Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:40

Путин ташқи сиёсати самара бермоқда


Фарангис Саид

2000 йилнинг охирида Россия президенти этиб Владимир Путин сайланди. Ёш, ғайратли, реалистик кўз-қарашларга эга президент Россиянинг собиқ “укалари”га нисбатан сиёсатини ўзгартиришга қарор қилди.

Борис Ельцин даврида Россия ҳамон ўзини собиқ Иттифоқ республикаларига нисбатан “ака” деб ҳис қилган, Совет иттифоқининг асосий меросхўри сифатида бунга ҳақли, деб ҳисоблаган эди. Лекин бундай ёндашув янги сиёсий ва, муҳими, иқтисодий воқеъликка эмас, балки илгариги геосиёсий манфаатларга асосланган ёндашув бўлган. Кремлнинг бундай сиёсати янги мустақил суверен давлатларда қаршилик туғдирди ва уларнинг кўплари Москвадан узоқлашишга ҳаракат қилдилар. Бу эса Россиянинг собиқ Совет иттифоқи ҳудудидаги манфаатлари таъминланмаётганига олиб келди. Бир тарафдан Москва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги аъзоларига иқтисодий ёрдам кўрсатиш кераклиги, ҳусусан уларга газ ва нефтни жаҳон бозоридаги нарҳлар эмас, пастроқ нарҳлар бўйича сотиш лозимлигини тан олиб, баъзида бунга интилган бўлса-да, бошқа тарафдан унинг иқтисодий ёрдам ажратиб, бу билан пост-совет маконида устиворлик ва етакчилик мақомини сақлаб қолиш учун қудрати етмас эди. Мана шундай иқтисодий ҳамда сиёсий сабабларга кўра, Россия ва Украина ўртасига совуқлик тушди. Уларнинг газ савдоси ҳамда Қора денгиз флоти устидаги можаролари доимий бўлиб қолди. Бундан ташқари Москва Озарбайжон билан Каспий заҳиралари устида, Молдова билан Приднестровье мақомини аниқлаш устида баҳслашди.

Собиқ совет республикаларининг баъзилари Россия таъсирини камайтиришга интилиб, ундан иложи борича узоқлашишга ҳаракат қилдилар ва Ғарб таянчини изладилар. Бундай изланиш ва ҳаракатлар натижасида ГУУАМ гуруҳи дунёга келди. У айнан Россия устуворлигига қарши чиққан Грузия, Украина, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Молдовадан таркиб топган эди.

Россияда янги президент сайланганидан кейин вазият ўзгара бошлади. Президент Путин Кремлга кириши билан Россия ташқи сиёсати ўзгариши кераклигини тан олди ва бу йўналишда ишлай бошлади. Путиннинг МДҲга нисбатан сиёсати прагматизм ва реализмга асосланди.

Ҳозирги кунга келиб бундай сиёсат ўз самарасини бера бошлади. Масалан, Россия Қозоғистон билан Каспий денгизидаги чегараларни аниқлаб олиб, денгизнинг шимолий қисмидаги Хвалинское, Центральное ва Қурмонғози нефт конларини биргаликда ўзлаштириш ҳақдаги қарорга келди. 2001 йил июнда икки мамлакат нефт ва газ транспортировкаси бўйича келаси 15 йилни кўзлаган шартнома имзолади.

Россиянинг таъсирига энг кўп қаршилик кўрсатган ва ўз мустақиллигини ҳар бир фурсатдан фойдаланиб намойиш қилишга одатланган Ўзбекистон ҳам Россиянинг Лукойл ва Итера нефт компаниялари билан Ўзбекистон шимоли-ғарбий ва жанубий қисмларидаги нефт конлари ҳақда шартномалар имзолади. Шу билан бирга Тошкент Россия иштирокидаги Шанхай гуруҳига қўшилди.

Туркманистон президент Сапармурот Ниёзовнинг бетарафлик ва мустақиллик ҳақдаги баёнотларига қарамай, Россиянинг Газпром компанияси билан яқин алоқаларга эга.

Россиянинг МДҲ, ҳусусан МО давлатлари билан муносабатлари самара бераётганининг сабабларидан бири – Владимир Путиннинг кўп сафар қилишидадир. Борис Ельциндан фарқли ўлароқ, Путин МДҲ ҳудуди бўйлаб кўп сафар қилади. У 2000 йил 31 декабрдан бери Украинага беш марта, Беларусга уч марта, Қозоғистонга икки марта, Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Қирғизистон ва Туркманистонга бир мартадан ташриф буюрган. Бу ташрифлар давомида муҳим шартномалар ва битимлар имзоланди.

Россия ташқи сиёсатидаги прагматизм ва реализм нафақат МДҲ, балки жаҳоннинг бошқа қисмларида ҳам самара бермоқда. АҚШ етакчилигидаги аксил-террор кампанияси бошланиб, Америка қўшинлари МОда жойлаштирилганларида, Россия мудофаа вазири Сергей Иванов бунга қаршилик билдирди. Иванов баёноти Россия ҳарбий элитасининг фикрини акс эттирган эди. Бироқ прагматик Путин бу масала бўйича ўз розилигини изҳор этди. Натижада Москва душманлари – чечен жангариларига молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатаётган Ал-Қоида ва Толибон ҳаракатининг Афғонистондаги базалари йўқ қилинди.

Россия ҳукумати аъзолари ва ҳарбий расмийларининг яқинда Қирғизистон ва Тожикистонга қилган сафарлари натижасида эса келаси 7-15 йил давомида Россиянинг бу республикаларда жойлаштирилган қўшинлари сони кўпайтирилиши ҳақдаги келишувга эришилди. Келишувга кўра, Россия Қирғизистоннинг Кант авиабазасини ижарага олиши ва у ерда МДҲнинг тезкор кучларини жойлаштириши кўзда тутилган.

Бошқа маълумотларга кўра, Россиянинг 201- моторлаштирилган ўқчи дивизияси ва чегара қўшинлари Тожикистонда доимий ҳарбий базага эга бўлишлари ҳақида келишилган.

Демак, ҳам Россия, ҳам АҚШ Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларида бир биридан 20 километр масофада жойлашган ҳарбий базаларга эга бўладилар.

Буни ва АҚШ қўшинларининг Ўзбекистон ва Афғонистонда жойлаштирилганлиги инобатга олинса, Россиянинг ҳозирги ташқи сиёсати ҳақиқатан ҳам прагматизм ва реализмга асосланган эканидан шубҳа қолмайди.
XS
SM
MD
LG