менинг фикримча, мазкур амалиëт буюк мувофақиятлардан биридир”, дейди Ариэл Шарон. Фаластин информация вазири Ясир Абед Раббо аҳоли зич жойлашган маҳаллага қилинган ҳужумни уруш жинояти, деб атади. Хамас гуруҳи бир баëнот тарқатиб, ҳар бир ресторанда, ҳар бир автобус бекатида ва ҳар бир автобус ичида исроилликлардан ўч олиши хақда ваъда берди. Хамас гуруҳининг маънавий лидери Шайҳ Аҳмад Ясин сешанба куни Ғазо шаҳрида сўз юритиб,
“Исроил томонидан содир этилган мазкур қирғин-баротга шунчаки қуруқ гап билан муносабат билдирмаймиз. Биз бунга амалий ҳаракатлар билан жавоб қайтарамиз”, - деди.
Хамас гуруҳи матбуот вакили Абдул Азиз ал-Рантиси ҳам Исроил томонидан қилинган ҳаво ҳужуми учун ўч олиниши хақда огоҳлантирди.
“Шароннинг буйруғига кўра содир этилган ушбу қирғин-барот минтақада зўравонликни оширишга қаратилгандир ва Шарон Хамаснинг бунга жавобан қиладиган ҳужумларига тайëрланиши керак”, - деди.
Фаластин расмий вакили Саеб Эрекатнинг айтишига қараганда, Яқин Шарқ тинчлик жараëнини қайта тиклаш масаласини муҳокама қилиш музокаралар бошланар экан, Шарон бу хатти-ҳаракат билан ракеталар, қуроллар, Ф-16 русумидаги ҳарбий учқучлар орқали зўравонлик қилишини яна бир бор кўрсатган. У яна ўз сўзида давом этиб,
“АҚШ президенти Жорж Буш Исроил ҳукумати томонидан Фаластин ҳалқига қарши бундай қирғин-баротлар, уруш жиноятлари ва давлат террори содир этилаëтганини қоралашини вақт-соати етиб келганини” – айтди.
Миср ташқи ишлар вазири Аҳмад Махер ҳам президент Бушни Исроилнинг ҳаво ҳужумини қоралашга ва бундай ҳужумлар такрорланишига йўл қўймаслик учун чоралар кўришга чақирди. Европа иттифоқининг ташқи муносабатлар бўйича расмий вакили Хавиер Солана ва мамлакати ҳозир иттифоққ президентлик вазифасини бажараëтган Дания ташқи ишлар вазири Пер-Стиг Муллер Исроилнинг ҳаво ҳужумини қораладилар. БМТ бош котиби Кофи Аннан ҳам Исроил ҳукуматини бу ҳужум бегуноҳ фуқароларнинг ўлимига сабабчи бўлгани учун танқид этди.
XS
SM
MD
LG